Интернет орқали радикаллашувнинг олдини олиш: муаммолар ва ечимлар муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 25 ноябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Интернет орқали радикаллашув: муаммо ва ечимлар” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Бугунги кунда интернет маконида радикал ғоялар, сохта диний даъватлар ва манипулятив ахборотларнинг тарқалиши, айниқса, ёшлар дунёқарашига таъсир кўрсатиши билан долзарб аҳамият касб этмоқда. Бундай шароитда ахборот хуружларининг олдини олиш, ишончли диний-маърифий манбаларни кенг тарғиб этиш ва ёшларда танқидий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташаббуси билан ташкил этилган анжуманда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, илмий-тадқиқот марказлари, олий таълим муассасалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, олимлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Анжуманни Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермухамедов кириш сўзи билан очиб берди.
Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директорининг ўринбосари Гулнора Ғаниева ва Марказ илмий ходимлари ҳам қатнашди.
Конференцияда радикаллашувнинг келиб чиқиш омиллари, унинг ижтимоий ва психологик жиҳатлари, рақамли технологиялардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, ёшларни мафкуравий таъсирлардан ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Маҳсудов радикаллашувни фақат диний омиллар билан боғлаш тўғри эмаслигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, бу жараён ижтимоий ҳимоясизлик, психологик эҳтиёжлар, адолатсизлик ҳисси, молиявий муаммолар ва ахборот муҳити билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
Радикаллашув фақат диний билим етишмаслиги оқибати эмас, у кўпинча инсоннинг ижтимоий ҳимоясизлиги, психологик эҳтиёжлари, адолатсизлик ҳисси, молиявий муаммолари ва ахборот муҳити билан боғлиқ мураккаб жараёндир, — деди Давронбек Маҳсудов.
Шунингдек, у радикал ғояларга қарши ишончли ва сифатли маърифий контент яратиш зарурлигини таъкидлаб, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда ёшлар қизиқишига мос видеолар, подкастлар ва илмий-маърифий материалларни кўпайтиришни таклиф этди.
Радикал ғояларга қарши курашнинг самарали йўлларидан бири — уларнинг ўрнини ишончли, сифатли ва таъсирчан маърифий контент билан тўлдиришдир, — деди у.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков интернетда тарқатилаётган ёлғон ахборот ва манипулятив материалларга қарши курашишда соғлом тафаккур, маърифат ва ахборот саводхонлигининг аҳамиятига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, ёшларни ахборотни таҳлил қилиш, манбаларни текшириш ва танқидий фикрлашга ўргатиш радикаллашувнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
Ёлғон ва радикалликнинг интернет орқали тарқалиши бу замонавий ахборот муҳитининг жиддий синовидир. Унга қарши энг кучли қалқон — теран илм, соғлом тафаккур, маърифат, мўътадиллик ва жамиятдаги ўзаро ишонч, — деди Ҳомиджон Ишматбеков.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров рақамли муҳитда диний мазмундаги ахборотларнинг ишончлилигини текшириш, сунъий интеллект орқали яратилаётган материалларни тўғри баҳолаш ва ёшларни ишончли манбаларга таяниб фикр юритишга ўргатиш масалаларига тўхталди.
Имом Бухорий авлодлари ўлароқ, биз ҳеч қачон интернетда адашмаслигимиз керак, — деди Уйғун Ғафуров.
У диний таълимда устоз, китоб ва талаба ўртасидаги анъанавий муносабатларнинг аҳамиятини таъкидлаб, онлайн таълим имкониятлари бевосита устоз билан мулоқот ва маънавий тарбиянинг ўрнини тўлиқ боса олмаслигини қайд этди.
Бизда қадимдан шаклланган учлик бор: устоз, китоб ва талаба. Мана шу учлик бўлмаса, таълимда етарли натижага эришиш қийин. Онлайн таълим айрим ҳолатларда қулай имконият яратади. Аммо диний таълимда устоз билан бевосита мулоқот, одоб-ахлоқ ва маънавий тарбиянинг ўрнини тўлиқ алмаштира олмайди, — деди у.
Шунингдек, маърузачи буюк алломалар асарларини асл манбалар асосида ўрганиш, хатмул кутуб анъанасини тиклаш ва ёшларни ишончли илм манбаларига таяниб хулоса чиқаришга ўргатиш муҳимлигини таъкидлади.
Конференцияда интернет орқали радикаллашувнинг олдини олишда диний-маърифий муассасалар, илмий-тадқиқот марказлари, таълим ташкилотлари ва ахборот технологиялари мутахассислари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Тадбир якунида мазкур йўналишда илмий-амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, ёшларнинг рақамли ва медиасаводхонлигини ошириш ҳамда соҳадаги тадқиқотларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Конференция материаллари асосида илмий маъруза ва мақолалар тўпламини нашр этиш ҳам режалаштирилган.





