Ислом цивилизацияси маркази вакили Покистондаги халқаро анжуманда иштирок этди

Покистоннинг Исломобод шаҳрида "Мусулмон ҳамжамияти хотин-қизлар таълим-тарбияси: тажрибалар ва имкониятлар" мавзусидаги халқаро конференцияда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази вакили, Илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи Гулнора Ғаниева иштирок этди.
Анжуман доирасида қизлар таълимидаги асосий муаммолар ва уларнинг ечими, исломий таълимдаги илғор тажрибалар муҳокама қилинди. Тадбирда ислом мамлакатлари таълим вазирлари, БМТ вакиллари, халқаро ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари қатнашди.
Конференция доирасида Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев, Панжоб университети ҳузуридаги "Бобур мероси" маркази директори профессор Рухшана Ифтихар ва Ислом цивилизацияси маркази вакили ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда икки давлатнинг илмий марказлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳалар ва тадқиқотларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Рухшана Ифтихар "Бобур мероси" маркази ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида биргаликда тадбирлар ташкил этиш, Бобурийлар тарихи бўйича қўшма тадқиқотлар ва алмашинув дастурларини амалга ошириш таклифини билдирди. Шунингдек, 2024 йилда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган "Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори" VIII Халқаро конгрессида иштирок этганини мамнуният билан эслади.
"Ўзбекистон Президентининг Ислом цивилизацияси марказини бунёд этишга оид ташаббуси нафақат ислом оламида, балки халқаро миқёсда ҳам ислом динининг эзгу ғоя ва қадриятларини кенг ёйиш имконини бериб, маданият ва таълим соҳаларида улкан ўзгаришларга олиб келади", – деди "Бобур мероси" маркази раҳбари, — Марказимиз нафақат Бобур ва Бобурийлар тарихини тадқиқ қилиш ва оммалаштиришга хизмат қилиши, балки Ўзбекистоннинг шонли тарихи ва бой маданияти, унинг дунё цивилизациясига қўшган ҳиссаси тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор қилувчи доимий тарғибот-кўргазма майдони вазифасини ҳам ўташи мумкин", – дея қўшимча қилган профессор.
Гулнора Ғаниева томонидан "Ўзбекистон маданий мероси — жаҳон тўпламларида" китоб-альбомлари "Бобур мероси" маркази раҳбарига тақдим қилинди.





