EURONEWS: “Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида болалар учун янги таълимий имкониятлар эшигини очмоқда”
Нуфузли халқаро ахборот агентлиги – Euronews Ўзбекистон Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази таркибида яратилган янги болалар майдони орқали ёш авлодни технология, ҳикоялаш санъати ва интерактив ўқув усуллари ёрдамида мамлакатнинг бой маданий меросини ўрганишга чорлаётганини эътироф этди.
Болалар майдони интерактив кўргазмалар, ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги кўп тилли контент ҳамда Марказий Осиё олимларининг ҳаёти ва кашфиётларини акс эттирувчи рақамли инсталляциялар билан жиҳозланган. Сунъий интеллект ва анимациядан фойдаланган ҳолда тарихий шахслар илм-фан, ижодкорлик ва қизиқувчанлик қандай қилиб Ислом оламини шакллантирганини тушунтиради.
Марказда, шунингдек, халқаро хаттотлик мактаби фаолият юритади. Унда мутахассислар ва рассомлар Қуръон хаттотлиги ва нақшинкор ёзувларнинг анъанавий услубларини қайта тиклаш, шунингдек, хаттотликнинг замонавий ёндашувларини тарғиб этиш бўйича маҳорат дарсларини ўтказадилар.
Мажмуанинг муҳим қисмларидан бири — Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси бўлиб, у икки қаватдан иборат ва 35 мингдан ортиқ босма нашрларни, жумладан, тахминан 2,500 та қўлёзмани ўз ичига олади.







