Туркманистонлик ижодкор: «Марказий Осиё халқларининг тарихий илдизлари муштарак»
Туркманистондан ташриф буюрган «Дўстлик кўприги» кўргазмаси иштирокчиларидан иборат делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлди. Меҳмонлар Марказ экспозициялари орқали минтақамизда асрлар давомида шаклланган илм-фан, маданият ва маънавий ҳаёт тараққиёти, буюк алломалар мероси ҳамда Марказий Осиё халқларини бирлаштириб турувчи муштарак тарихий илдизлар билан танишди.
Ташриф давомида делегация аъзолари, айниқса, Ислом цивилизациясининг шаклланиш ва ривожланиш босқичлари, Марказий Осиё заминидан етишиб чиққан мутафаккирларнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси ҳамда Ренессанс даврларига бағишланган экспозицияларга қизиқиш билдирди. Уларда тақдим этилган қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар, археологик топилмалар ва маданий мерос намуналари орқали минтақанинг кўп асрлик тараққиёт йўли ҳақида атрофлича маълумот олиш имкони яратилган.
Шунингдек, меҳмонлар тарихий маълумотларни замонавий мультимедиа технологиялари ва интерактив ечимлар орқали тақдим этиш усуллари билан танишди. Бу имкониятлар ўтмиш воқеаларини нафақат ахборот сифатида қабул қилиш, балки уларнинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ англашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Туркманистон Рассомлар уюшмаси раиси Чоримурод Язмуродов Марказнинг нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун аҳамияти катта эканини таъкидлади. Унинг фикрича, мазкур маскан минтақадаги халқларнинг муштарак тарихи ва бой маданий меросини намоён этиш, айниқса, ёш авлоднинг билим ва дунёқарашини бойитишда муҳим ўрин тутади.
«Менимча, мазкур марказ нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун ҳам ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Чунки у бугунги ва келажак авлод учун ибрат манбаи, инсонларни ўз устида ишлашга, илм олишга ва юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлишга ундайдиган муҳим маскандир.
Марказдаги музей, кутубхона, турли тарихий даврлар ва Ренессанс босқичларига бағишланган экспозициялар ёш авлоднинг билими ва дунёқарашини бойитишда катта аҳамият касб этади. Зеро, бугун биз кўриб турган тарихий обидалар ва меъморий ёдгорликлар ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи, тараққиёт йўли ва бой маънавий меросига эга.
Айнан шу тарихий мерос Марказий Осиё халқларини бир-бирига боғлаб туради. Бугун бир-бирига қўшни ҳудудларда яшаётган халқларимизнинг тарихий илдизлари муштарак эканини ушбу марказ яна бир бор намоён этмоқда.
Шу боис, мазкур марказни таълим, маърифат ва умуминсоний маданиятни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам, деб ҳисоблайман. У бизга аждодларимиз қандай буюк мерос қолдирганини ва бугун қандай тараққиёт босқичига етиб келганимизни англаш имконини беради. Бу жуда муҳим ва айни керакли вақтда бунёд этилган улкан иншоотдир», — деди Чоримурод Язмуродов.





