Ўзбекистон зиёлилари халқни миллий юксалиш ва маърифат йўлида бирлашишга чорлади
Ўзбекистон Республикаси Зиёлилар кенгашининг республика йиғилиши якунида Ўзбекистон халқига Мурожаатнома қабул қилинди. Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо томонидан ўқиб эшиттирилган ушбу ҳужжатда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, миллий бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, илм-маърифатни юксалтириш, ёш авлодни замонавий билим ва тафаккур асосида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтган Зиёлилар кенгашининг республика йиғилиши мамлакатимизда илм-фан, таълим, маданият ва маърифат соҳаларини ривожлантириш, зиёлиларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга қаратилган муҳим мулоқот майдони бўлди.
Йиғилишнинг якуний қисмида икки кун давомида билдирилган фикрлар, шўъбалардаги муҳокамалар ва қабул қилинган Аҳднома мазмун-моҳиятини мужассам этган Ўзбекистон халқига Мурожаатнома ўқиб эшиттирилди. Уни Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо иштирокчилар эътиборига ҳавола этди.
Мурожаатнома аввалида кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқимизнинг фидокорона меҳнати ва ақл-заковати билан турли соҳа ва тармоқларда қўлга киритилаётган ютуқлар қайд этилди. Шунингдек, юртимиздаги тинчлик, миллатлар ва динлараро дўстлик, ҳамжиҳатлик, дунёга очиқлик ҳамда турли мамлакатлар билан самарали ҳамкорликнинг беқиёс аҳамияти таъкидланди.
Бугунги мураккаб халқаро вазият, савдо-иқтисодий алоқалар ва таъминот занжирларидаги узилишлар, манфаатлар тўқнашуви, айрим минтақаларда қуролли ихтилофлар кучайиб бораётган шароитда мамлакатимизнинг ортга қайтмас ислоҳотлар йўлидан дадил олдинга бориши муҳим вазифа экани қайд этилди.
Мурожаатномада Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Янги Ўзбекистон учун танланган Миллий тараққиёт стратегияси ва уни амалга оширишдаги қатъий сиёсий ирода мамлакатдаги ўзгаришларнинг муҳим асоси сифатида эътироф этилди.
«Бизнинг кучимиз бирликда, ҳамжиҳатликда», деган ғоя бугунги тараққиёт жараёнларида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланиб, ҳар бир фуқаронинг мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаши зарурлигига урғу берилди.
Ҳужжатда Зиёлилар кенгашининг ҳудудий йиғилишлари ҳам мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги муҳим воқеа сифатида қайд этилди. Жорий йил 10–14 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида «Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи» шиори остида ўтказилган ҳудудий йиғилишларда 1600 нафар зиёли иштирок этгани, муҳокамалар давомида 3000 дан зиёд фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилгани таъкидланди.
Республика йиғилишида эса ҳудудлардан 210 нафар вакил, пойтахтдаги илм ва ижод намояндаларидан 290 нафар вакил қатнашди. Иштирокчилар орасида энг ёши 17, энг каттаси 88 ёшда бўлгани турли авлод вакилларининг юрт тақдирига дахлдорлигини яққол намоён этди.
Мурожаатномада зиёлиларнинг жамиятдаги ўрни ва масъулиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Унда зиёлилик фақат диплом, унвон ёки илмий даража билан белгиланмаслиги, балки ташаббускорлик, ижтимоий фаоллик, фидойилик ва фаол фуқаролик позицияси орқали намоён бўлиши қайд этилди.
«Зиёли — халқнинг уйғоқ виждонидир. У жамиятдаги маънавий бўшлиқларни илму маърифат билан тўлдиради, халқ қалбига нур, ёруғлик олиб киради», деган фикр Мурожаатноманинг асосий ғояларидан бирини ифода этади.
Шу нуқтаи назардан, зиёлилар ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиш билан бирга, жамиятдаги долзарб масалаларга бефарқ бўлмаслиги, халқни эзгу мақсадлар атрофида бирлаштириши, илмий ва ижодий салоҳиятини Ватан равнақига сафарбар этиши лозимлиги таъкидланди.
Мурожаатномада келгуси ўн йилликнинг миллий юксалиш даври сифатида белгилангани ва ушбу мақсад йўлида еттита миллий дастурни амалга ошириш вазифасига ҳам эътибор қаратилди. Мазкур дастурларни ҳаётга татбиқ этишда зиёлилар давлат ва жамиятнинг муҳим таянчи бўлиши зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, сўнгги йилларда иқтисодий соҳада эришилган ютуқларни маънавий ўсиш, ахлоқий камолот ва илмий тараққиёт билан уйғунлаштириш зарурлиги таъкидланди. Мурожаатномада Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятга таяниши алоҳида қайд этилди.
Мамлакат тараққиётида миллий ўзликни англаш, тарихий хотира ва қадриятларни замонавий тафаккур билан уйғунлаштириш муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Ҳар бир инсон ўзининг кимлиги, қайси мақсад сари интилаётгани ва келажак авлод олдидаги масъулияти ҳақида чуқур мулоҳаза юритиши зарурлиги қайд этилди.
Мурожаатномада Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишда билим ва маърифатнинг ўрни беқиёс эканига алоҳида урғу берилди. Бу борада жадид маърифатпарвари Абдурауф Фитратнинг «Мия ўзгармагунча бошқа ўзгаришлар негиз тутмас», деган фикри келтирилди. Ушбу даъват бугунги авлодни дунёқарашини янгилашга, мустақил фикрлашга, замонавий билимларни эгаллашга ва тараққиётга тўсиқ бўладиган эскича қарашлардан халос бўлишга ундайди.
Шу билан бирга, мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ягона оила бўлиб яшаётгани қайд этилиб, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг бурчи экани таъкидланди.
Мурожаатномада Ўзбекистонда шаклланган бирлик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг қадрига етиш, умумий тарих, муштарак эътиқод ва ягона Ватан туйғуси атрофида бирлашиш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.
Ҳужжатда зиёлиларнинг илмий, ижодий ва маънавий салоҳиятини халқ фаровонлиги ва Ватан равнақи йўлида сафарбар этишга тайёр экани билдирилди. Шунингдек, Зиёлилар кенгаши миллат ойдинларининг фикр ва ғоялари давлат қарорларига таъсир кўрсатадиган, уларнинг овози дадил янграйдиган муҳим мулоқот майдонига айланишига ишонч билдирилди.
Мурожаатнома якунида барча юртдошлар миллий юксалиш йўлида биргаликда ҳаракат қилишга, Янги Ўзбекистоннинг маънавий-маърифий қудратини бутун дунёга намоён этишга чақирилди.
“Келинглар, азизлар, миллий юксалиш биносини барчамиз биргаликда яратайлик! Янги Ўзбекистоннинг маънавий-маърифий қудратини бутун дунёга намоён этайлик!”





