Шавкат Мирзиёевнинг БМТда илгари сурган ташаббуси ҳақиқатга айланди – Аладваний Шакер Салоҳ
2025 йил 26-27 сентябр кунлари Тошкент шаҳридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини сақлаш ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган халқаро экспертлар форуми бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари яқинда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида сўзлаган нутқида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, жумладан, илм-фан ва маърифат соҳасидаги янгиликларга алоҳида урғу берди. Шу ўринда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиши бутун жаҳон илмий жамоатчилиги учун кутилаётган муҳим воқеа сифатида таъкидланди.
Икки кун давомида бўлиб ўтган форумда 20 дан ортиқ давлатлардан ва IRCICA, ICESCO, TURKSOY, Бутунжаҳон Ислом Лигаси, Оксфорд университети, Россия Фанлар Академияси, Christie’s каби нуфузли халқаро ташкилотлардан 100 дан зиёд мутахассисларни бирлаштирган ушбу анжуман Ўзбекистонда олиб борилаётган маънавий-маърифий сиёсатнинг мантиқий давоми ва илмий ҳамкорликнинг янги босқичидир.
Аладваний Шакер Салоҳ,
Бутунжаҳон ислом уюшмаси конференциялар ва тадбирлар директори:
Аввало, биз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилган халқаро экспертлар кенгашида иштирок этганимиздан жуда хурсандмиз. Анжуманда дунёнинг турли мамлакатларидан таниқли мутахассислар иштирок этди.
Марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбаридан илгари сурган ташаббусига биноан барпо этилди ва бугун у ҳақиқатга айланди.
Марказнинг ўзи жуда гўзал ва бой. Ундаги бўлимлар жуда ажойиб. Айниқса, унда Усмон (р.а.) мусҳафи — ягона ва нодир Қуръон нусхаси борлиги кифоя. Бу мусҳаф бутун ислом олами учун бебаҳо маданий ва тарихий мерос бўлиб, халқаро ва минтақавий миқёсда катта аҳамият касб этади.
Марказда Қуръони каримнинг қимматли қўлёзмалари ҳам мавжуд. Уларнинг қиймати жуда улкан.
Босма нусхалар чоп этилиши имконияти мавжудлиги туфайли тезроқ тарқалади ва бутун инсониятга босма ёки электрон шаклда етказилиши мумкин. Қўлёзмалар эса ўзининг тарихий аҳамияти билан ислом меросининг бебаҳо қисми ҳисобланади.
Халқаро экспертлар форуми қатнашчилари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нуфузли халқаро ташкилот – Бирлашган Миллатлар ташкилоти минбаридан туриб бу соҳада илгари сурган ташаббусларини эътироф этаркан, Ислом цивилизацияси маркази нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун ислом дунёси учун катта аҳамият касб этади.









