«Ўзбекистон билан танишув аэропортдан эмас, Ислом цивилизацияси марказидан бошланиши керак»
Ўзбекистонга келган сайёҳ мамлакат билан танишувни қаердан бошлаши керак? Россия тиббий ва академик туризм ассоциацияси президенти Евгений Чернишов бу саволга ўзига хос жавоб берди: аэропортдан эмас, Ислом цивилизацияси марказидан. Унинг фикрича, мамлакатни чуқурроқ англаш учун, аввало, унинг тарихи, маънавий илдизлари ва маданий мероси билан танишиш лозим.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган ярмарка ва «Туризм йили» тадбирлари иштирокчилари Марказга ташриф буюриб, унинг экспозициялари билан танишди. Улар орасида Россия тиббий ва академик туризм ассоциацияси президенти Евгений Владимирович Чернишов ҳамда Эрон Ислом Республикаси Соғлиқни сақлаш дипломатияси стратегик қўмитаси ижрочи котиби доктор Али Мохтадери Исфаҳоний ҳам бор.
Евгений Чернишов Марказ биносида бутун бир минтақанинг кўп асрлик тарихи ва бой маданий мероси жамланганини алоҳида эътироф этди. Унда тарихий маълумотлар асосида яратилган видеолавҳалар, шунингдек, Қуръони карим залидаги машҳур Усмон мусҳафининг ўзига хос ёруғлик композицияси билан уйғунлашган ҳолда намойиш этилиши катта таассурот қолдирди. Меҳмоннинг таъкидлашича, Марказ нафақат тарихий билим беради, балки Ўзбекистон ўтмишига нисбатан янада чуқур қизиқиш уйғотади.
«Марказ ўз кўлами билан мени ҳайратга солди. Қараганда унчалик катта бўлмаган бинода ушбу ҳудуд ва мамлакатнинг кўп асрлик тарихи мужассам экан. Тарихий маълумотлар асосида яратилган видеолавҳаларни томоша қилгач, ҳатто Ўзбекистон тарихини ўрганувчи тарихчи бўлиш истаги пайдо бўлди.
Энг катта таассуротни эса экскурсия якунида кўрсатилган машҳур тарихий Қуръони карим қолдирди. Унинг намойиши бутун зални қамраб олган мафтункор ёруғлик композицияси билан уйғунлашган эди. Шу билан бирга, Қуръони карим ёруғлик таъсирида зарарланмаслиги учун унинг ўзи қоронғуликда сақланган. Бунинг барчаси ўзига хос, бетакрор муҳитни яратди.
Менимча, Ўзбекистонга ташриф аэропортдан эмас, айнан Ислом цивилизацияси марказидан бошланиши керак. Чунки ушбу маскан халқнинг руҳияти, тарихи ва меҳмондўстлигини ўзида мужассам этган», — деди Евгений Владимирович Чернишов.
Эронлик меҳмон доктор Али Мохтадери Исфаҳоний эса Марказнинг аҳамиятини минтақадаги халқларнинг муштарак тарихи ва маданий яқинлиги билан боғлади. Унинг фикрича, экспозицияларда нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё, Эрон ва Жанубий Осиё халқларининг умумий тарихий илдизлари ва маданий мероси ҳам ўз ифодасини топган.
«Бу ҳақиқатан ҳам ажойиб маскан. Марказ бизнинг умумий меросимиз ва муштарак маданиятимизга оид қадриятларни ўзида жамлаган. Марказий Осиё, Эрон, ҳатто Жанубий Осиё мамлакатларида яшовчи халқларнинг ҳам ўзаро муштарак жиҳатлари, умумий тарихий илдизлари кўп. Менимча, ушбу Марказ бизни бирлаштириб турадиган қадриятларни яхлит тарзда намоён этган.
Асрлар давомидаги тарихни намойиш этишда замонавий технологиялардан самарали фойдаланилгани ҳам таҳсинга сазовор. Бу маскан Ўзбекистонга ташрифнинг биринчи кунидаёқ бориш учун жуда муносиб жой. Чунки бу ерга келиб, Марказ билан танишган инсон Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва бошқа шаҳарларнинг тарихини ҳам кашф этишга қизиқиб қолади. Бу ер мамлакат бўйлаб саёҳатни бошлаш учун жуда яхши нуқта», — деди доктор Али Мохтадери Исфаҳоний.
Хорижлик меҳмонларнинг фикрлари Ислом цивилизацияси марказининг Ўзбекистон тарихий-маданий меросини халқаро аудиторияга танитишдаги аҳамиятини яна бир бор кўрсатди. Марказ мамлакатнинг ўтмиши ва бугунги тараққиёти ҳақида яхлит тасаввур берадиган, шунингдек, Марказий Осиё ва бошқа минтақалар халқларининг муштарак маданий илдизларини англашга хизмат қиладиган муҳим маърифий ва туристик манзилдир.





