Ўзбекистон зиёлилари кенгаши: миллий тараққиёт, маънавий юксалиш ва янги ташаббуслар
Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг илк йиғилишида миллий тараққиёт, маънавий юксалиш, она тили ва жамият ҳаётида зиёлиларнинг ўрни муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда миллий юксалишнинг янги босқичида илм-фан, таълим, маданият ва санъат вакилларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва масъулиятини янада ошириш, уларнинг салоҳиятини мамлакат тараққиёти йўлида сафарбар этиш мақсадида Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг илк йиғилиши ўтказилди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 500 нафарга яқин олимлар, ўқитувчилар, шифокорлар, муҳандислар, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, журналистлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Йиғилишнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева қатнашди. У ўз нутқида Зиёлилар кенгаши фаолияти давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотнинг янги босқичини бошлаб берганини таъкидлаб, миллий юксалиш жараёнида зиёлиларнинг ўрни, она тили ва миллий ўзликни асраш, маънавий тараққиётнинг узоқ муддатли йўналишларини белгилаш каби муҳим масалаларга тўхталди.
Зиёлиларимиздан холис фикр ва дадил таклифларни кутамиз. Кенгаш янги ғоялар майдонига айланишига ишонаман, - деди Саида Мирзиёева.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради. Шундан сўнг “Уч минг йиллик зиё тарихи” номли видеоролик намойиш этилди. Унда халқимизнинг бой маънавий мероси, илм-фан ва тафаккур тарихида тутган ўрни, аждодларимиздан мерос қолган маърифат анъаналари ҳамда Учинчи Ренессанс ғоясининг мазмун-моҳияти акс эттирилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг ҳудудий йиғилишлари жараёни акс этган видеоролик намойиш этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилган учрашувларда 2 мингдан зиёд зиёли иштирок этгани, 3 мингдан ортиқ фикр ва мингга яқин таклиф билдирилгани қайд этилди. Бу кўрсаткичлар ҳудудлардаги илм-фан, таълим, маданият ва бошқа соҳалар вакилларининг мамлакат келажагига дахлдор масалалар бўйича фаол фуқаролик позициясини намоён этганидан далолат беради.
Йиғилишда сўзга чиққан Фанлар академияси президенти, академик, Ўзбекистон Қаҳрамони Шавкат Аюпов иштирокчиларни қутлар экан, бугунги тадбирнинг тарихий аҳамиятига тўхталди. Унинг таъкидлашича, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган 500 нафарга яқин зиёли вакилларининг бир майдонда жам бўлиши миллий тараққиёт масалалари юзасидан фикр алмашиш, янги ташаббусларни илгари суриш учун муҳим имкониятдир.
Зиёли сўзининг салмоғи оғир, масъулияти улкан. Зиёли жамиятнинг кўзи, қулоғи ва виждонидир. Халқ ундан доим ҳақ гапни айтишни, тўғри йўл кўрсатишни кутади. Мамлакатимизнинг тараққиёт йўли, йўналишини белгилашда зиёли қатлами асосий интеллектуал куч сифатида жонбозлик кўрсатиши, ғоялар генератори сифатида илғор ташаббусларни илгари суриши лозим, — деди Шавкат Аюпов.
У бугунги Кенгаш фаолиятини Амир Темур давридаги машварат ва кенгаш анъаналари билан боғлаб, ҳар қандай муҳим қарорни оқил кишилар билан маслаҳатлашиб қабул қилиш тамойилининг тарихий аҳамиятини таъкидлади.
Шунингдек, анжуманнинг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилаётгани ҳам чуқур рамзий маънога эга эканини қайд этди. Зеро, бу маскан Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек, Имом Бухорий ва Алишер Навоий каби буюк алломаларнинг илмий-маърифий меросини ўзида мужассам этган.
Шунингдек, йиғилишда сўзга чиққан Самарқанд давлат университети ректори, сенатор Рустам Холмуродов зиёлиларнинг миллий истиқлол ва мамлакат тараққиёти тарихидаги ўрнига тўхталди. Унинг фикрича, бугунги шароитда илм-фан ва маърифат аҳли учун ўз ташаббусларини амалга ошириш, мамлакатда кечаётган ислоҳотларда фаол иштирок этиш имкониятлари кенгайган.
