«Бу шунчаки музей эмас, балки инсон тафаккурини юксалтирадиган маърифат маскани»
21 ноябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида «Зўравонликсиз келажак!» мавзусида маърифий анжуман бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари, халқаро экспертлар, таълим муассасалари вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этиб, зўравонлик ва экстремизмнинг олдини олишда илм-маърифат, маданий мерос ва ижтимоий ҳамкорликнинг аҳамиятини муҳокама қилдилар.
Анжуманда Ислом цивилизацияси маркази нафақат тарихий ва маданий меросни намойиш этувчи музей, балки ёшларнинг маънавий дунёқарашини шакллантириш, миллий ўзликни англаш ва жамиятда бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи маърифий маскан экани алоҳида таъкидланди.
Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Марказий Осиёда зўравон экстремизмнинг олдини олиш лойиҳаси раҳбари Штефан Бухмайер мазкур мавзудаги илмий-маърифий мулоқотни айнан шу масканда ўтказиш ташаббусини юқори баҳолади.
«Ислом цивилизацияси маркази бундай илмий-маърифий анжуман ўтказиш учун жуда муносиб маскан. Зўравонлик ва экстремизмнинг олдини олишда давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, таълим, илм-фан ва маданият муассасаларининг иштироки муҳим аҳамиятга эга. Бугун бу ерда кўплаб ёшларни кўриб турганимдан мамнунман. Чунки ёшлар жамият тараққиётида ҳал қилувчи ўрин тутади», — деди эксперт.
Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши депутати, хотин-қизлар масалалари бўйича эксперт, «Маърифат тарғиботчилари» жамияти аъзоси, фалсафа фанлари доктори Жамила Шермуҳаммедова Марказни миллий ўзликни англаш ва авлодлар ўртасида маънавий ворисийликни таъминлашга хизмат қилувчи ноёб маскан сифатида таърифлади.
«Бу шунчаки музей эмас, балки билим маскани, инсон тафаккурини юксалтирадиган академия. Ёшларимиз бу ерга келиб, қандай буюк аждодларга авлод эканини англаши керак. Ибн Сино, Беруний каби алломаларимизнинг илмий мероси билан танишган фарзандларимизда илмга интилиш, ўз тарихи ва Ватани билан фахрланиш туйғуси кучаяди. Мен барча ҳудудлардаги мактаблар, маҳаллалар ва олий таълим муассасалари вакилларини бу масканга келишга чақираман», — деди у.
Унинг таъкидлашича, Марказда жамланган тарихий манбалар, қўлёзмалар ва аждодларимизнинг илмий меросига оид экспозициялар ёшларни нафақат ўтмиш билан таништиради, балки уларни янги кашфиётлар қилиш, илмий изланишлар олиб бориш ва бунёдкорликка ундайди. Бундай маърифий муҳит зўравонлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлашда ҳам муҳим тарбиявий аҳамият касб этади.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг иккинчи босқич талабаси Самира Тоҳирова ҳам анжуман доирасида ёшлар ва мутахассислар ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилганини алоҳида қайд этди.
«Бугунги тадбирда зўравонлик масаласининг очиқ муҳокама қилингани менда катта таассурот қолдирди. Мутахассислар ва ёшлар ўртасида очиқ ва самимий мулоқот кечди. Бундай учрашувлар жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга хизмат қилади. Мен зўравонликни мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат деб ҳисоблайман», — деди талаба.
Мазкур анжуман илм-маърифат, тарихий хотира ва маънавий тарбиянинг зўравонликнинг олдини олишдаги ўрнини яна бир бор кўрсатди. Зеро, аждодлар меросини чуқур англаган, мустақил фикрлайдиган ва илмга интилувчан ёш авлодни тарбиялаш бағрикенг, тинч ва маърифатли жамият барпо этишнинг муҳим шартларидан биридир.





