Анголалик мутахассис Ислом цивилизацияси марказининг туристик салоҳиятини юқори баҳолади
Ангола Республикаси Туризм вазирлиги ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш миллий дирекцияси директори Динис Куикасса Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, унинг бой тарихий экспозициялари, меъморий ечими ва замонавий технологиялар асосида ташкил этилган тақдимотлари билан танишди. Меҳмон Марказнинг Ўзбекистон тарихий-маданий меросини халқаро миқёсда намоён этиш ва мамлакатнинг туристик жозибадорлигини оширишдаги аҳамиятини алоҳида эътироф этди.
Ташриф давомида меҳмонга Марказнинг ташкил этилиш ғояси, асосий мақсад ва вазифалари, илмий-маърифий фаолияти ҳамда халқаро ҳамкорлик йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, бинонинг миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий архитектура ечимлари уйғунлигида бунёд этилгани, унинг ўзига хос меъморий қиёфаси ҳақида сўз юритилди.
Экспозициялар билан танишиш жараёнида Динис Куикасса Ўзбекистон ҳудудида шаклланган қадимий цивилизациялар, аждодларимизнинг илм-фан, маданият ва маънавият ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида маълумотларга эга бўлди. Тарихий манбалар, маданий мерос намуналари ва турли даврларга оид экспонатлар орқали мамлакатнинг кўп асрлик тараққиёт йўли ҳақида атрофлича тасаввур олиш имконияти яратилгани меҳмонда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, тарихий маълумотларни мультимедиа воситалари, рақамли тасвирлар ва интерактив қурилмалар орқали тақдим этиш усулларига эътибор қаратилди. Бундай ёндашув экспозицияларни нафақат кўргазмали, балки мазмунан тушунарли ва таъсирчан тарзда намойиш этишга хизмат қилади.
Динис Куикасса ташрифдан олган таассуротлари билан ўртоқлашар экан, Марказни Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва маданиятини хорижий сайёҳларга танитишда муҳим туристик манзил сифатида баҳолади.
«Бугунги ташриф мен учун жуда мазмунли ва унутилмас бўлди. Ислом цивилизацияси тарихи, унинг бой мероси ва инсоният тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида кўплаб янги маълумотларга эга бўлдим. Марказдаги экспозициялар, тарихий манбалар ва тақдимотлар менда катта таассурот қолдирди.
Айниқса, Ўзбекистон заминида шаклланган бой тарихий ва маданий мерос, халқнинг асрлар давомида ўз анъаналарини сақлаб келгани эътиборга лойиқ. Бу ерда намойиш этилаётган тарихий бойликлар мамлакатнинг нақадар чуқур илдизларга эга эканини яққол кўрсатади. Бугун кўрганларим орқали Ўзбекистон ва унинг цивилизацион мероси ҳақида янада кенгроқ тасаввурга эга бўлдим.
Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳсинга сазовор. Менимча, Ислом цивилизацияси маркази дунёнинг йирик туристик масканларидан бирига айланди. Чунки бу ерда мамлакатнинг кўп асрлик тарихи, бой маданияти ва цивилизацион мероси яхлит тарзда намоён этилган.
Марказнинг меъморий ечими, замонавий инфратузилмаси ва тарихий мазмун билан уйғунлашган экспозициялари хорижий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз. Бу маскан нафақат тарих билан танишиш, балки Ўзбекистон, унинг халқи, маданияти ва қадриятларини чуқурроқ англаш имконини ҳам беради.
Ўйлайманки, Ўзбекистон ноёб тарихий обидалари, маданий бойликлари ва замонавий туристик инфратузилмаси билан халқаро туризм харитасида янада муҳим ўрин эгаллаб боради», — деди Ангола Республикаси Туризм вазирлиги ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш миллий дирекцияси директори Динис Куикасса.





