Euronews: "Тошкентдан Аммонгача — китоблар ва университетлар Ўзбекистон ва Иорданияни янада яқинлаштирмоқда"
Европанинг нуфузли Euronews телеканали веб-сайтида Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги маданий-гуманитар, илмий ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик алоқаларига бағишланган «Тошкентдан Аммонгача: китоблар ва университетлар Ўзбекистон ва Иорданияни янада яқинлаштирмоқда» номли мақола эълон қилинди. Унда Аммон шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон» асарининг араб тилидаги тақдимоти, мамлакат тарихи ва маданий меросига бағишланган тўққизта нашр ва фотоальбом намойиши, «Мовароуннаҳр — асрлар оша таралган ислом цивилизацияси зиёси» халқаро конференцияси ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти ҳақида батафсил маълумот берилган.
Шунингдек, мақолада икки мамлакат университетлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари, Тошкентда ўтказилган ректорлар форуми, қўшма таълим ва илмий лойиҳалар, Иордания Қироли Абдулла IIнинг асари Тошкентда тақдим этилгани каби муҳим воқеалар ёритилган. Нашрда мазкур ташаббуслар Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, таълим, илм-фан ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланган.
Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги маданий-гуманитар, илмий ва таълим соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган қатор халқаро тадбирлар Аммон шаҳрида бўлиб ўтди. Уларда Иордания жамоатчилигига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг асарлари, халқаро муаллифларнинг замонавий Ўзбекистон ҳақидаги тадқиқотлари, шунингдек, мамлакатнинг тарихий ва маданий меросига бағишланган иллюстрацияли нашрлар тақдим этилди. Дастурдан халқаро конференциялар, китоб тақдимотлари ҳамда Иордания академик доиралари вакиллари билан учрашувлар ҳам ўрин олди.
Ушбу тадбирлар икки мамлакат етакчиларининг Самарқанд ва Остонадаги учрашувлари давомида янги суръат касб этган мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди.
2025 йил 26 август куни Иордания Қироли Абдулла IIнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида икки томонлама ҳамкорликни, жумладан, маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган эди. 2026 йил 6 ноябрь куни Остона шаҳрида «Ақаба жараёни» доирасида ўтказилган учрашувда эса Ўзбекистон Президенти ва Иордания Қироли аввал эришилган келишувларнинг амалга оширилиш жараёнини кўриб чиқиб, икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Янги Ўзбекистон араб тилида
2026 йил 18 ноябрь куни Ўзбекистон делегациясининг Иорданияга ташрифи доирасида «Янги Ўзбекистон» феноменининг ўн йиллигига бағишланган халқаро конференция ва тақдимот тадбири ташкил этилди.
Китоб тақдимотлари дастурининг марказий воқеаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон» асарининг араб тилидаги нашри тақдимоти бўлди. Китобда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишлари, давлат тараққиётининг стратегик мақсадлари ҳамда долзарб глобал муаммоларни ҳал этишга доир ёндашувлар ёритилган. Айниқса, халқ манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, аҳоли фаровонлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Президент асари билан бир қаторда, Ўзбекистон тарихи, маданий мероси ва бугунги ўзгаришларини кенг ёритувчи араб тилидаги яна тўққизта нашр ва фотоальбом тақдим этилди.
Улар орасида «Шавкат Мирзиёев: жаҳон миқёсидаги давлат ва сиёсат арбоби», «Янги Ўзбекистон: тинчлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик мамлакати», «Мустақиллик зафарномаси» фотоальбомлари, шунингдек, «Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти» китоби бор.
Дастурнинг муҳим қисмларидан бири «Ўзбекистон: цивилизациялар, шахсиятлар, кашфиётлар» номли китоб кўргазмаси бўлди. Унда намойиш этилган нашрлар Иордания кутубхоналарига ҳадя қилинди. Бундан ташқари, Иордания илмий-тадқиқот марказлари ва олий таълим муассасалари кўмагида мамлакат кутубхоналари ҳамда таълим муассасаларида
«Янги Ўзбекистон» номли махсус китоб бўлимларини ташкил этиш режалаштирилди.
Шунингдек, Аммон шаҳрида «Мовароуннаҳр — асрлар оша таралган ислом цивилизацияси зиёси» мавзусида халқаро илмий конференция ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро тақдимоти ўтказилди.
Тадбирларда Иордания давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, парламент аъзолари, олимлар, тадқиқотчилар, диний ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Иштирокчиларнинг умумий сони 1 500 нафардан ошди.
Университетлар — ҳамкорлик майдони
Икки томонлама ҳамкорликнинг илмий ва таълим йўналишидаги кўлами Иордания университетлари вакиллари билан ўтказилган учрашувлар орқали янада кенгайди.
18 ноябрь куни Ал-Ол ал-Байт университетида Президент Мирзиёевнинг «Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон» асарига бағишланган илмий симпозиум бўлиб ўтди. Унда китобнинг асосий ғоялари, мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти ҳамда икки давлат ўртасидаги академик ва илмий алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, 17–18 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Иордания олий таълим муассасалари ректорларининг биринчи форуми бўлиб ўтди. Иордания делегациясига мамлакат таълим ва инсон ресурсларини ривожлантириш вазири Азмий Маҳафза раҳбарлик қилди. Форумда Иорданиянинг 16 та университети ректорлари ҳамда Ўзбекистоннинг 19 та етакчи олий таълим муассасаси вакиллари иштирок этди.
Тадбир «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университетида ташкил этилди. Унда университетлараро алоқаларни кенгайтириш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, илмий тадқиқотлар олиб бориш ва академик алмашинувни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида сунъий интеллект ва рақамли технологиялар, муҳандислик таълими, қайта тикланувчи энергия манбалари, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, тиббиёт таълими ва фармацевтика соҳалари белгиланди.
Шу тариқа, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик маданий-маънавий соҳалар билангина чекланиб қолмай, мутахассислар тайёрлаш, илмий салоҳиятни ривожлантириш ва академик тажриба алмашиш каби амалий йўналишларни ҳам қамраб олмоқда.
Икки мамлакат ўртасидаги маданий кўприк
Китоблар ўзаро алмашинувини тўлдирган яна бир муҳим воқеа Иордания Қироли Абдулла IIнинг «Бизнинг сўнгги энг яхши имкониятимиз: хавф-хатарлар даврида тинчликка интилиш» (Our Last Best Chance: The Pursuit of Peace in a Time of Peril) номли китобининг Тошкентдаги тақдимоти бўлди.
Тадбир 2026 йил 13 ноябрь куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ўтказилди. Асарда Иордания Қиролининг халқаро муносабатлар, минтақавий хавфсизлик, дипломатия ҳамда замонавий муаммоларга тинч йўл билан ечим топиш борасидаги мулоҳазалари ўрин олган.
Шу тариқа, китоблар алмашинуви икки томонлама тус олди: Ўзбекистон Президентининг асарлари Иорданияда тақдим этилган бўлса, Иордания Қироли Абдулла IIнинг китоби Тошкентда кенг жамоатчиликка таништирилди. Бу эса ҳар икки мамлакат жамоатчилиги ва илмий доиралари учун бир-бирининг сиёсий қарашлари, тарихи ва тараққиёт устуворликлари билан яқиндан танишиш имкониятларини кенгайтирди.
Китоблар ва университетлар ўртасидаги ташаббуслар Ўзбекистон ва Иордания муносабатларини мустаҳкамлашнинг муҳим воситасига айланмоқда. Улар таълим, илм-фан, тарихий меросни асраб-авайлаш ҳамда маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш борасидаги келгуси ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратмоқда.





