Ҳаким Термизий меросини ўрганиш ва уни дунёга танитиш йўлидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
20 ноябрь куни Термиз шаҳрида буюк аллома Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган «Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти» мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази вакиллари ҳам иштирок этиб, алломалар меросини ўрганиш, илмий тадқиқотлар натижаларини халқаро жамоатчиликка етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Анжуманда Ўзбекистон, Малайзия, Миср, Қирғизистон, Италия, Сурия, Афғонистон ва бошқа мамлакатлардан тадқиқотчилар қатнашди. Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Вақф хайрия жамоат фонди, олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этди.
Анжуман давомида Ҳаким Термизийнинг бой илмий-маънавий мероси, унинг ислом илм-фани ва тасаввуф таълимоти ривожига қўшган ҳиссаси, асарларининг бугунги кундаги аҳамияти юзасидан маърузалар тингланди. Шунингдек, аллома меросини чуқур ўрганиш, мавжуд манбаларни тадқиқ этиш ва уни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга қаратилган вазифалар муҳокама қилинди.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходими Иргаш Даминов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков маърузалар билан иштирок этди. Уларда Президент ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ислом цивилизацияси меросини асраб-авайлаш, илмий асосда ўрганиш ва уни миллий ҳамда халқаро миқёсда кенг намоён этишдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Конференция доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан аллома меросига бағишланган китоблар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда Ҳаким Термизийнинг яқинда нашрдан чиққан «Ал-амсол минал китоб вас сунна» («Қуръон ва ҳадислардан ибратли мисоллар») асари, шунингдек, Марказ ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида тайёрланган «Маърифат зиёси Имом Термизий», «Миллат ҳакими Ҳаким Термизий» китоблари намойиш этилди. Ҳаким Термизий мақбараси, Имом Термизий мақбараси ва Султон Саодат мажмуаси ҳақидаги нашрга тайёрланаётган рисолалар ҳам кўргазмадан ўрин олди.
Кўргазма билан танишган иштирокчиларга Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий ходимлари Абдушукур Муродов ва Алимардон Ҳайитов нашрлар мазмуни, уларни тайёрлаш жараёни ҳамда Марказ фаолияти ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, конференцияда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими Абдушукур Муродов «Термизий алломалар мероси бўйича Марказда амалга оширилган илмий тадқиқотлар» мавзусида маъруза қилди. Унда Марказда Ҳаким Термизий ва Термиз заминидан етишиб чиққан бошқа алломалар илмий меросини ўрганиш, қўлёзма манбаларни тадқиқ этиш, асарларни таржима ва табдил қилиш, шунингдек, уларни кенг жамоатчиликка етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қўлёзмалар хазинасида Ҳаким Термизий қаламига мансуб бир нечта асар нусхалари сақланади. Айни пайтда ушбу манбаларни илмий ўрганиш, таржима ва табдил қилиш орқали уларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик, айниқса, ёш авлодга тушунарли шаклда етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Халқаро конференция Ҳаким Термизийнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур тадқиқ этиш, унинг жаҳон илм-фани ва маданиятидаги ўрнини янада кенгроқ очиб бериш, шунингдек, бу борада халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.





