Нега Мовароуннаҳр цивилизациялар чорраҳаси деб аталади?

Мовароуннаҳр — бугунги Марказий Осиё тарихида алоҳида ўрин тутган, Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги савдо, маданият, дин ва илм-фан алоқалари туташган тарихий ҳудуд. Унинг цивилизациялар чорраҳаси сифатида шаклланиши тасодифий ҳодиса эмас. Бу жараёнга географик жойлашув, халқаро савдо йўллари ва турли халқлар билимларининг ўзаро таъсири ҳал қилувчи таъсир кўрсатган.
Самарқанд, Бухоро, Термиз, Шош ва бошқа қадимий шаҳарлар тарихи шуни кўрсатадики, бу ҳудуд фақат турли халқлар учрашадиган макон бўлиб қолмаган. У янги ғоялар туғилган, билимлар бойиган ва маданиятлар бир-бирини ўзгартирган йирик интеллектуал марказга айланган.
Хўш, Мовароуннаҳрнинг бундай мақомга эга бўлишига қандай омиллар сабаб бўлган? Ушбу саволга мавзу доирасида тадқиқотчилар томонидан эълон қилинган таҳлиллар асосида жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
Жўғрофий жойлашув: Шарқ ва Ғарбни боғлаган стратегик ҳудуд
Мовароуннаҳр атамаси араб тилидаги «Мо вараъ ан-наҳр» иборасидан келиб чиққан бўлиб, «дарёнинг нариги томонидаги ер» деган маънони англатади. Бу ерда назарда тутилган дарё — Амударё. Тарихий манбаларда атама асосан Амударё ва Сирдарё оралиғидаги ҳудудларга нисбатан қўлланилган.
Ҳудуднинг географик ўрни уни қадимдан муҳим стратегик маконга айлантирган. Бир томонда Хитой ва Шарқий Туркистон, иккинчи томонда Эрон ва Яқин Шарқ, жанубда Ҳиндистон, шимолда эса Евроосиё даштлари жойлашган эди. Бу минтақалар ўртасидаги алоқаларнинг катта қисми айнан Марказий Осиё орқали амалга ошган.
Айниқса, Зарафшон, Қашқадарё, Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида шаклланган воҳалар аҳоли яшаши, деҳқончилик, ҳунармандчилик ва шаҳарсозлик ривожи учун қулай шароит яратган. Қадимги шаҳарлар эса узоқ масофали савдо йўлларининг муҳим таянч нуқталарига айланган.
Бунга Самарқанднинг тарихий ўрни яққол мисол бўла олади. ЮНЕСКО Самарқандни «Дунё маданиятлари чорраҳаси» деб эътироф этган. Ташкилот маълумотига кўра, шаҳарнинг тарихи икки ярим минг йилдан ортиқ даврни қамраб олади. Қадимги Афросиёб харобаларидаги археологик топилмалар ҳам бу ерда турли тарихий даврларда ривожланган шаҳар маданияти мавжуд бўлганини кўрсатади.
Шу маънода, Мовароуннаҳрнинг географик ўрни шунчаки харитадаги қулай жойлашув эмас, балки турли цивилизациялар ўртасида доимий мулоқотни таъминлаган тарихий имконият эди.
Буюк ипак йўли: товарлар билан бирга ғоялар ҳам ҳаракатланган
Мовароуннаҳрнинг цивилизациялар чорраҳасига айланишида иккинчи муҳим омил — Буюк ипак йўлидир.
Бу йўлни фақат Хитойдан Европага ипак олиб борилган савдо йўналиши сифатида тасаввур қилиш тарихий манзарани тўлиқ очиб бермайди. Аслида, у Осиё ва Европанинг кўплаб ҳудудларини боғлаган, бир-бирига туташган қуруқлик ва денгиз йўллари тизими бўлган. У орқали ипак, қоғоз, зираворлар, қимматбаҳо тошлар, металл буюмлар ва бошқа маҳсулотлар билан бирга технологиялар, диний қарашлар, илмий билимлар ҳам тарқалган.
Бу жараёнда суғд савдогарларининг ўрни алоҳида бўлган.
Дуньхуанда топилган қадимги суғд тилидаги савдо мактублари
Тарихий тадқиқотларга кўра, VI–VIII асрларда суғдлар Буюк ипак йўлининг энг фаол савдо тармоқларидан бирини шакллантирган. Улар нафақат Самарқанд ва Бухоро бозорларида, балки Хитойнинг Дуньхуан каби узоқ шаҳарларида ҳам фаолият юритган. Дуньхуанда топилган қадимги суғд тилидаги савдо мактублари бу алоқаларнинг ёзма далилларидан биридир. Айрим мактубларда савдо-сотиқ, товарлар, нархлар ва савдогарлар ҳаёти ҳақида маълумотлар келтирилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, суғд савдогарлари фақат товар ташувчилар эмас, балки маданий воситачилар ҳам бўлган. Улар орқали буддавийлик, зардуштийлик, монийлик ва насронийликнинг айрим йўналишлари турли минтақаларга тарқалган. Масалан, суғд тили Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо ва мулоқотда муҳим воситалардан бири бўлган.
