Экспозиция эмас – интерактив тарих макони
“Ўтмишга нафақат қараш, балки уни тўлиқ ҳис этиш имкони”. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида яратилаётган музей экспозициясини бойитишда ана шу тамойилга амал қилинмоқда. Мақсад – ҳар бир меҳмон тарихни нафақат кўриш, балки эшитиш, ўқиш, ҳис этиш орқали англасин.
“Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейининг исломдан аввалги давр экспозициясида махсус ахборот қурилмалари жойлаштирилмоқда. Бу ерда нафақат гид-экскурсоводлар учун тайёр матнлар, балки ҳар бир секторда индивидуал маълумот узатиш технологиялари ҳам ишлайди. Айрим экспонатларни ҳатто ҳидлаб кўриш мумкин бўлади” — дейди марказнинг етакчи илмий ходими, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Анвар Матниёзов.
Шу тарзда яратилаётган экспозиция халқаро музейлар даражасидаги интерактив ёндашувни намоён этади. Ҳар бир залнинг ўзига хос муҳити бор ва улар бир-бирини такрорламайди.
“Бизнинг вазифамиз – хорижлик туристлар хотирасида қоладиган, ўзгача тажриба бўладиган тарихий макон яратиш. Бунинг устида жиддий ишлаяпмиз. Ҳозирда дизайн ишлари якунланиш арафасида. Турли мамлакатлардан келаётган ноёб артефактлар билан экспозиция тўлиқ таъминланади. Раҳбариятимиз ҳам бу борада катта ёрдам бермоқда” — дейди А.Матниёзов.








