Кувайтдаги Ислом мероси уйи билан ҳамкорлик йўлга қўйилди
Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчиси Аюбхон Юнусов ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Кувайт Ислом мероси уйига ташриф буюрди. Кувайт Ислом мероси уйи мамлакатнинг Маданият, санъат ва адабиёт бўйича Миллий кенгаши назорати остида “Ас-Сабоҳ” ислом санъати тўпламини намойиш этиш учун ташкил этилган. Тўпламда Хитойдан Андалусиягача чўзилган ва ҳижрий I асрдан — ХIII асргача бўлган даврларни ўз ичига олган 20 мингдан ортиқ ислом санъатининг дурдоналари мавжуд.
Шунингдек, Кувайт Ислом мероси уйида эрамизнинг ХIХ асрига оид нодир китоблар тўпламини ўз ичига олган махсус кутубхона ҳам мавжуд. Унда ислом санъати ва цивилизацияси билан боғлиқ тадқиқотларни ёритувчи нашрлар ҳам ўрин олган. Исломий асарлар уйида марҳум шайх Носир ва шайха Ҳасса томонидан йиғилган 30 минг дона қадимий буюмларга эга Сабоҳ коллекцияси мавжуд. Бу коллекция минтақадаги ислом ва араб маданий меросини акс эттиради.
"Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегациясини қабул қилдик. Ушбу марказнинг жорий йил сентябрь ойида очилиши кутилмоқда. Ва биз бу жараёнда яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигимизни билдирамиз. 2018 йил марҳум Шайх Носир билан бирга Ўзбекистонга ташриф буюрган эдик. Юртингиз маданияти ва урф-одатлари, айниқса бозорлари бизга жуда ёққан эди. Ўзбекистонга яна боришни интиқлик билан кутмоқдамиз", — деди Кувайт Ислом мерослари уйи бош директори ўринбосари шайха Ануд Иброҳим ас-Сабоҳ.
Учрашув сўнгида шайха Ануд Иброҳим ас-Сабоҳга Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан чоп этилган "Бухоро" китоб-альбоми тақдим этилди.
Маълумот учун, Ислом санъати музейлари коллекцияси ранг-баранг бўлиб, Қуръон қўлёзмалари ва илмий асарлар, заргарлик, тўқимачилик, кулолчилик буюмлари, шиша, металь, тош, ёғоч, фил суяги, гиламлар каби ноёб дурдоналарни ўз ичига олади. Кутубхонада араб ва бошқа тиллардаги нодир китоблар ва маълумотномалар тўплами мавжуд.





