“Марказий Осиёда маънавий мерос ва маърифатпарварлик” халқаро конгрессига тайёргарлик: махсус штабнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда қатор масъул ташкилотлар иштирокида Тошкентда ўтказиладиган “Марказий Осиёда маънавий мерос ва маърифатпарварлик” мавзусидаги халқаро конгрессга тайёргарлик бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилаётган мазкур халқаро конгрессни юқори савияда ўтказишни таъминлаш мақсадида махсус ташкилий штабнинг биринчи муҳокамаси бўлиб ўтди.
Йиғилишда марказ директори Фирдавс Абдуҳолиқов, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Маълумот учун, штаб таркибига вазирлик ва идоралар вакиллари, маданият, илм-фан ва ахборот соҳаси мутахассислари киритилган. Уларнинг асосий вазифаси — конгресс доирасидаги барча илмий, маданий ва ташкилий ишлар узвий мувофиқлаштирилишини таъминлашдан иборат.
Йиғилиш муҳокамасида Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов тадбирда хавфсизлик, ташкилий тайёргарлик, олимлар ва меҳмонларнинг ўз вақтида етиб келиши ҳамда уларнинг эркин иштирокини таъминлаш масалалари марказ эътиборида бўлишини таъкидлади.
Конгрессни юксак савияда ўтказиш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда, деди Б.Абдуҳалимов.
Йиғилишда, конгресс доирасида ўтказиладиган “Марказий Осиё ва Озарбайжон кино кунлари”ни ташкил этиш бўйича ҳам қатор масалалар кўриб чиқилди.
Йиғилиш иштирокчилари таъкидлаганидек, ушбу халқаро конгресс Марказий Осиё халқларининг умумий илдизларга эга бой маънавий ва маданий меросини янада яқинлаштиради. Шу мақсадда анжуман доирасида кўргазмалар, маданий дастурлар ва илмий нашрлар тақдимоти ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган.
Махсус штабнинг илк йиғилишида халқаро конгресснинг маданий тадбирлари доирасида ўтказилиши кутилаётган Марказий Осиё ва Озарбайжон кино кунларида ҳамкорликда ишланган фильмларни саралаш ҳамда намойиш этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, конгресс давомида тасвирий санъат ва китоб кўргазмалари ҳамда кино кунларига оид афишалар ва видеоматериалларини тайёрлаш бўйича режалар белгилаб олинди.
Тадбир нафақат илмий ҳамкорлик, балки минтақавий дўстлик ва ҳамжиҳатлик рамзи сифатида катта аҳамият касб этади.









