Амир Темур мақбараси эшигининг ўймакор нусхаси ислом цивилизацияси маркази экспозициясида
Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси яна бир беназир тарихий намунани ўз ичига олади — Амир Темурнинг Самарқандда жойлашган мақбараси эшигининг юксак санъатда яратилган ўймакор нусхаси. Бу нусха нафақат моддий маданиятимизнинг, балки маънавий меросимизнинг ҳам қимматли тимсоли сифатида намоён бўлади.
1404 йилда қурилиши бошланган мақбара — Темурийлар сулоласининг асосчиси Амир Темур, унинг фарзандлари ва авлодлари дафн этилган муқаддас маскан. Мақбарадаги эшик — ўша даврдаги ёғоч ўймакорлик санъатининг юксак намунаси бўлиб, у чин моҳирлик ва юксак зеҳн билан ишланган.
Ёнғоқ дарахтидан ясалган эшикдаги нақшлар геометрик шакллар, арабча хушхатлар ва растагул услубидаги ўсимликсимон орнаментлар билан бойитилган. Бу иш услуби темурийлар давридаги зийнатлаш мактабларининг мукаммаллигини кўрсатади.
Эшикдаги ҳар бир ўйма — исломий ғоялар, санъат ва маънавият уйғунлигининг ёрқин ифодасидир. Унда “Бисмиллоҳ”дан тортиб, қуръоний оятлар ҳам махсус услубда жой олган.
Марказдаги бу эшик нусхаси тарих ва ҳунармандликни замонавий мулоҳаза билан баҳолаш, ёш авлодга Амир Темур давридан қолган маданий меросни яқиндан кўрсатишга хизмат қилади. Шу билан бирга, у меҳмонларда юртимиздаги цивилизация, зеҳн, юксак санъат ва исломий дунёқараш уйғунлигини ҳис қилиш имконини беради. Артефакт Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридаги Давлат Эрмитажи коллекциясида сақланади. Эшикнинг тепа қисмида “Бу фоний дунё ёлғон дунёдир, ҳар бир жонимиз ва нарсамиз омонатдир. Ҳақиқий дунё - у дунёдадир” каби сўзлар ёзилган. Эшикнинг баландлиги 2,5 метр, кенглиги 62 сантиметр, қалинлиги 7 сантиметр бўлган.
Бу каби экспонатлар юртимиз тарихи ва ислом цивилизацияси ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш, ўтмишдан ифтихорланиш ва келажакка илҳом билан қарашда муҳим аҳамият касб этади.







