Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Давлат Эрмитажи ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Россиянинг етакчи илмий ва маданий муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада Россиянинг машҳур музейларидан бири — Давлат Эрмитажи билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш режалаштирилган. Мазкур келишув илмий тадқиқотлар, қўшма кўргазмалар, реставрация ва музейшунослик йўналишларида янги имкониятлар очиши кутилмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори илмий маслаҳатчиси Турсунали Қўзиев Москва шаҳрида бўлиб ўтган III “Келажакни яратиш” халқаро симпозиуми доирасида маълум қилди. 100 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этган халқаро анжуман доирасида Марказнинг Россия илмий ва маданий муассасалари билан ҳамкорлиги, истиқболдаги қўшма лойиҳалар ҳақида сўз борди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Марказ Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти, Россия Миллий кутубхонаси, Қозон федерал университети, Россия мусулмонлари диний бошқармаси ҳамда “Россия” миллий маркази билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Давлат Эрмитажи билан режалаштирилаётган меморандум эса мазкур алоқаларни янги мазмун билан бойитишга хизмат қилади.
Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири қўлёзмалар, архив ҳужжатлари ва тарихий манбаларни биргаликда ўрганиш, улар асосида илмий тадқиқотлар олиб боришдан иборат. Шунингдек, археологик изланишлар, музей экспозицияларини такомиллаштириш, рақамли коллекциялар яратиш ва замонавий мультимедиа дастурларини ишлаб чиқиш масалалари ҳам истиқболдаги ҳамкорлик режаларидан ўрин олган.
Айниқса, Россиялик олим ва мутахассисларнинг Марказий Осиё тарихи, Шарқ қўлёзмалари, археология, исломшунослик ва санъат тарихи соҳаларидаги илмий тажрибаси муҳим аҳамиятга эга. Ушбу салоҳиятдан самарали фойдаланиш тарихий манбаларни чуқур тадқиқ этиш, ноёб артефактларни илмий жиҳатдан ўрганиш ва уларни замонавий музей технологиялари орқали кенг тарғиб қилиш имконини беради.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Давлат Эрмитажи билан ҳамкорлик фақат кўргазма ва илмий тадбирлар ташкил этиш билан чекланмайди. Аввалроқ Эрмитаж мутахассислари кўмагида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида реставрация бўлими ҳамда тарихий артефактларни ўрганиш ва қайта тиклашга ихтисослашган илмий-тадқиқот лабораториясини ташкил этиш масаласи ҳам кўтарилган эди.
Бундай ҳамкорлик ташаббуслари Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини чуқур ўрганиш, уни асраб-авайлаш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, шунингдек, Марказнинг жаҳоннинг нуфузли илмий ва музей муассасалари билан алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.





