Динлараро бағрикенглик: Ўзбекистон тажрибаси халқаро мулоқот майдонида
Диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш учун халқаро конференцияларнинг ўзи етарлими ёки турли эътиқод вакилларининг кундалик ҳаётдаги ҳамкорлиги ҳам зарурми? Бу масала 17 ноябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилган «Динлараро бағрикенглик» халқаро илмий-амалий конференциясининг муҳим муҳокама йўналишларидан бири бўлди. АҚШ, Швеция, Саудия Арабистони, Германия, Россия, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардан келган диний соҳа вакиллари, дипломатлар ҳамда экспертлар Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 диний конфессия вакилларининг ҳамжиҳатликда яшаш тажрибаси, динлараро ишончни мустаҳкамлаш, радикаллашувнинг олдини олиш ва ёшлар тарбиясида маърифатнинг ўрнини муҳокама қилди.
Бугунги глобаллашув шароитида турли миллат ва дин вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамжиҳатликни қарор топтириш барқарор тараққиётнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Дунёда турли қарама-қаршиликлар кузатилаётган бир пайтда тинчлик ва бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб этиш, миллатлар ва конфессиялар ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг анжуманлар залида ўтказилган халқаро конфренция ҳам ушбу мақсадларга қаратилди.
Тадбир очилишида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили Бахтиёр Намозов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов ҳамда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси Қаҳрамон Сариев кириш сўзлари билан иштирок этдилар.
Ўзбекистондаги бағрикенглик муҳити — амалий тажриба
Анжуман доирасида Ўзбекистонда шаклланган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳити, унинг жамият барқарорлиги ва мамлакат тараққиётидаги ўрни ҳақида фикр алмашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов ўз чиқишида юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ҳамда 16 та диний конфессиянинг тинч-тотув ҳаёт кечираётгани мамлакатимиздаги бағрикенглик муҳитининг амалий ифодаси эканини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, бугун Ўзбекистонда ҳар бир инсон миллати ва диний мансублигидан қатъи назар, жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида қадр топмоқда. Бу эса асрлар давомида шаклланган ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик анъаналарининг давомидир.
130 дан зиёд миллат ва элатлар истиқомат қилаётган мамлакатимизда бир оиланинг фарзандларидек ҳаёт кечирмоқдамиз. Бугун халқаро миқёсда ҳам Ўзбекистондаги миллатлараро ва динлараро тотувлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини ўрганиш, уни дунёга намуна сифатида кўрсатиш мумкинлиги эътироф этилмоқда.
Мамлакатимизда ҳар бир инсон Ўзбекистон фуқароси сифатида ўз қадрини топади. Бундай тинчлик ва осойишталикни асраш, уни келгуси авлодларга етказиш эса барчамизнинг вазифамиздир. Бугунги анжуманда турли мамлакатлар вакиллари, юртимизда яшаётган турли миллат ва диний конфессия намояндаларининг бир майдонда жам бўлиши ҳам ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликнинг ёрқин ифодасидир, — деди Зайниддин Эшонқулов.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор Юнусов ҳам юртимизда турли конфессия вакилларининг ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик асосида фаолият юритаётганига эътибор қаратди.
Бугун Ватанимиз тинч, халқимиз фаровон, осмонимиз мусаффо. Янги Ўзбекистонда бағрикенглик масаласи энг юқори даражага кўтарилганини нафақат юртдошларимиз, балки бутун дунё эътироф этмоқда.
Дунёнинг турли ҳудудларида келишмовчиликлар ва зиддиятлар кузатилаётган бир шароитда мамлакатимизда 16 та диний конфессиянинг ўзаро ҳурмат ва яхши муносабатлар асосида фаолият юритиши катта аҳамиятга эга. Уларнинг барчаси Янги Ўзбекистоннинг тараққиёти ва равнақига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда, — деди Абдуқаҳҳор Юнусов.
Халқаро ҳамкорлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш
Хорижий иштирокчилар ҳам Ўзбекистондаги бағрикенглик муҳити, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва халқаро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни юқори баҳоладилар.
Швеция Ташқи ишлар вазирлигининг динлараро ва маданиятлараро мулоқот бўйича махсус вакили Кристиан Камил Ўзбекистон билан Швеция ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда жадал ривожланаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, икки мамлакат ўртасида миграция, радикаллашувнинг олдини олиш ва динлараро мулоқот йўналишларида ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Швеция ўртасидаги ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланмоқда. Биз миграция соҳасида икки томонлама келишувга эришдик, радикаллашувнинг олдини олиш ва динлараро мулоқот йўналишларида ҳам ҳамкорлик қилмоқдамиз.
Жорий йил март ойида Ўзбекистондан юқори даражадаги делегацияни Швецияда қабул қилган эдим. Ушбу ташриф доирасида Швеция парламентида диний бағрикенглик ва радикаллашувнинг олдини олиш масалаларига бағишланган семинар ҳам ўтказилди. Бугунги конференция эса ана шу мулоқотнинг мантиқий давомидир.
