ТУРКСОЙ билан ҳамкорликнинг янги истиқболлари белгиланди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда. Келгуси йилда туркий халқларнинг муштарак тарихий-маданий меросини кенг тарғиб этиш, адабиёт, санъат, ҳунармандчилик ва ёшлар соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда Марказ илмий котиби Рустам Жабборовнинг ТУРКСОЙ котибиятига ташрифи доирасида ташкилот Бош котиби Султон Раев билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди. Мулоқотда Бош котиб ўринбосари Сайит Юсуф ҳам иштирок этди.
Учрашувда Султон Раев Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга юқори баҳо бериб, мазкур лойиҳанинг нафақат мамлакатимиз, балки бутун туркий дунё учун ҳам алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази — Президент ташаббуси билан амалга оширилган улкан тарихий лойиҳа. Унда мужассам бўлган илмий, маънавий ва маданий мерос нафақат Ўзбекистон, балки бутун туркий дунё учун ҳам катта аҳамиятга эга. Марказ томонидан олиб борилаётган ишлар таҳсинга сазовор. ТУРКСОЙ ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор, — деди Султон Раев.
Мулоқот давомида Андижон шаҳрининг Туркий дунё маданияти пойтахти деб эълон қилиниши муносабати билан амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди. ТУРКСОЙ Бош котиби мазкур мақом доирасида йирик маданий тадбирларга тайёргарлик кўрилаётганини қайд этиб, яқин кунларда Андижонга ташриф буюриш режаси борлигини маълум қилди.
Учрашувда келгуси йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, мода ва ҳунармандчилик фестиваллари, туркий дунё ёшлари форуми, интеллектуал мусобақалар ҳамда маданий тадбирларни ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, адабий ҳамкорликни ривожлантириш, туркий халқлар ўртасида ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Амир Темур шахси ва унинг тарихий меросига бағишланган китоблар ҳамда бадиий асарлар танловини эълон қилиш ташаббуси илгари сурилди.
Биз келгусида маданият, санъат, адабиёт ва ёшлар йўналишларидаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришни истаймиз. Туркий халқларнинг умумий тарихини, буюк шахслар меросини ва бой маданиятини кенг тарғиб этишга қаратилган ҳар қандай ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлигимиз бундан буён ҳам изчил давом этади, — дея таъкидлади ТУРКСОЙ Бош котиби.
Ташриф доирасида делегация аъзолари ТУРКСОЙ фаолияти, ташкилот томонидан туркий халқларнинг маданий меросини асраб-авайлаш ва халқаро миқёсда тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишдилар. Шунингдек, ташкилот томонидан нашр этилаётган китоблар ва адабий асарлар кўздан кечирилди.
Мазкур учрашув Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва ТУРКСОЙ ўртасидаги ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш, муштарак тарихий хотира ва маданий қадриятларни халқаро миқёсда тарғиб этиш йўлида муҳим аҳамият касб этади.