Демак, Буюк ипак йўли Мовароуннаҳр учун фақат иқтисодий тараққиёт манбаи бўлмаган. У турли халқлар дунёқараши, урф-одатлари ва билимлари учрашган улкан маданий алмашинув майдони вазифасини ҳам бажарган.
Илм-фан ва маданият: турли цивилизациялар билимлари туташган макон
Мовароуннаҳрни ҳақиқий цивилизациялар чорраҳасига айлантирган учинчи ва энг муҳим омил — турли маданий ва илмий анъаналарнинг ўзаро уйғунлашуви бўлди.
Бу ҳудудда юнон, форс, ҳинд, хитой ва туркий халқлар маданияти, кейинчалик эса ислом цивилизациясининг илмий ва маънавий анъаналари ўзаро таъсирга киришди. Бу жараён бир маданиятнинг иккинчисини сиқиб чиқариши эмас, балки мавжуд билимларни ўзлаштириш, қайта ишлаш ва янги кашфиётлар билан бойитиш орқали кечди.
Айниқса, VIII–XII асрлар Мовароуннаҳрнинг интеллектуал юксалиш даври бўлди.
Бу даврда минтақадан етишиб чиққан алломалар нафақат ислом олами, балки жаҳон илм-фани тараққиётига ҳам улкан ҳисса қўшди.
Муҳаммад Хоразмийнинг алгебрага оид асари қўлёзмаси
Масалан, Муҳаммад Хоразмийнинг алгебра фанига асос солишдаги хизмати, Абу Райҳон Берунийнинг астрономия, география, тарих ва табиий фанлар соҳасидаги тадқиқотлари, Абу Али ибн Синонинг тиббиёт ва фалсафага оид асарлари турли цивилизациялар илмий тафаккури ривожига таъсир кўрсатди.
Самарқанд ва Бухоро эса бу интеллектуал муҳитнинг муҳим марказларига айланди. Бухорода Имом Бухорий, Самарқандда Имом Мотуридий каби буюк алломаларнинг илмий мероси ислом тафаккури ривожида алоҳида ўрин эгаллади.
Имом Мотуридийнинг ақл ва нақл ўртасидаги муносабатни илмий асосда талқин қилиши ҳам минтақада шаклланган интеллектуал муҳитнинг ёрқин намунасидир. У инсон эътиқод масалаларини англашда ақл, мантиқий мушоҳада ва ваҳийга асосланган билимни бир-бирига зид қўймаслик зарурлигини таъкидлаган.
Бу ёндашувнинг аҳамияти шундаки, у диний билимларни чуқур англаш, савол бериш ва фикрлаш маданиятини ривожлантиришга хизмат қилди.
Кейинги асрларда ҳам ушбу илмий анъаналар давом этди. Амир Темур ва темурийлар даврида Самарқанд яна бир бор халқаро илм-фан ва маданият марказига айланди. Мирзо Улуғбекнинг астрономик тадқиқотлари, Самарқанд расадхонасида амалга оширилган кузатувлар бунинг аниқ далилидир.
Мирзо Улуғбек расадхонаси
Улуғбекнинг юлдузлар жадвали — «Зижи жадиди Кўрагоний» ўз даври астрономиясининг энг муҳим илмий асарларидан бири бўлиб, кейинги асрларда ҳам Шарқ ва Ғарб олимлари учун муҳим манба вазифасини бажарган.
Шу тариқа, Мовароуннаҳр ташқи маданий таъсирларни қабул қилувчи ҳудуд бўлиш билан чекланмади. У ўз навбатида дунёга янги илмий ғоялар, кашфиётлар ва интеллектуал мактабларни тақдим этди.
Чорраҳа — бу фақат учрашув эмас, янги цивилизация яратишдир
Мовароуннаҳр тарихига назар ташласак, унинг цивилизациялар чорраҳаси деб аталишига асос бўлган учта муҳим омилни кўрамиз: қулай географик жойлашув, халқаро савдо йўллари ва маданиятлар ўртасидаги интеллектуал алмашинув.
Бироқ бу тарихнинг энг муҳим жиҳати шундаки, минтақанинг тараққиёти фақат ташқи таъсирлар ҳисобига юз бермаган. Бу ерда турли халқлардан олинган билим ва тажрибалар маҳаллий илмий мактаблар, ҳунармандчилик, меъморчилик ва маънавий қадриятлар билан уйғунлашиб, ўзига хос цивилизацион муҳитни шакллантирган.
ЮНЕСКОнинг Самарқандни «Дунё маданиятлари чорраҳаси» сифатида Жаҳон мероси рўйхатига киритгани ҳам бу тарихий аҳамиятнинг халқаро миқёсда эътироф этилишидир.
Бугунги глобаллашув даврида Мовароуннаҳр меросининг аҳамияти янада ортиб бормоқда. Чунки тарих шуни кўрсатадики, цивилизациялар бир-биридан узилиб қолган ҳолда эмас, балки мулоқот, ҳамкорлик ва билим алмашинуви орқали ривожланади.
Мовароуннаҳр тажрибаси эса бир ҳақиқатни намоён этади: турлилик — тараққиётга тўсиқ эмас, аксинча, янги кашфиётлар ва юксалиш учун имкониятдир.
Абулфайз Сайидасқаров
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин





