Вақтни ортга бурган тахта
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин оладиган миниатюрада Соҳибқирон Амир Темур шахмат ўйнаб ўтирган ҳолда акс эттирилади.
Ислом цивилизацияси марказидаги “Вақт девори” экспозициясида Иккинчи Ренессанс даври, хусусан, Темурийлар Ренессансига оид маънавий ва маданий юксалиш жараёнларини акс эттирувчи визуал манзаралар устида иш олиб борилмоқда.
Йиғилиш доирасида Амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо, Улуғбек Мирзо ва Ҳусайн Бойқаро давридаги маънавий юксалишни санъат воситалари орқали ифода этиш мумкинлиги муҳокама қилинди. Айниқса, рангтасвир орқали тарихий образларни жонлантириш масаласи илмий ва креатив мулоҳазаларга бой кечди.
Йиғилишда катта қизиқиш уйғотган масалалардан бири — миниатюрада Соҳибқирон Амир Темурни шахмат ўйнаб ўтирган ҳолда қандай акс эттириш лойиҳаси бўлди.
Мутахассислар бу саҳна орқали нафақат Темур шахсий дид ва интеллектуал қобилиятларини, балки ўша давр маданияти ва ақлий ўйинлар даражасини намоён этиш имкони борлигини қайд этишди.
Таъкидланишича, Амир Темур шахмат ўйнашни жуда яхши кўрган ва бу ўйин унинг интеллектуал салоҳиятининг ифодаси сифатида муҳим ўрин тутган. Шу муносабат билан рангтасвир асарида айнан Темур даврига хос бўлган шахмат тахтаси ва ўйин услубини тасвирлаш зарурлиги белгилаб олинди.
Маълумотларга кўра, Темурийлар даврида қўлланилган шахмат тахтаси ҳозирги 64 катакли шахматдан фарқли равишда 112 та катакдан иборат бўлган. Унда вазир, даббоба (жанг араваси), шутур (туя), зурофа (жирафа) каби қўшимча фигуралар мавжуд бўлган. Шахмат доналари одатдагидек икки эмас, уч қаторда жойлаштирилган. Ўйиннинг умумий мақсади — рақиб шоҳини мот қилиш — анъанавий шаклда сақланган бўлса-да, унинг услуби ва эстетикаси ўзига хос бўлган.
Ислом цивилизацияси марказидаги ушбу экспозиция орқали томошабинлар нафақат Темурийлар давридаги интеллектуал ҳаёт ҳақида маълумот оладилар, балки у замон маънавий ривожланишнинг юқори даражада бўлганини ҳам ҳис этишлари мумкин бўлади.








