Москвалик олима: «Ислом цивилизацияси маркази — меъморчилик дурдонаcи»
Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) доценти, юридик фанлар доктори Екатерина Торкунова Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини меъморчилик санъатининг ноёб намунаси ҳамда ислом олами ва Марказий Осиёнинг кўп асрлик тарихини яхлит ўрганиш имконини берувчи маърифий маскан сифатида юқори баҳолади. У Марказга ташрифи давомида тарихий меросни изчил ва тушунарли шаклда намойиш этиш тажрибасидан катта таассурот олганини билдириб, мазкур мажмуани барпо этиш учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик изҳор этди.
МГИМОнинг Интеграция ҳуқуқи ва инсон ҳуқуқлари кафедрасида фаолият юритувчи Екатерина Торкунова Ислом цивилизацияси марказининг экспозициялари билан танишиб, уларнинг тарихий воқеалар ва цивилизациявий тараққиёт босқичларини яхлит мазмунда очиб бериш имкониятларини алоҳида таъкидлади.
Екатерина Торкунова, МГИМО доценти, юридик фанлар доктори:
«Марказ ҳақиқатан ҳам меъморчилик шедеври, санъат асаридир. У бетакрор маскан бўлиб, бутун ислом оламининг тарихини батафсил ёритиб беради.
Икки соатга ҳам етмаган вақт ичида бизга барчаси қандай бошлангани ва бугунги тараққиёт босқичига қандай етиб келганимиз ҳақида ҳикоя қилиб беришди. Мен жуда катта таассурот олдим. Бу ерда улкан меҳнат мужассам. Марказ нафақат бутун мусулмон олами, балки заминимизнинг тарихи ва маданиятига қизиқувчи барча инсонлар учун ҳам беқиёс аҳамиятга эга. Бунинг қанчалик фойдали эканини сўз билан ифодалаш қийин.
Шундай имкониятни яратиб бергани, инсонлар келиб, бой меросимиз билан танишиши учун ана шундай муҳташам иншоотни барпо эттиргани учун Ўзбекистон Президентига чексиз миннатдорлик билдираман. Ишончим комилки, бу ерга оилам ва дўстларим билан яна келаман. Бугунги экскурсияда бизга юксак профессионаллик билан тақдим этилган маълумотларни янада чуқурроқ ўрганиш, ислом олами ва Марказий Осиё тарихини кенгроқ англаш учун бу масканга яна ташриф буюраман.





