Ислом цивилизацияси маркази Анқарада Бобурийлар меросининг тарихий талқини бўйича илмий масалани кўтарди
Туркия пойтахти Анқарада Бобур ва Бобурийлар сулоласининг тарихий илдизлари ва жаҳон тарихшунослигидаги номланиши халқаро илмий муҳокамага қўйилди. 20–21 ноябрь кунлари Ғозий университетида Туркия Фанлар академияси ҳамкорлигида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг бой меросига бағишланган халқаро симпозиум бўлиб ўтмоқда. Унда Туркия, Ўзбекистон, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардан 50 нафардан ортиқ олим ва тадқиқотчилар иштирок этмоқда.
Симпозиумнинг очилиш маросимида Туркия Фанлар академияси президенти Музаффар Шекар ҳамда Ғозий университети раҳбарияти вакиллари сўзга чиқди. Анжуман доирасида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва фаолияти, Бобурийлар давридаги давлат бошқаруви ислоҳотлари, маданий алоқалар, адабиёт ва санъат тараққиётига бағишланган маърузалар тақдим этилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистондан ҳам ўнга яқин олим, жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Фанлар академияси Тарих институти, Самарқанд давлат университети ва бошқа илмий муассасалар вакиллари қатнашмоқда.
Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов “Бобурийлар сулоласининг тарихий илдизлари, туркий ўзлиги ва халқаро тарихшуносликдаги “Буюк мўғуллар” атамасининг тарихий асослари” мавзусида маъруза қилди.
Маърузачи Бобурийлар сулоласининг келиб чиқиши, унинг Темурийлар билан насл-насаб ва маданий алоқалари, сулола вакилларининг ўз тарихий ўзлигини қандай ифода этгани хусусида муҳим тарихий манбалар асосида фикр юритди. Хусусан, Бобурнинг “Бобурнома” асари, унинг туркий тили ва адабиётига қўшган ҳиссаси, авлодлари томонидан ҳам бу анъананинг давом эттирилгани ҳақида маълумотлар келтирилди.
Шунингдек, халқаро тарихшуносликда кенг қўлланиладиган “Буюк мўғуллар” атамасининг келиб чиқиши ва унинг тарихий асослари таҳлил қилинди. Рустам Жабборов мазкур атама Европа манбаларида, жумладан, XVI асрда португал сайёҳлари ва дипломатлари томонидан қўлланила бошланганини таъкидлаб, сулоланинг асл тарихий ва маданий ўзлигини белгилашда Темурийлар меросини эътибордан четда қолдирмаслик зарурлигини асослаб берди.
Рустам Жабборов маърузасида Бобурнинг шахсий асарлари ва тарихий манбалардаги маълумотларга таяниб, унинг туркий ўзлиги, Темурийлар сулоласи билан боғлиқлиги ҳамда Бобурийлар давлатида бу тарихий анъаналарнинг давом этганини алоҳида таъкидлади.
Бугун Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан буюк аждодларимиз илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, унинг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги ўрнини холисона очиб бериш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам айнан шу эзгу мақсадларга хизмат қилади. Марказ фаолиятида Амир Темур ва Темурийлар даври, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳамда Бобурийлар сулоласининг жаҳон тарихи ва маданиятига қўшган ҳиссасини илмий асосда ўрганиш ва намоён этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Бизнинг вазифамиз нафақат тарихий обидалар, қўлёзмалар ва моддий меросни асраб-авайлаш, балки аждодларимизнинг ҳақиқий тарихий қиёфасини, уларнинг давлатчилик анъаналари ва маданий ўзлигини халқаро илмий жамоатчиликка тўғри етказишдан ҳам иборат. Шу нуқтаи назардан, Бобурийлар сулоласини фақат “Буюк мўғуллар” номи билан аташ унинг тарихий илдизлари ва Темурийлар билан узвий боғлиқлигини тўлиқ очиб бермайди. Биз “Ҳиндистон Темурийлари” ёки “Буюк Темурийлар” каби тарихий ҳақиқатни акс эттирувчи тушунчаларни халқаро илмий муҳокамага олиб чиқишимиз зарур. Бу бирор халқнинг тарихини инкор этиш эмас, балки тарихий воқеликка холис ёндашиш, буюк аждодларимиз меросини ўзининг ҳақиқий номи ва мазмун-моҳияти билан жаҳонга танитишдир, — деди Рустам Жабборов.
Шунингдек, симпозиум доирасида марказ илмий ходими Матлуба Раҳмонқулова томонидан Бобурийлар давридаги китобат санъатига бағишланган маъруза ҳам тақдим этилиши режалаштирилган.
Мазкур симпозиум Туркия ва Ўзбекистон олимлари ўртасидаги илмий мулоқотни кенгайтириш, Темурийлар ва Бобурийлар меросини янги тадқиқотлар асосида ўрганиш ҳамда унинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрнини янада кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.





