Иордания университети ўзбекистонлик талабаларга 50 фоизлик стипендия тақдим этишни режалаштирмоқда
Иорданиянинг Аммон Аҳлия университети ўзбекистонлик талабалар учун турли таълим йўналишларида 50 фоизлик стипендиялар тақдим этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда университет вице-президенти Башар ат-Таровна Иордания делегациясининг Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи давомида маълум қилди.
Башар ат-Таровна, Иорданиянинг Аммон Аҳлия университети вице-президенти:
Ушбу гўзал Марказга ташриф буюрганимиздан жуда хурсандмиз. Бу ерда Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва ислом оламидаги буюк алломаларнинг илмий мероси билан яқиндан танишдик. Уларнинг барчасини ўз кўзимиз билан кўриб, қалбан ҳис этдик.
Биз учун жуда қизиқарли саёҳат ташкил этилди. Марказ ходимлари ҳам ўз ишининг ҳақиқий мутахассислари экан. Бу ерда тарих ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдик. Тошкентда ҳали кўришимиз ва танишишимиз керак бўлган жуда кўп масканлар бор. Бунинг учун катта раҳмат!
Иордания таълим соҳасида анча катта тараққиёт йўлини босиб ўтган. Бугунги кунда мамлакатимизда 27 га яқин университет фаолият юритади. Уларда дунёнинг турли мамлакатларидан келган халқаро талабалар таҳсил олади.
Ушбу ташрифимиздан кўзланган мақсадлардан бири ҳам Ўзбекистондан талабаларни Иордания университетларига жалб қилишдир. Мен Иорданиядаги биринчи хусусий олий таълим муассасаси — Аммон Аҳлия университети номидан иштирок этяпман. Университетимиз QS халқаро рейтингида 643-ўринни, Times рейтингида эса 400-ўрин атрофидаги поғонани эгаллаган.
Биз Ўзбекистондан талабаларни университетимизга ўқишга таклиф қилмоқчимиз. Шунингдек, уларга таълимнинг турли йўналишлари бўйича 50 фоизлик стипендия тақдим этишни режалаштирганмиз.
Менимча, Марказ жамоаси жуда катта ишни амалга оширган. Улар тарихий воқеликларни қайта гавдалантириш ва моделлаштиришнинг ажойиб усулини яратишган. Бу ерда минглаб ва юзлаб йиллар аввалги ҳаёт манзараларини худди ўша даврдагидек кўриш мумкин.
Биз турли тарихий макетлар ва интерактив моделлар билан танишдик. Бу ердаги ёритиш тизими ҳам алоҳида эътиборга молик. У жуда қизиқарли ва таъсирчан ечимлар асосида ташкил этилган.





