Америкалик эксперт Ўзбекистон музей мутахассислари билан ноёб экспонатларни сақлаш тажрибасини ўртоқлашди
Нью-Йорклик тўқимачилик мероси эксперти, 45 йилдан ортиқ профессионал тажрибага эга мутахассис Фрэнк Эймс иштирокида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида халқаро ўқув семинари бўлиб ўтди. “Ислом тўқимачилик мероси: матоларни экспозицияга қўйиш ва реставрация қилишда хорижий тажрибани қўллаш” мавзусида бўлиб ўтган ўқув семинарида Ўзбекистоннинг етакчи музейлари ва илмий муассасалари реставраторлари тарихий тўқимачилик буюмларини намойиш этиш, сақлаш ҳамда ташқи муҳит таъсиридан муҳофаза қилишнинг замонавий усулларини муҳокама қилди.
Семинарда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази реставраторлари ва илмий ходимлари, мамлакатимизнинг етакчи музей ҳамда илмий муассасалари мутахассислари иштирок этди. Жумладан, тадбирга онлайн форматда Бухоро ва Самарқанд давлат музей-қўриқхоналари, И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси Давлат санъат музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Термиз музейи ҳамда Археология институти вакиллари ҳам боғланишди.
Семинарда Нью-Йорклик тажрибали, ноёб, археологик ва декоратив тўқимачилик буюмлари, ислом, Европа ва Ҳинд амалий санъати, шунингдек, гиламлар ҳамда кашмир шоллари бўйича 45 йилдан ортиқ тажрибага эга мутахассис-баҳоловчи ва мустақил тадқиқотчи Фрэнк Эймс (Frank Ames) ўз маърузаси билан қатнашди.
Шунингдек, Марказ экспозиция залларида мутахассислар учун амалий машғулот ўтказиб, тарихий матоларни намойиш этиш, уларни тўғри жойлаштириш, ёритиш ва сақлаш шароитлари юзасидан ўз тавсияларини билдирди.
Амалий машғулотлар давомида Марказнинг Биринчи Ренессанс экспозициясида намойиш этилаётган Махмили боқи ва Махмил номли тарихий ёпинчиқлар ҳам эксперт билан биргаликда кўриб чиқилди. Уларнинг экспозициядаги жойлашуви, намойиш этиш шароитлари ва узоқ муддатли сақланишини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, эксперт металл иплар билан тикилган кашталарнинг ташқи муҳит таъсирида оксидланиши мумкинлигига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, ёритиш, ҳарорат, намлик, шунингдек, ташриф буюрувчилар оқими ва уларнинг нафас олиши натижасида юзага келадиган муҳит ўзгаришлари тарихий матоларнинг сақланиш ҳолатига таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис мазкур экспонатларнинг ҳолатини мунтазам кузатиб бориш муҳим.
Аввало, ушбу экспонатларнинг ҳолатини кейинги бир йил давомида мунтазам кузатиб бориш керак. Агар шу вақт ичида материалда ёки металл ипларда оксидланиш, емирилиш ёхуд бошқа ўзгаришлар кузатилса, шундан кейингина уларни шиша тўсиқ ортида намойиш этиш ёки алоҳида микроиқлим шароитини яратиш зарурати бўйича қарор қабул қилиш мақсадга мувофиқ. Чунки бундай нодир тўқимачилик намуналарини сақлашда ҳарорат, намлик ва атроф-муҳит омиллари жуда муҳим. Марказ экспозициясидаги тарихий ипак либослар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Менимча, бу ердаги илк даврларга оид ипак матолар ва либослар тўплами жуда ноёб бўлиб, уларни бошқа музейларда ҳам тез-тез учратиш қийин. Шунингдек, экспозицияда анимация ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланилгани менда катта таассурот қолдирди. Бу тарихий меросни, айниқса, ёш авлод учун янада қизиқарли ва таъсирчан тарзда намойиш этишнинг жуда яхши усули, — деди Фрэнк Эймс.
Фрэнк Эймс тўқимачилик тарихи соҳасидаги қатор фундаментал тадқиқотлар муаллифи ҳисобланади. Улар орасида The Kashmir Shawl and its Indo-French Influence, Woven Masterpieces of Sikh Heritage ва Pashmina Jewels: The Khanuja Family Collection of Kashmir Shawls асарлари алоҳида ўрин тутади. У 2007–2008 йилларда доктор Пратападитья Пал билан ҳамкорликда Нью-Йоркдаги Asia Society музейида ташкил этилган “The Arts of Kashmir” кўргазмасининг кураторларидан бири бўлган. Шунингдек, унинг профессионал фаолияти Metropolitan Museum of Art ва Asia Society каби нуфузли муассасалар билан ҳам боғлиқ.
Тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири таклиф этилган эксперт ва маҳаллий реставраторлар, жумладан, ҳудудий музейлар ҳамда илмий муассасалар вакиллари ўртасидаги касбий тажриба алмашинуви бўлди. Мулоқот давомида тўқимачилик меросини сақлашга оид долзарб масалалар муҳокама қилиниб, амалий тавсиялар алмашилди ва келгусидаги профессионал ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр билдирилди.
Мазкур семинар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг музей фаолиятига халқаро стандартларни жорий этиш, реставрация ва маданий меросни сақлаш усулларини такомиллаштириш, шунингдек, хорижий етакчи экспертлар ва илмий муассасалар билан касбий алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги ишларининг муҳим йўналишларидан бири бўлди.