Профессор Нурсултон Тўхлиев она тилимизни асраб-авайлаш ва ўзбек тилининг нуфузини мустаҳкамлаш масаласини кўтарди. Унинг таъкидлашича, хорижий тиллардан кириб келаётган янги сўз ва атамаларга ўзбекча муқобил топиш, уларни изоҳлаш ва тил талаффузига мослаштириш бўйича тизимли иш олиб бориш зарур.
Нотиқ бу борада атамашунослик комиссияси фаолиятини янада кучайтириш, вазирлик ва идоралардаги давлат тили бўйича маслаҳатчилар ишини мувофиқлаштириш ҳамда барча зиёлиларни мазкур жараёнга жалб этишни таклиф қилди.
Таниқли хаттот Ҳабибулло Солиҳ ўз чиқишида хаттотлик санъатининг маънавий ва маданий меросимизни сақлашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритди. У олтмиш йиллик фаолияти давомида Қуръони Каримни етти марта катта ҳажмда кўчириш насиб этганини, Усмон Мусҳафини тиклаш ишларида ҳам иштирок этганини таъкидлади. Шунингдек, Марказда хаттотлик мактаби фаолияти йўлга қўйилгани, унда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган қарийб 2 минг нафар иштирокчи таълим олаётганини маълум қилди.
Хоразмлик ижодкор Сайёра Самандар эса миллий адабиёт ва санъат намояндалари меросини тарғиб қилиш, уларнинг юбилей ва хотира тадбирларини тизимли ташкил этиш масаласига эътибор қаратди. У ҳар йили ўтказиладиган тадбирларни ўзаро мувофиқлаштириш, муҳим саналарни қамраб оладиган “Маънавият тақвими”ни жорий этиш таклифини илгари сурди. Бу орқали Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Амир Темур, Машраб ва бошқа буюк сиймолар меросини кенг тарғиб қилиш, тадбирлар қамровини ошириш мумкинлиги қайд этилди.
“Тарихий дарвеш” лойиҳаси муаллифи, “Қурултой” илмий-маърифий подкасти ҳаммуаллифи Нодир Нишонов ёшлар ва кенг жамоатчилик учун сифатли илмий-оммабоп контент яратиш масаласини кўтарди. У ижтимоий тармоқларда ишончли тарихий ва илмий маълумотларни тарқатиш, бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ижтимоий грантлар тизимини йўлга қўйишни таклиф қилди. Унинг фикрича, сифатли контент тайёрлаш учун илмий манбалар, мутахассислар, экспедициялар ва муайян молиявий имкониятлар зарур.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Меҳриноз Аббосова ёшларнинг ижтимоий ва маданий ҳаётдаги иштироки, хусусий театрларни қўллаб-қувватлаш, ижодий лойиҳаларни ривожлантириш масалаларига тўхталди.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети сиёсатшунослик ва маънавият асослари кафедраси мудири Олмагул Байриева эса жамиятда тинчлик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, зиёлиларнинг маҳаллалар ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратди. Унинг фикрича, зиёлилар ёшлар тарбиясида, маҳаллаларда маънавий муҳитни шакллантиришда фаол иштирок этиши, бу борада самарали механизмларни йўлга қўйиш зарур.
Халқимизда “бир болага етти маҳалла ота-она” деган доно гап бор. Зиёли мана шу етти маънавий ота-онанинг бири бўлиши даркор. Зеро, Ватан бу бизга қолдирилган меросгина эмас, у фарзандларга топшириладиган омонат ҳамдир, — деди Олмагул Байриева.
Йиғилиш давомида билдирилган фикр ва таклифлар миллий юксалиш жараёнида зиёлиларнинг фаол иштироки, уларнинг илмий, ижодий ва маънавий салоҳиятини рўёбга чиқариш, жамиятдаги долзарб масалаларга ечим топишда интеллектуал кучни бирлаштириш муҳимлигини яна бир бор кўрсатди.
Тадбир якунида Шавкат Аюпов Кенгаш фаолиятининг асосий мақсади зиёлиларнинг фикр ва ташаббусларини умуммиллий тараққиёт вазифалари билан уйғунлаштириш, уларнинг таклифларини амалий қарорларга айлантиришдан иборат эканини таъкидлади.
Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг ташкил этилиши илм-фан, таълим, маданият ва санъат вакиллари билан давлат ўртасидаги мулоқотни янги босқичга олиб чиқиш, миллий қадриятлар ва маънавий меросни асраб-авайлаш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.





