Саудиялик адиб Ўзбекистон ҳақида ёзган тўртта китобини Ислом цивилизацияси марказига ҳадя этди
Саудия Арабистонилик адиб Муҳаммад Ҳасан ад-Даразий мамлакатимизга қилган сафарлари давомида олган таассуротлари, халқимизнинг меҳмондўстлиги ва бой тарихий-маданий мероси ҳақида яратган асарларини Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига тақдим этди.
Марказда Саудия Арабистонининг Қатиф ҳудудидан ташриф буюрган Муҳаммад Ҳасан ад-Даразий ва Абдулазим Шалий билан учрашув бўлиб ўтди.
Муҳаммад Ҳасан ад-Даразий Ўзбекистонга бир неча бор сафар қилиб, мамлакатимизнинг қадимий шаҳарлари, тарихий обидалари, миллий анъаналари ва халқимизнинг ўзига хос турмуш тарзини ўрганган. Ушбу сафарлар натижасида ёзувчининг Ўзбекистонга бағишланган қатор асарлари дунёга келган.
Жумладан, «Ипак йўли орқали. Ўзбекистон» китобида муаллиф юртимизнинг тарихи, маданияти ва саёҳат таассуротларини қаламга олган. «Самовий дастурхонлар» асари эса ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, меҳмон кутиш маданияти ва миллий қадриятларига бағишланган. «Ичан қалъа соясида» номли китобда Хиванинг бетакрор меъморий қиёфаси ва тарихий муҳити акс эттирилган. Учрашувда тақдим этилган яна бир асар Бухоронинг қадимий обидалари ва бой маданий меросига бағишлангани маълум қилинди.
Адиб мулоқот давомида Самарқанд ҳақида ҳам янги асарлар устида иш олиб бораётганини, улар нашр этилгач, Ислом цивилизацияси марказига юбориш ниятида эканини билдирди. Шунингдек, у 2027 йилда Ислом цивилизацияси марказига бағишланган янги китоб тайёрлашни режалаштираётганини маълум қилди. Учрашув якунида муаллиф ўзининг тўртта китобини Марказга ҳадя қилди. Мазкур адабий туҳфа Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданий мероси ва миллий қадриятларига хорижда ортиб бораётган қизиқишнинг яна бир ифодаси бўлди. Шу билан бирга, бундай ташаббуслар Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.





