Иордания делегацияси билан илмий-маърифий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Иордания Ҳошимийлар Қироллиги таълим ва инсон ресурсларини ривожлантириш вазири, профессор Азми Маҳфаза бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Делегация аъзоларини Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов кутиб олди.
Шундан сўнг меҳмонлар Марказ музей экспозициялари билан танишиб, ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк алломаларнинг жаҳон илм-фани ва тамаддуни ривожига қўшган ҳиссаси, ноёб қўлёзмалар ва тарихий артефактлар ҳақида маълумот олдилар. Шунингдек, муқаддас Каъба кисваси экспонати билан ҳам танишдилар.
Ташриф доирасида Марказнинг Анжуманлар залида расмий учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, таълим, илм-фан, маданият ҳамда умумий тарихий-маънавий меросни ўрганиш йўналишларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов учрашувда сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Хусусан, 2025 йил август ойида Иордания Қироли Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга тарихий ташрифи, Самарқанд шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев билан ўтказилган музокаралар ҳамда уларнинг натижалари бўйича имзоланган икки томонлама ҳужжатлар ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб бергани қайд этилди.
Шунингдек, Марказ директори Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мажмуанинг нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги илмий-маърифий аҳамияти, унинг турли мамлакатлар ўртасида маърифий мулоқотни ривожлантиришдаги ўрнига алоҳида тўхталди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази нафақат мамлакатимиз, балки бутун ислом оламининг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга хизмат қиладиган йирик илмий-маърифий мажмуадир. Марказнинг асосий мақсади буюк аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни замонавий ёндашувлар асосида намоён этиш, уни жаҳон ҳамжамиятига етказиш ҳамда турли халқлар ва мамлакатлар ўртасида илм-фан, маърифат ва маданиятга асосланган мулоқотни ривожлантиришдан иборат.
Биз учун Иордания Ҳошимийлар Қироллиги билан ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, Ўзбекистон ва Иордания халқларини муштарак диний қадриятлар, бой тарихий мерос, буюк алломалар ва ислом цивилизацияси ривожига қўшилган умумий ҳисса боғлаб туради. Шу боис икки мамлакатнинг илмий-тадқиқот муассасалари, университетлари, кутубхоналари ва музейлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун катта имкониятлар мавжуд.
Марказимизда ташкил этилаётган халқаро форумлар, конференциялар, илмий анжуманлар ва кўргазмалар ана шу ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилмоқда. Бу жараёнларда иорданиялик олимлар, уламолар ва маданий мерос соҳаси мутахассисларининг иштироки биз учун жуда муҳим. Келгусида қўшма илмий тадқиқотлар, қўлёзма манбаларни ўрганиш ва рақамлаштириш, кўргазмалар алмашинуви, илмий нашрлар тайёрлаш ҳамда мутахассислар тажриба алмашинувини йўлга қўйиш орқали ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилганмиз.
Ишончим комилки, бугунги учрашув ва амалга оширилаётган мулоқотлар Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаб, икки халқнинг бой тарихий ва маънавий меросини халқаро миқёсда кенг намоён этишга хизмат қилади, — деди Фирдавс Абдухолиқов.
Учрашувда икки мамлакатнинг илмий ва таълим муассасалари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, қўшма тадқиқотлар олиб бориш, қўлёзма манбаларни ўрганиш ва рақамлаштириш, музейлар ўртасида кўргазмалар алмашинувини йўлга қўйиш, илмий нашрлар тайёрлаш ҳамда мутахассислар малакасини ошириш масалалари ҳам муҳокама этилди.
Шунингдек, Марказ жамоаси томонидан 19–20 ноябрь кунлари Иордания пойтахти Аммон шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган тақдимотларга тайёргарлик кўрилаётгани маълум қилинди. Ушбу тадбирлар икки мамлакат ўртасидаги илмий ва маданий алоқаларни мазмунан бойитиш, янги ҳамкорлик ташаббусларини илгари суриш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Ўз навбатида, Иордания таълим ва инсон ресурсларини ривожлантириш вазири профессор Азми Маҳфаза Марказ фаолияти ва экспозицияларидан олган таассуротлари билан ўртоқлашди. У мажмуанинг меъморий ечими, мазмун-моҳияти ва тарихий меросни намоён этиш имкониятларини юқори баҳолади.
Бу ҳақиқатан ҳам маҳобатли ва гўзал музей. Бинонинг ўзи, экспозициялар ва бугунги тарихий саёҳат менда катта таассурот қолдирди. Тақдим этилган маълумотлар жуда мазмунли ва таълимий аҳамиятга эга. Экспозициялар орқали Ўзбекистон билан Иордания, шунингдек, бутун минтақа, ислом ва араб мамлакатларини боғлаб турган тарихий алоқаларнинг чуқурлигини ҳис қилиш мумкин.
Биз муштарак тарихга эгамиз, бир хил буюк устозлар ва олимлар меросидан баҳраманд бўлганмиз. Бу эса ўзаро муносабатларимизни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш қанчалик муҳимлигини эслатади. Ишончим комилки, ушбу ташриф таълим ва маданият соҳаларидаги алоқаларимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, — деди Азми Маҳфаза.
Вазир Марказнинг миллий тарих, диний ва маънавий қадриятларни асраб-авайлаш, уларни келажак авлодга етказишдаги аҳамиятига ҳам алоҳида тўхталди.
Менимча, ҳар бир мамлакатда шундай маскан бўлиши керак. Бундай марказлар миллий рамзлар, тарих ва дин билан боғлиқ меросни сақлаш ҳамда ёш авлодга етказишда жуда муҳим. Улар келажак авлодда миллий ғурур туйғусини шакллантиришга хизмат қилади. Бу Марказ Ўзбекистон тарихини яхлит акс эттирувчи ўзига хос тарих сабоғидир, — дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашди Иордания вазири.
Азми Маҳфаза, шунингдек, Иордания Қироли Абдулла II ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланаётганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, олий даражадаги ташрифлар ва эришилаётган келишувлар таълим ҳамда маданий алоқаларни янада кенгайтириш учун янги имкониятлар яратмоқда.
Учрашув якунида Иордания делегацияси раҳбари профессор Азми Маҳфазага Марказ номидан эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, вазир Марказнинг Фахрий меҳмонлар китобига ўз қайдини ёзиб қолдирди.
Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги тарихий-маданий муштаракликни янада чуқур ўрганиш, таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш йўлидаги муҳим мулоқот бўлди.





