Халқаро хаттотлик мактабида халқаро ҳамкорликнинг янги истиқболлари муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 28 ноябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қошидаги Халқаро хаттотлик мактабида «Хаттотлик мактаби: амалий маҳорат дарслари ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари» мавзусида халқаро илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Гибрид форматда, яъни офлайн ва онлайн тарзда ташкил этилган тадбирда 11 мамлакатдан хаттотлар, олимлар ва соҳа мутахассислари иштирок этиб, хаттотлик санъатининг бугунги тараққиёти, миллий мактаблар тажрибаси ва халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилдилар.
Тадбирни очиб берган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов Марказда маданий меросни ўрганиш, асраб-авайлаш ва халқаро миқёсда тарғиб қилишга қаратилган илмий-амалий учрашувлар мунтазам ташкил этилаётганини таъкидлади. Хусусан, жорий йил апрель ойида Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ўтказилган йирик халқаро конференция доирасида Темурийлар даври хаттотлик санъатига бағишланган махсус шўъба йиғилиши ҳам Марказда бўлиб ўтганини қайд этди.
Марказимизда хорижий мутахассислар иштирокида мунтазам равишда илмий учрашувлар, конференциялар, давра суҳбатлари ва кўргазмалар ташкил этилмоқда. Жумладан, жорий йил апрель ойида буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ўтказилган йирик халқаро конференция доирасида Темурийлар даври хаттотлик санъатига бағишланган махсус шўъба йиғилиши ҳам айнан Марказимизда бўлиб ўтди. Ушбу анжуманда хорижий олимлар, мутахассислар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, Шарқ китобат санъатининг тарихий тараққиёти, унинг ўзига хос мактаблари ва бугунги кундаги ривожланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар, — деди Фирдавс Абдухолиқов.
Марказ директори, шунингдек, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини ўрганиш бўйича халқаро марказ — ИРСИКА раҳбари Маҳмуд Эрол Қилич томонидан илгари сурилган халқаро хаттотлар кўргазмасини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлашларини билдирди. Унинг таъкидлашича, Марказга турли мамлакатлардан хаттотлар, шарқшунослар, қўлёзмашунослар, ноширлар ва маданий мерос мутахассисларининг ташрифи илмий ҳамда ижодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
Нутқда Марказнинг Қуръони карим қўлёзмалари ва уларнинг китобат санъати билан боғлиқ тарихини ўрганиш борасидаги фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, Марказ ташаббуси билан Ўзбекистон ва жаҳоннинг турли мамлакатларида сақланаётган Қуръони каримнинг энг нодир қўлёзма нусхаларига бағишланган икки жилдли китоб-альбом нашр этилгани маълум қилинди.
Маълумки, тарихда ҳар бир сулола, ҳар бир ҳукмдор ўз даврининг бадиий ва хаттотлик услубига хос Қуръони карим нусхаларини кўчиртиришга алоҳида эътибор қаратган. Бу анъана асрлар давомида давом этиб, ҳатто ХХ аср бошларига қадар ўз аҳамиятини йўқотмаган. Биз ана шу улуғ анъанани замонавий даврда қайта тиклаш ва янги мазмун билан бойитишни мақсад қилганмиз. Шу муносабат билан Марказимиз томонидан “Янги Ўзбекистон Қуръони” номли йирик халқаро лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда, — деди Марказ директори.
Шунингдек, у Халқаро хаттотлик мактаби фаолиятини янада ривожлантириш, хорижий хаттотлик марказлари билан тажриба алмашиш, маҳорат дарслари, халқаро кўргазмалар ва қўшма илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш муҳимлигини қайд этди. Бу борада ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш ҳам устувор вазифалардан эканини таъкидлади.
Семинарнинг амалий қисмида эронлик таниқли хаттот, Эрон Хаттотлар уюшмаси устози Каримуллоҳ Нажафий иштирокида настаълиқ ва шикаста настаълиқ хат услублари бўйича маҳорат дарси ўтказилди. У Тошкентдаги Халқаро хаттотлик мактаби фаолияти ва ёшларнинг ушбу санъатга қизиқишини юқори баҳолади.
