Музейнинг ҳақиқий қиймати унинг меъморий маҳобатида эмас, инсонлар ҳаётидаги ўрнида
«Ўзбекистонга келган ҳар бир инсон бу ерни албатта кўриши керак». Польша Республикаси Сейми Иқтисодиёт ва ривожланиш комиссияси раиси Рафал Павел Комаревичнинг бу сўзлари унинг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифидан олган таассуротларини яққол ифодалайди.
Рафал Павел бошчилигидаги делегация Марказнинг тарихий экспозициялари, ноёб экспонатлари, меъморий ечимлари ва замонавий мультимедиа технологиялари билан танишди. Меҳмонлар, айниқса, асрлар давомида шаклланган илмий-маънавий мероснинг замонавий технологиялар орқали намоён этилишига алоҳида эътибор қаратди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан барпо этилган Марказ ҳақидаги фикрларини билдирган Польша парламенти вакили унинг анъанавий музейлардан фарқли жиҳатларини алоҳида таъкидлади.
«Ислом цивилизацияси марказида кўрганларим менда жуда катта таассурот қолдирди. Бу маскан нафақат музей, балки ислом цивилизацияси тарихи ва маърифати билан танишиш имконини берадиган даргоҳ ҳам экан.
Марказнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у замонавий мультимедиа технологиялари билан жиҳозланган. Бу оддий музей эмас, балки ташриф буюрувчиларга тарихни мутлақо бошқача тарзда ҳис қилиш ва англаш имконини берадиган маскан.
Бу ерда кўплаб мультимедиа материаллари жамланган. Шунингдек, Ўзбекистон тарихи ва маданиятини интерактив тарзда ўрганиш учун ҳам барча шароит яратилган.
Айниқса, экспозицияларнинг якуний қисмида ёруғлик ва овоз уйғунлигига асосланган намойиш менда катта таассурот қолдирди. Ўзбекистоннинг бой тарихини бу ерга келган ҳар бир инсонга шу тарзда етказиш мумкин.
Менимча, Ўзбекистонга келган ҳар бир киши Ислом цивилизацияси марказини албатта кўриши керак. Бу ердаги барча жиҳатлар — музей экспозицияларидан тортиб, бинонинг меъморий ечимларигача — кишини ҳайратга солади.
Бироқ мен учун энг қувонарли жиҳат — Марказга одамлар ташриф буюраётганидир. Бу фақат меъморий иншоот бўлиб қолмаган, балки Ўзбекистон аҳолиси ва сайёҳлар келиб, тарих ва маданият билан танишадиган маскан эканини кўриш жуда ёқимли.
Бу ҳақиқатан ҳам ажойиб. Чунки музейлар, аввало, инсонлар учун хизмат қилади», — деди Рафал Павел.
Польша парламенти вакилининг фикрларида Марказнинг яна бир муҳим жиҳатига урғу берилган: унинг қадри фақат меъморий маҳобати ёки замонавий технологиялари билан эмас, балки инсонларга бераётган маърифий имкониятлари билан ҳам белгиланади. Зеро, тарихий мероснинг ҳақиқий қиймати уни намойиш этиш маҳорати билангина эмас, балки одамларни ўйлашга, англашга ва янги билимларни кашф этишга ундай олиши билан ҳам ўлчанади.





