The Peninsula: Аммонда «Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон» асари тақдимотлари халқаро жамоатчилик эътиборида
Иордания пойтахти Аммон шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон» асари ҳамда мамлакатимизнинг замонавий тараққиётига бағишланган илмий нашрлар тақдимоти халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Давлат, илм-фан ва диний соҳа вакиллари иштирокида ўтказилган учрашувлар, Ўзбекистон–Иордания ҳамкорлигининг истиқболлари ҳамда мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг халқаро аҳамияти ҳақида Қатарнинг нуфузли The Peninsula нашрида мақола эълон қилинди.
Иордания пойтахти Аммон шаҳрида икки мамлакатнинг давлат, илмий-академик ва диний доиралари вакиллари иштирокида қатор тақдимотлар ва учрашувлар ташкил этилди.
Тадбирларнинг марказий воқеаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон» номли асари ҳамда хорижлик олимларнинг замонавий Ўзбекистонга бағишланган илмий ишлари тақдимоти бўлди.
Учрашувлар давомида иштирокчилар давлат раҳбарининг асарида илгари сурилган ғояларни муҳокама қилдилар, шунингдек, мамлакат ижтимоий ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларни ўрганаётган халқаро тадқиқотчиларнинг илмий баҳолари билан ўртоқлашдилар.
Мазкур асарда жаҳон миқёсида кечаётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик ўзгаришлар, шунингдек, 2016 йилдан буён Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, институционал модернизация жараёнлари ҳамда уларнинг мамлакат тараққиёти ва ташқи сиёсатига таъсири атрофлича таҳлил этилган.
Ушбу ўзгаришларнинг халқаро аҳамияти, шунингдек, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Аммон шаҳрида ўтказилган тадбирлар доирасида «Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон» асарининг тақдимотлари бир қатор нуфузли масканларда, жумладан, «Шератон» меҳмонхонаси ҳамда Иорданиянинг икки етакчи олий таълим муассасаси — Ал ал-Байт университети ва Жаҳон ислом илмлари ва таълим университетида (WISE) ташкил этилди.
Асосий асар билан бир қаторда, араб тилида нашр этилган яна тўққизта китоб ва фотоальбом ҳам тақдим қилинди. Ушбу нашрлар Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти, бой тарихий мероси, Учинчи Ренессанс ғояси ҳамда мамлакатнинг халқаро ташаббусларига бағишланган. Мазкур нашрлар Иордания кутубхоналарига ҳадя этилди.
Иордания илмий жамоатчилиги ва кенг аҳоли қатламини мазкур асар мазмуни, шунингдек, Ўзбекистонда рўй бераётган замонавий ўзгаришлар билан яқиндан таништиришга қаратилган тадбирлар туркуми давом этмоқда.
Ўзбекистон–Иордания муносабатларининг ривожланиши ҳақида сўз юритган Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси ва муштарак саъй-ҳаракатлари туфайли икки томонлама ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг Иорданиядаги элчиси Нодиржон Турғунов 1993 йилда ўрнатилган дипломатик муносабатлар Янги Ўзбекистон шароитида сезиларли даражада ривожлангани, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик изчил кенгайиб бораётганини қайд этди.
Ўз навбатида, Иордания Сенатининг Ўзбекистон–Иордания дўстлик қўмитаси раиси Ҳайсам Убайдат савдо, инвестиция, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларига алоҳида тўхталди.
Муҳокамаларда инсонпарварлик, бағрикенглик ва динлараро мулоқот масалалари ҳам муҳим ўрин эгаллади. Иордания Вақфлар, ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазири Муҳаммад ал-Халойла мўътадиллик ва бағрикенглик тамойилларига асосланган ислом динининг асл моҳиятини кенг тарғиб этишга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.
Иордания Бош муфтийси Аҳмад ал-Ҳасанат эса икки мамлакат ўртасида диний ва илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ислом ҳуқуқшунослиги соҳасидаги тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда замонавий муаммоларга биргаликда ечим топиш муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг тарихий ва интеллектуал мероси, шунингдек, унинг халқаро илмий ва маданий мулоқотни ривожлантиришдаги аҳамияти ҳам муҳокамаларнинг асосий мавзуларидан бири бўлди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг миссияси ва ислом цивилизацияси меросини тарғиб этишдаги ўрни ҳақида сўз юритган Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов қуйидагиларни таъкидлади:
«Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзига хос концепцияси ва ташаббусининг амалий рўёбидир.
Ушбу лойиҳа маърифатпарварлик, инсонпарварлик ҳамда ислом оламининг бой интеллектуал меросига ҳурмат тамойилларига асосланган.
Давлатимиз раҳбари ҳали 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси минбаридан туриб, жаҳолатга қарши билим ва маърифат орқали курашиш муҳимлигини таъкидлаган эди.
Бугунги кунда бизнинг мақсадимиз буюк мутафаккирлар меросини нафақат асраб-авайлаш, балки илмий ва маданий мулоқотни ривожлантириш орқали уни халқаро жамоатчилик учун ҳам очиқ ва фойдаланиш имкониятига эга бўлган меросга айлантиришдан иборат».
Муҳокамалар давомида халқаро жамоатчиликни Ўзбекистоннинг тарихий мероси билан таништиришга қаратилган илмий ва ноширлик лойиҳаларининг аҳамияти ҳам алоҳида таъкидланди. Қўлёзма манбалар устида ҳамкорликда ишлаш имкониятлари айниқса катта қизиқиш уйғотди.
Илмий каталоглар тадқиқотчиларга қўлёзмаларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиши ва турли даврлардаги тарқалиш тарихини ўрганиш имконини беради. Факсимиле нашрлар эса ноёб тарихий ёдгорликларнинг асл нусхаларини сақлаб қолган ҳолда, уларни чуқур тадқиқ этиш учун шароит яратади.
Аммон шаҳрида ўтказилган тақдимотлар ва учрашувлар икки мамлакат олимлари ҳамда мутахассислари томонидан қўшма илмий-тадқиқот ва ноширлик лойиҳаларини амалга ошириш мумкин бўлган ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаб олишга хизмат қилди.
Ўзбекистон делегациясининг Иорданияга ташрифи давом этмоқда.