Мен Эроннинг Теҳрон шаҳридан келдим. Бу ерда икки нафар моҳир устоз насх ва сулс хат услубларидан сабоқ бераётган хаттотлик мактаби фаолияти билан танишиб, қизиқувчи ёшларга настаълиқ ва шикаста настаълиқ услубларини ўргатишдан мамнунман. Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрида хаттотлик санъатини ўрганиш учун шундай муҳит яратилгани қувонарли. Хаттотлик ҳар ким ҳам эгаллай оладиган оддий машғулот эмас. Бу санъатни давом эттириш учун инсонда кучли қизиқиш, иштиёқ ва сабр бўлиши керак. Бу ерда жамланган ёшларнинг интилишлари мени хурсанд қилди. Уларнинг ўз устида ишлашда давом этиб, кўзлаган мақсадларига эришишларини истайман, — деди Каримуллоҳ Нажафий.
Эронлик хаттот келгусида икки мамлакат хаттотлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан ҳам таклиф билдирди. Унинг айтишича, Эрон Хаттотлар уюшмасининг мамлакат шаҳарлари билан бир қаторда Европа, Америка ва Осиёнинг турли давлатларида ҳам бўлимлари фаолият юритади. Ушбу тажриба асосида Ўзбекистонда ҳам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мумкин.
Ўзбекистон, жумладан, Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида ҳам Эрон Хаттотлар уюшмасининг бўлимларини ташкил этиш имконияти бор, деб ўйлайман. Бу орқали эронлик устозлар келиб, маҳаллий хаттотлик санъатига қизиқувчи ёшларга таълим беришлари, уларнинг маҳоратини оширишга кўмаклашишлари мумкин. Мен ҳам Эрондан туриб, ушбу мактаб ва унинг жамоаси билан ҳамкорлик қилиш, ўз тажрибам билан ўртоқлашишга тайёрман, — дея таъкидлади у.
Маҳорат дарси давомида Халқаро хаттотлик мактаби ўқувчилари настаълиқ хат услубининг ўзига хос хусусиятлари, ёзиш техникаси ва бадиий имкониятлари билан танишдилар. Шунингдек, металлга нақш ўйиш санъати устаси Ҳусайн Саржўқиённинг хаттотлик ва рассомлик санъати ўртасидаги уйғунликка бағишланган тақдимоти ҳам ўтказилди.
Анжуманнинг илмий қисмида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими Шайх Абдулазиз Мансур, туркиялик хаттот Сайид Аҳмад Депелер, қозоғистонлик хаттот Асилбек Оринбасар, тожикистонлик хаттот Абдухалил Ҳакимов, афғонистонлик хаттот Фоиз Қаламкар, покистонлик хаттот Муҳаммад Абубакр Сиддиқий, АҚШ вакили Ҳаж Вафо ҳамда Тошкент ислом институти проректори, хаттот Ёқубжон Бухорбоевнинг маърузалари тингланди.
Мутахассислар хаттотлик санъатининг замонавий тараққиёти, анъанавий мактабларнинг ўзига хос жиҳатлари, устоз-шогирд анъаналарини сақлаш, ёш хаттотларни тайёрлаш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Таъкидлаш жоизки, хаттотлик санъати асрлар давомида Шарқ цивилизациясида китобат, илм-фан, адабиёт ва тасвирий санъат тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ривожланган. Бугунги кунда ушбу ноёб санъатни асраб-авайлаш, унинг бой анъаналарини янги авлодга етказиш ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур халқаро семинар Халқаро хаттотлик мактабининг хорижий мутахассислар билан алоқаларини мустаҳкамлаш, янги қўшма лойиҳаларни шакллантириш ва ёш хаттотларнинг касбий маҳоратини ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Тадбир якунида иштирокчилар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг асосий экспозициялари билан танишдилар.





