Туризм соҳасида ҳамкорлик кенгаяди: Марказ ва Туризм қўмитаси ўртасида меморандум имзоланди
Ўзбекистонда туризм соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий сайёҳлар оқимини ошириш ва янги туристик йўналишларни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат Марказнинг халқаро туризмдаги салоҳиятини кенг намоён этиш, хорижий сайёҳларни жалб қилиш ва туроператорлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Меморандум 25–27 ноябрь кунлари CAEx Uzbekistan кўргазмалар мажмуасида ўтказилаётган «Ипак йўлида туризм» 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ҳамда Биринчи халқаро туризм инвестиция форуми доирасида имзоланди. 45 дан ортиқ мамлакат вакиллари, 600 дан зиёд хорижий компания ҳамда 20 га яқин халқаро ташкилот иштирок этаётган мазкур тадбир янги инвестициявий ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун муҳим халқаро майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
Меморандумда туроператорлар учун махсус чегирмалар тақдим этиш, қўшма туристик дастур ва пакетлар ишлаб чиқиш, шунингдек, Марказни халқаро туристик йўналишларга кенгроқ киритиш каби вазифалар назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов ушбу келишув туроператорлар учун янги имкониятлар яратиши ва мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини кенгроқ намоён этишга хизмат қилишини таъкидлади.
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқовнинг таъкидлашича, Марказ очилганидан буён унга ташриф буюрганлар сони бир миллион нафарга яқинлашган. Уларнинг қарийб 350 минг нафарини хорижий сайёҳлар ташкил этади. Бу кўрсаткичлар Марказга халқаро қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради. Шу билан бирга, мавжуд имкониятлар ва туристик салоҳиятдан келиб чиқиб, хорижий сайёҳлар оқимини янада ошириш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
«Мақсадимиз — келгуси йилда Марказга ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар сонини бир миллион нафарга етказиш. Бунинг учун кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. CNN, Euronews, Al Jazeera каби нуфузли халқаро медиа платформаларда реклама компанияларини ташкил этмоқдамиз, жаҳон кино саноати вакиллари ҳамда хорижий медиа гуруҳлар билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Яқинда йирик халқаро медиа форум ҳам ўтказилди. Буларнинг барчаси Марказни халқаро аудиторияга кенг танитиш ва Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сонини кўпайтиришга қаратилган.
Имзоланган меморандум эса бу борадаги ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқади. Энг аввало, туроператорлар учун махсус чегирмалар тақдим этилади. Шунингдек, ҳамкорликда янги туристик дастурлар ва пакетлар ишлаб чиқилади. Зеро, хизматлар нархидаги ўзгаришлар туроператорлар фаолиятига салбий таъсир кўрсатмаслиги, улар учун барқарор ва қулай шарт-шароитлар яратилиши муҳим. Туризм қўмитаси билан биргаликда айнан шу йўналишда тизимли иш олиб боришни мақсад қилганмиз», — деди Фирдавс Абдухолиқов.
Марказ директори, шунингдек, ушбу масканни нафақат музей, балки халқаро илмий, маданий ва маърифий мулоқотлар майдони сифатида ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этди. Жорий йилнинг ўзида Марказда олтита йирик халқаро конференция ўтказилгани ҳам бу борадаги ишлар кўламини кўрсатади.
Марказ ҳудудида ташкил этилган туристик хаб ҳам сайёҳлар учун қўшимча имкониятлар яратади. Унда меҳмонхоналар, ресторанлар ва савдо нуқталари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, ташриф буюрувчилар таассуротларини янада бойитиш мақсадида мэппинг-шоу ҳам ташкил этилган.
Мазкур меморандум Марказнинг туристик имкониятларини кенг тарғиб этиш билан бирга, уни Ўзбекистоннинг халқаро туризм харитасидаги муҳим манзилларидан бири сифатида танитиш, хорижий сайёҳлар оқимини ошириш ва мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий меросини жаҳон миқёсида кенг намоён этишга хизмат қилади.





