Жавдат Йилмаз: «Ислом цивилизацияси маркази — муштарак тарихимиз ва маданиятимизнинг бетакрор тимсоли»
Туркия Республикаси вице-президенти Жавдат Йилмаз Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Юқори мартабали меҳмон Марказ экспозициялари билан яқиндан танишиб, аждодларимиз қолдирган бой илмий-маънавий мерос, унинг жаҳон цивилизацияси тараққиётида тутган ўрни ҳамда бугунги Ўзбекистонда тарихий меросни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди.
Ташриф давомида Жавдат Йилмаз Марказнинг нафақат тарихий меросни намоён этувчи муҳташам мажмуа, балки ўтмиш, бугун ва келажакни ўзаро боғловчи бетакрор маърифий макон эканини алоҳида таъкидлади. Унинг эътирофида, айниқса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат тараққиёти йўлидаги қатъий сиёсий иродаси, кенг кўламли ислоҳотлари ва мазкур улуғвор лойиҳанинг амалга оширилишига қаратган эътибори алоҳида ўрин тутди.
Жавдат Йилмаз, Туркия Республикаси вице-президенти:
«Бироз аввал янги бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази билан танишиш имконига эга бўлдик. Айтишим керакки, бу ниҳоятда муҳташам маскан экан. Ҳақиқатан ҳам, барчамиз жуда катта таассурот олдик.
Бу ерда уч Ренессанс даври — Биринчи Ренессанс, яъни илк маърифий юксалиш, Иккинчи Ренессанс ҳамда бугунги Янги Ўзбекистон тараққиёти ниҳоятда гўзал ва таъсирчан тарзда намойиш этилган.
Марказ ўтмиш, бугун ва келажакни ўзаро боғловчи бетакрор масканга айланган. У, бир томондан, ёш авлодга тарихий мерос ва қадриятларни етказса, иккинчи томондан, келажак авлодлар олдига юксак мақсадларни қўйишга ундайдиган мазмунга эга.
Аввало, ҳурматли давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев жаноби олийларига ҳамда ушбу улуғвор масканнинг бунёд этилишига ҳисса қўшган барча инсонларга чин қалбимдан миннатдорлик билдираман.
Сўнгги ўн йил давомида Ўзбекистон, айниқса, улкан ўзгариш ва янгиланиш жараёнини бошдан кечирди. Албатта, бу ўзгаришлар ўз-ўзидан содир бўлгани йўқ. Уларнинг ортида кучли сиёсий ирода ва самарали бошқарув турибди. Бу — ҳурматли давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевдир.
У киши дадил ва жасорат билан ислоҳотларни амалга ошириб, Ўзбекистонни иқтисодий тараққиёт ва халқаро майдондаги мавқеи жиҳатидан анча юқори босқичга олиб чиқди. Бу жараён изчил давом этади. Ишончим комилки, келгуси йилларда Ўзбекистонни иқтисодиётда ҳам, илм-фанда ҳам, бошқа кўплаб соҳаларда ҳам жуда юксак марраларда кўрамиз.
Туркияда ҳам худди шундай улкан ўзгаришларни Президентимиз Ражаб Тоййиб Эрдоған амалга оширди. Очиғини айтганда, икки давлат раҳбари бир-бирига жуда ўхшайди. Ҳар иккиси ҳам кучли, қатъиятли, ўз мамлакати иқтисодиётини ривожлантираётган ва халқ фаровонлигини ошираётган етакчилардир. Улар ислоҳотлардан чўчимайдиган, янгиланиш ва ўзгаришларга очиқ раҳбарлардир.
Икки давлат раҳбари ўртасидаги ниҳоятда мустаҳкам мулоқот ва яқин ҳамкорлик барча ишларимизга катта куч бағишламоқда. Шу боис бундай етакчиларга эга эканимизни катта бахт деб биламан.
Бу — бизнинг муштарак тарихимиз, муштарак маданиятимиздир. Шу ерда эканимдан ниҳоятда бахтиёрман. Ўзбекистон халқига бутун Туркиядан самимий саломлар олиб келдик. Барчага энг эзгу тилакларимни билдираман».
Ташриф якунида Жавдат Йилмаз «Фахрий меҳмонлар» китобида ўзининг самимий таассуротлари ва эзгу тилакларини ёзиб қолдирди. Унда Марказни муштарак тарихимиз ва цивилизацион меросимизни муносиб акс эттирувчи ноёб маскан сифатида эътироф этиб, унинг келажак авлодлар тарбияси ва илмий изланишлар ривожидаги аҳамиятига алоҳида урғу берди.
«Ўзбекистонга ташрифим муносабати билан муштарак тарихимиз ва цивилизацион меросимизни муносиб акс эттирувчи Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрганимдан катта мамнуният ҳис қилдим.
Ислом оламининг илм-фан, маданият ва тафаккур тараққиётига улкан ҳисса қўшган ушбу заминнинг бой меросини келажак авлодларга етказишга хизмат қилаётган Марказ муштарак қадриятларимизни янада яқиндан англашимизга кўмаклашиши ҳамда янги илмий тадқиқотларга илҳом бағишлашига ишонаман.
Ушбу бебаҳо масканнинг бунёд этилишига бош-қош бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти, ҳурматли Шавкат Мирзиёевни ҳамда бу эзгу ишга ҳисса қўшган барча инсонларни табриклайман. Марказнинг барча ходимларига муваффақиятлар тилайман».
Ташриф сўнгида Туркия Республикаси вице-президентига Марказ номидан эсдалик совғалари топширилди.
Жавдат Йилмазнинг эътирофи ва «Фахрий меҳмонлар» китобида қолдирган самимий сатрлари Марказнинг халқаро миқёсдаги аҳамиятини яна бир бор намоён этди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва сиёсий иродаси билан барпо этилган ушбу маскан бугун нафақат халқимизнинг бой тарихий меросини дунёга танитмоқда, балки муштарак цивилизацион қадриятлар асосида халқлар ва давлатлар ўртасидаги дўстлик, илмий-маърифий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.





