Турсунали Қўзиевга Президент фармони билан фахрий унвон берилди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори маслаҳатчиси Турсунали Қўзиевнинг 75 йиллик таваллуд айёми муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов иштирок этиб, давлатимиз раҳбарининг Фармонига мувофиқ Турсунали Қўзиевга берилган “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвонини топширди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармонида Турсунали Қўзиевнинг давлат бошқаруви ва маданият соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, илмий-ижодий фаолияти, мамлакатимизда тасвирий ва амалий санъатни ривожлантириш, миллий маданиятимизни жаҳон миқёсида тарғиб этиш, тарихий-маданий меросимизни чуқур ўрганиш ҳамда ёш истеъдод эгаларини қўллаб-қувватлаш борасидаги хизматлари алоҳида эътироф этилган.
Шунингдек, санъаткорнинг ўзбек бадиий мактаби анъаналарини асраб-авайлаш ва бойитиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қўшаётган ҳиссаси ҳам юксак баҳоланган.
Тантанали тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан ва маданият намояндалари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, музейлар директорлари, рассомлар, шогирдлар, ҳамкасблар ва санъаткорнинг яқинлари иштирок этди.
Тадбир аввалида Турсунали Қўзиевнинг ҳаёт йўли, ижодий фаолияти ва миллий санъат ривожига қўшган ҳиссаси акс этган видеолавҳа намойиш этилди. Унда устознинг рассомлик, илм-фан, таълим ва жамоатчилик соҳаларидаги кўп йиллик фаолияти, мамлакатимиз маданий меросини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этиш борасидаги хизматлари ёритилди.
Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқовнинг табриги ўқиб эшиттирилди. Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмоилова, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа, Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайфуллаев, Ўзбекистон халқ рассоми, Бадиий академия академиги Алишер Алиқулов, санъатшунос Ҳусан Ҳосилов ва бошқалар сўзга чиқиб, Турсунали Қўзиевнинг миллий санъат ва маданият ривожига қўшган ҳиссаси, бой ижодий тажрибаси, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва шогирдлар тарбиясидаги хизматларини алоҳида эътироф этдилар.
Шунингдек, Россия Федерацияси Третьяков давлат галереясининг собиқ директори Зулфира Трегулова, Петербургликлар жаҳон клуби президенти Михаил Пиотровский ҳамда Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг санъаткорга йўллаган табриклари ўқиб эшиттирилди. Уларда Турсунали Қўзиевнинг рассом, устоз ва жамоат арбоби сифатидаги фаолияти, халқаро маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси юксак баҳоланди. Шунингдек, Турсунали Қўзиевга Маданият вазири буйруғи билан "Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишони топширилди.
Турсунали Қўзиев билдирилган самимий тилаклар ва кўрсатилган эътибор учун миннатдорлик билдириб, ҳаёт йўли, ижодий фаолияти давомида учратган устозлари, ҳамкасблари ва дўстлари ҳақида сўзлади.
Тадбир академикнинг миллий маданиятимиз ва санъатимиз ривожига қўшган ҳиссаси, кўп йиллик меҳнати ва ёш авлод тарбиясидаги устозлик фаолиятига билдирилган юксак эҳтиром ифодаси бўлди.





