Ўзбeкистондаги Ислом цивилизацияси маркази нeгизида халқаро миқёсда эътироф этиладиган илмий мактабни шакллантириш : имкониятлар, устувор йўналишлар ва истиқболлар
Глобаллашув шароитида тарихий меросни илмий асосда ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, ислом цивилизациясининг шаклланиши ва ривожланиши жараёнларини тарихий манбалар асосида тадқиқ этиш долзарб илмий вазифалардан биридир. Бу борада Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тарихий, илмий ва маънавий меросни чуқур ўрганиш, нодир қўлёзма манбаларни илмий тадқиқ этиш ҳамда халқаро академик ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим илмий-маърифий маскан сифатида фаолият юритмоқда. Марказни ташкил этиш ташаббуси 2017-йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган. Мазкур ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида Марказ 2026-йил 17-март куни расман ўз фаолиятини бошлади.
Марказнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда ислом цивилизацияси меросини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида эришилган илмий ютуқлар ҳамда шаклланган салоҳиятни алоҳида эътироф этиб, қуйидагиларни таъкидлади:
“Халқаро экспертлар эътироф этганидек, бугун Ўзбекистонда ислом цивилизацияси меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича ўзига хос катта илмий мактаб яратишга эришдик. Нақадар катта имкониятларимиз, интеллектуал салоҳиятимиз борлигини дунёга намоён эта олдик”.
Ушбу эътироф этилган илмий салоҳиятни янада мустаҳкамлаш, тадқиқотларни ягона методологик асосда мувофиқлаштириш ҳамда илмий изланишлар самарадорлигини ошириш мамлакатимизда Ислом цивилизациясини ўрганиш бўйича яхлит илмий мактабни ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан биридир.
Илмий мактабни шакллантириш имкониятлари
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази негизида халқаро миқёсда эътироф этиладиган илмий мактабнинг шаклланиши учун, аввало, мамлакатимизнинг бой тарихий-манбавий мероси, мавжуд илмий салоҳияти ва тадқиқот инфратузилмасига таяниш зарур. Бу борада Марказ муҳим илмий-ташкилий имкониятларга эга.
Биринчидан, буюк алломалар мероси ва бой ёзма манбалари ислом цивилизацияси илмий мактабини шакллантириш учун мустаҳкам тарихий асос ҳисобланади. Хорижий қўлёзма фондларидаги манбаларни ўрганиш ва илмий муомалага киритиш янги тадқиқотлар учун кенг имконият яратади.
Иккинчидан, Марказ таркибида фаолият юритаётган замонавий кутубхона, унинг илмий адабиётлар фонди, электрон ресурслари, олимлар хонаси ва индивидуал ишлаш жойлари тадқиқотчилар учун зарур инфратузилмани таъминлайди. Ушбу имкониятлар тарихий манбаларни рақамлаштириш, тавсифлаш ва каталоглаштириш орқали янада кенгайтирилиши мумкин.
Учинчидан, музей, кутубхона, илмий тадқиқот ва рақамли технологияларнинг уйғунлиги Марказнинг ўзига хос илмий муҳитини шакллантиради. Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов Diplomat Magazine нашридаги мақоласида бу ёндашувни қуйидагича изоҳлаган:
“ХХI асрга хос янги турдаги цивилизацион муассаса сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида тарихий билимлар рақамли технологиялар билан интеграциялашган, қўлёзмалар глобал рақамли ресурсларга айлантирилган, музей тадқиқот лабораторияси хусусиятини касб этган, миллий мерос эса халқаро мулоқот ва ўзаро англашувнинг муҳим асосига айланган”.
Тўртинчидан, докторантура, мустақил изланувчилик, илмий семинарлар ва халқаро ҳамкорлик тажрибали олимлар ҳамда ёш тадқиқотчилар салоҳиятини бирлаштириш имконини беради.
Демак, тарихий мерос, илмий инфратузилма ва кадрлар салоҳияти Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий мактабини шаклланиши учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Бунинг учун мавжуд имкониятларни ягона илмий концепция ва методология асосида бирлаштириш зарур.
Устувор тадқиқот йўналишлари
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси мактаби илмий мактабининг шакллан ишида, аввало, унинг тадқиқот йўналишлари ва илмий методологиясини белгилаш муҳимдир. Бу борада ислом цивилизациясининг шаклланиши ва ривожланиши, буюк алломалар мероси, манбашунослик ва қўлёзмашунослик, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги илмий-маданий алоқалар ҳамда тарихий манбаларни рақамлаштиришга қаратилган тадқиқотларни устувор йўналиш сифатида ривожлантириш мақсадга мувофиқ.
Мазкур йўналишларни ривожлантириш билан бир қаторда, илмий даражали кадрлар тайёрлаш ва ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, Марказда олий таълимдан кейинги таълим тизимини ривожлантириш ҳамда ёш олимларнинг мустақил изланишлари учун зарур шароитларни яратиш устувор вазифалардан биридир. 2026-йил 25-ноябрь куни Марказда илк бор 24.00.01 – “Ислом тарихи ва манбашунослиги” ихтисослиги бўйича докторантурага кириш имтиҳони ва суҳбат ўтказилиши ушбу йўналишдаги муҳим қадамлардан ҳисобланади. Бу ташаббус ислом тарихи ва манбашунослиги бўйича янги илмий даражали кадрлар тайёрлаш, мустақил тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ҳамда Марказ илмий мактабини шакллан ишига хизмат қилади.
Ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлашнинг яна бир муҳим механизми – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 19-апрелдаги 222-сон қарори билан тасдиқланган “Академик ҳаракатчанлик” дастури имкониятларидан самарали фойдаланишдир. Мазкур дастур доирасида Марказни ёш олимларни қабул қилувчи илмий ташкилот сифатида жалб этиш амалиётини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Бунда танлов асосида жалб этилган тадқиқотчиларнинг илмий лойиҳаларини Марказ базасида амалга ошириш, уларга илмий раҳбар ва маслаҳатчилар бириктириш, кутубхона ҳамда бошқа илмий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини яратиш муҳим аҳамиятга эга. Натижада академик ҳаракатчанлик оддий илмий алмашинувдан амалий тадқиқотлар, қўшма лойиҳалар ва янги илмий натижалар яратишга хизмат қилувчи самарали механизмга айланади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Марказнинг келажак авлод олимларини тарбиялашдаги вазифасини алоҳида таъкидлаб, шундай деган эди:
“Марказ ёшларимиз орасидан янги хоразмийлар, беруний ва улуғбеклар, фарғоний ва ибн синолар, бухорий ва термизийлар етишиб чиқиши учун мустаҳкам маънавий майдон бўлиши керак”.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу фикрлари Марказ зиммасига юклатилган муҳим вазифалардан бири ёш авлоднинг илмий салоҳиятини рўёбга чиқариш, истеъдодли тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ва янги илмий авлодни шакллантириш эканини англатади. Ушбу мақсадни амалга оширишда ёш олимларнинг илмий изланишларини рағбатлантириш, уларнинг маҳаллий ва халқаро илмий ҳамкорликдаги иштирокини кенгайтириш алоҳида аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, Марказнинг халқаро илмий алоқаларини кенгайтириш, хорижий мутахассисларни илмий изланишларга жалб этиш, маҳаллий олимлар билан қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, нодир ёзма манбалар асосида илмий ишлар тайёрлаш ҳамда тадқиқот натижаларини нуфузли халқаро илмий нашрларда эълон қилиш имкониятларини ривожлантириш муҳимдир. Бундай ҳамкорлик Марказнинг халқаро илмий майдондаги мавқейини мустаҳкамлаш, ислом тарихи ва манбашунослиги бўйича янги тадқиқотларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Марказнинг халқаро илмий майдондаги мавқеини мустаҳкамлаш учун тадқиқот натижаларининг нуфузли халқаро илмий нашрларда эълон қилинишига, олимларнинг илмий профиллари ва библиометрик кўрсаткичларини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Хусусан, AD Scientific Index халқаро илмий-таҳлилий платформасида Марказ ва унинг илмий ходимлари фаолиятини муносиб акс эттириш имкониятларини ўрганиш муҳим. Бунинг учун илмий ходимларнинг Google Scholar профилларини тартибга келтириш, ORCID идентификаторларини шакллантириш, Scopus va Web of Science базаларидаги нашр ҳамда иқтибос кўрсаткичларини мунтазам мониторинг қилиш зарур. Бу ишлар олимларнинг халқаро илмий майдондаги кўринишини ошириш, Марказ илмий салоҳиятини таҳлил қилиш ва хорижий илмий муассасалар билан ҳамкорлик йўналишларини белгилашга ёрдам беради.Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2019- йил 29-октабрдаги ЎРҚ-576-сон “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Қонунининг 31-моддасида белгиланган механизмлардан келиб чиқиб, Марказда амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга жорий этиш ва иқтисодий самарадорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, қўлёзмаларни рақамлаштириш, илмий тавсифлаш, электрон каталоглар ва маълумотлар базаларини яратиш бўйича илмий ишланмаларни амалий хизматларга айлантириш, интеллектуал мулк объектларидан фойдаланиш ҳуқуқини шартнома асосида тақдим этиш имкониятларини ривожлантириш мақсадга мувофиқ. Бу Марказнинг илмий маҳсулотлари ва хизматлари доирасини кенгайтириш, тадқиқот натижаларидан самарали фойдаланиш ҳамда Марказ фаолиятини ривожлантириш учун қўшимча иқтисодий даромад манбаларини шакллантиришга хизмат қилади.
Мазкур йўналишларнинг ўзаро уйғунлиги Марказ фаолиятини янги босқичга олиб чиқади .
Илмий мактабни ривожлантириш истиқболлари
Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази негизида халқаро миқёсида эътироф этиладиган илмий мактабнинг шакллан иши истиқболлари мавжуд илмий салоҳиятни ягона концепция ва методология асосида бирлаштириш, тадқиқот йўналишларини ривожлантириш ҳамда янги авлод олимл арини тайёрлаш билан боғлиқ. Бу жараёнда Марказ мувофиқлаштирувчи илмий платф орма вазифасини бажаради. Бунинг учун ягона илмий концепцияни ишлаб чиқиш, устувор тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, мамлакатимиздаги илмий муассасалар ва хорижий тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни кенгайтириш муҳимдир. Марказ фаолияти доирасида ислом тарихи, манбашунослик ва қўлёзмашунослик бўйича фундаментал тадқиқотларни ривожлантириш, нодир ёзма манбаларнинг илмий тавсифлари ва танқидий нашрларини тайёрлаш, электрон маълумотлар базаларини яратиш ҳамда халқаро илмий лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Пировард мақсад – ўзининг илмий концепцияси, методологик асослари, устувор тадқиқот йўналишлари ҳамда устоз-шогирд анъаналарига эга бўлган, халқаро миқёсда эътироф этиладиган илмий мактабни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази негизида шакллантиришдан иборат. Ушбу илмий мактаб ислом цивилизацияси меросини чуқур ва тизимли ўрганиш, унинг илмий натижаларини халқаро академик муомалага киритиш ҳамда жаҳон илм-фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга хизмат қилади.
Саидова Гулруҳ Ҳалим қизи
педагогика фанлари доктори (DSc), доцент