Маданият ва дин мамлакатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган бугунги тадбир ҳам икки мамлакат ўртасидаги ижобий муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилади, деб ишонаман, — деди Кристиан Камил.
Баҳoийлар халқаро ҳамжамиятининг БМТдаги бош вакили Рейчел Баяни эса динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлашда жамоаларнинг кундалик ҳаётдаги ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Унинг фикрича, бу жараёнда маҳалла институти алоҳида ўрин тутади. Чунки турли қараш ва эътиқодга эга инсонларнинг биргаликда фаолият олиб бориши ўзаро танишув, ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлайди.
Диний жамоалар вакилларининг фақат конференцияларда учрашиши етарли эмас. Улар кундалик ҳаётда ҳам бир-бирлари билан мулоқот қилиши ва ҳамкорликда ишлаши зарур. Бу борада маҳалла муҳим майдон бўла олади.
Одамлар биргаликда ишлаганда бир-бирини яхшироқ танийди, жамиятдаги муаммоларни муҳокама қилади ва уларга биргаликда ечим топишга ҳаракат қилади. Ана шу жараёнда нотўғри қарашлар ва бир-бирини тушунмаслик ҳолатлари барҳам топади. Инсон бошқа диний жамоа вакилини бегона эмас, балки ўзининг ҳамкори ва яқин инсони сифатида қабул қила бошлайди, — деди Рейчел Баяни.
Арман Апостоллик черкови архиепископи Езрас Нерсисян ҳам Ўзбекистонда кечаётган маънавий янгиланиш жараёнларини эътироф этиб, мамлакатда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди.
Биз ушбу халқаро конференцияда иштирок этиш, қувончимиз ва миннатдорчилигимизни билдириш учун меҳмондўст Ўзбекистонга ташриф буюрдик. Янги Ўзбекистонда кечаётган маънавий янгиланиш жараёнларининг гувоҳи бўлдик.
Бу муборак заминда яшаётган инсонларнинг диний ва миллий мансублигидан қатъи назар, тинчлик ва ҳамжиҳатликда ҳаёт кечираётгани қувонарли. Яратгандан халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги тинчлик, ўзаро англашув ва бирдамликни янада мустаҳкамлашини сўраймиз, — деди архиепископ Езрас Нерсисян.
МДҲ Ҳинд форуми ва Россия Ҳинд Кенгаши раиси Санжиит Кумар Жха ҳам конференциянинг халқаро аҳамиятига тўхталиб, Ўзбекистондаги дўстона муҳитни бошқа мамлакатлар учун ҳам ўрнак сифатида баҳолади.
Ўзбекистонда турли миллат, маданият ва дин вакиллари азалдан аҳил-иноқ яшаб келган. Бу анъананинг бугун ҳам давом этаётгани қувонарли. Мамлакатингизда инсонлар дўстона муҳитда, тинчлик ва ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирмоқда. Бу дунёнинг бошқа мамлакатлари учун ҳам ўрнак бўла оладиган тажрибадир.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу бетакрор меъморий иншоот. Мен ушбу марказда ташкил этилган халқаро конференция иштирокчиси бўлганимдан ўзимни бахтли ҳис қилмоқдаман, — деди Санжиит Кумар Жха.
Россиядаги Новоапостол черкови бошқарув маркази вице-президенти Владимир Лазарев ҳам анжуманнинг нафақат конфессиялараро, балки миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Бугунги тадбир турли дин вакилларини бир майдонда жамлагани билан муҳим аҳамиятга эга. Бундай учрашувлар инсонлар ўртасида тинчлик ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлайди.
Айниқса, ёшлар олдида катта масъулият бор. Чунки улар нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун дунёнинг келажагидир. Диний етакчилар, жамоатчилик ва ёшлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро ҳурмат ва бирдамликни асраш барчамизнинг вазифамиздир.
Ўзбекистонда бу борада амалга оширилаётган ишлар ва турли конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни алоҳида эътироф этаман. Мамлакатингизга тинчлик, халқингизга фаровонлик ва янада юксак тараққиёт тилайман, — деди Владимир Лазарев.
Таълим ва маърифат — барқарорлик омили
Конференция учта шўъба доирасида давом этди. Иккинчи шўъбада конфессиялараро ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, диний ташкилотлар ва миллий маданий марказлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учинчи шўъба эса таълим ва маърифатнинг жамиятда тотувликни таъминлашдаги ўрнига бағишланди. Унда ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш, экстремизм ва радикализмнинг олдини олишда маърифатнинг аҳамияти, шунингдек, таълим муассасалари ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Шўъбаларда мамлакатимиз ва хориждан ташриф буюрган олимлар, диний конфессиялар вакиллари ва мутахассислар ўз маърузалари билан иштирок этиб, мавзу юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирдилар.
Халқаро конференция турли мамлакатлар вакиллари ўртасида тажриба алмашиш, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Таъкидлаш жоизки, бундай халқаро анжуманларнинг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилиши мамлакатимизнинг бой илмий-маънавий меросини, тинчлик ва бағрикенглик ғояларини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга ҳам хизмат қилади.





