Туркия Адлия вазирлиги делегацияси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида муштарак тарихий мерос билан танишди
«Бу ерда тарихни нафақат кўриш, балки бевосита ҳис этиб, ўрганиш имконига эга бўлдик». Туркия Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд-тиббиёт муассасаси раисининг ўринбосари Муҳаммад Шимшак Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифини шундай баҳолади. Туркия Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари бош бошқармаси раҳбари Меҳмет Мурат Тузжунинг таъкидлашича эса визуал намойишлар ва қадимги туркий халқларга тегишли тарихий далиллар унинг эътиборини тортган.
Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Туркия Республикаси Адлия вазирлиги тизими вакилларидан иборат делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган делегация аъзолари Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган марказнинг фаолияти, экспозициялари ва бой тарихий мероси билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида меҳмонларга марказ экспозицияси бўйича тўлиқ маълумот берилди. Улар тарихий қўлёзмалар, ноёб экспонатлар, санъат асарлари ҳамда замонавий мультимедиа намойишларига алоҳида қизиқиш билдирди.
Туркия Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари бош бошқармаси раҳбари Меҳмет Мурат Тузжу марказ экспозицияларини катта қизиқиш билан томоша қилганини таъкидлади.
Мен турк тарихи билан жуда қизиқаман. Ўзбекистон тарихини ҳам яхши биламан. Темурийлар даври ва ундан олдинги, кейинги босқичларга оид тарихий маълумотларни ўрганганман. Ушбу даврларга тегишли асарларни ўз жойида кўриш мен учун ҳаяжонли бўлди. Айниқса, исломнинг кириб келишидан кейинги даврга оид экспонатлар, музейдаги ҳаракатланувчи визуал намойишлар ва қадимги туркий халқларга тегишли тарихий далиллар эътиборимни тортди, — деди у.
Шунингдек, меҳмон Салжуқийлар ва Усмонийлар даврига оид экспонатларни кўриш унда алоҳида таассурот қолдирганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда айрим умумий тарихий тушунчалар ва сўзларнинг фарқланиб боришига қарамай, туркий халқларни муштарак тарихий илдизлар бирлаштириб туради.
Туркия Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд-тиббиёт муассасаси раисининг ўринбосари Муҳаммад Шимшак ҳам марказ ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
Бу марказни бутун дунёга тақдим этганингиз учун катта раҳмат. Жуда гўзал ва пухта ташкил этилган. Илк даврлардан бугунги кунгача бўлган туркий халқлар тарихи ва ислом тараққиёти жуда чиройли акс эттирилган. Бу ерда тарихни нафақат кўриш, балки бевосита ҳис этиб, ўрганиш имконига эга бўлдик. Ҳам ўз илдизларимиз, тарихий Ватанимизни танидик, ҳам туркий халқларнинг исломни қандай қабул қилгани ва унинг ривожига қандай ҳисса қўшганини кўриб, билиб олдик, — деди у.
Муҳаммад Шимшак, айниқса, ислом даврига оид санъат асарлари, моҳирона ишланган нақшлар ва экспозицияларнинг ташрифчиларга тарихни кўргазмали тарзда етказиш имкониятини юқори баҳолади. Унинг фикрича, марказ нафақат туркий халқлар, балки бутун дунё вакиллари келиб кўриши лозим бўлган муҳим маданий-маърифий маскандир.
Ташриф якунида делегация аъзолари марказ фаолиятига юксак баҳо бериб, унинг халқларимиз муштарак тарихини ўрганиш, ислом цивилизациясининг жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссасини англаш ҳамда маданий-маърифий меросни кенг тарғиб этишдаги аҳамиятини таъкидладилар.





