Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва "Ас-салом" қасри музейи: янги ҳамкорлик ва маданий алоқалар
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчиси Аюбхон Юнусов “Ас-Салом" қасри музейи директори Шайха Муна Сабоҳ билан учрашди. Музей билан танишув давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази ва унинг экспозициялари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шайха Муна Сабоҳ Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига юксак баҳо бериб, ушбу Марказнинг ислом оламида муҳим аҳамият касб этишига ишонч билдирди.
Учрашув давомида “Ас-Салом" қасри музейида қўлланилган инновацион технологиялар, экспозиция концепцияси ва музей яратилиш жараёни ҳақида фикр алмашилди. Ўзбекистон делегацияси музейдаги медиа контент ва интерактив ечимларни юқори даражада ташкил этилганини алоҳида таъкидлади.
"Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган маданий-маърифий ислоҳотлар ва ислом меросини асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни юқори баҳолаймиз. Икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, илмий-тадқиқот соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бизнинг умумий мақсадимиздир. “Ас-Салом" қасри музейи ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишга ва тажриба алмашишга тайёрмиз. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг буюк ғояларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигимизни билдирамиз. Бу каби ташаббуслар нафақат Ўзбекистон ва Кувайт, балки бутун ислом дунёси учун муҳим аҳамиятга эга”, — деди Муна Сабоҳ.
Учрашув сўнгида Фирдавс Абдухолиқов музей раҳбариятига Марказ томонидан чоп этилган "Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон" китоб-альбомини, хаттот Ҳабибулло Солиҳ томонидан папирус қоғозига туширилган Муҳаммад (с.а.в.) муҳри акс этган мактуб нусхасини тақдим этди. Ушбу ташриф Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.





