Хитой элчиси юртдошларини Ўзбекистоннинг бой маданий мероси билан танишишга чорлади
Хитой ва Ўзбекистонни боғлаб турган асрлар давомидаги маданий ришталар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси асосида барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари орқали яна бир бор исботини топмоқда — Хитой элчиси экспозицияларни томоша қилиб, икки халқни бирлаштирган умумий тарихга юқори баҳо берди.
Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, жаноб Юй Сзюн, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Меҳмон марказнинг барча экспозициялари — Қуръони карим зали, исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс экспозициялари ҳамда “Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори” бўлимлари билан батафсил танишди.
Элчи марказнинг илмий, маданий ва маънавий жиҳатларига, намойиш этилаётган ноёб қўлёзмалар ва тарихий артефактларга юксак баҳо берди. Замонавий интерактив ва рақамли кўргазмалар ҳам унинг катта қизиқишини қозонди.
Жаноб Юй Сзюн Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси, Марказий Осиё уйғониш даврлари ва улуғ алломаларнинг илм-фан тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳам маълумот олди. Шунингдек, экспозициядаги Буюк Ипак йўли ва қадимий маданий алмашинувлар ҳақидаги бўлимлар унда алоҳида таассурот қолдирди.
Ташриф якунида Хитой элчиси Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказини бутун минтақа учун беқиёс илмий-маънавий маскан сифатида баҳолади:
“Бу марказ Ўзбекистоннинг тарихий мероси, илм-фандаги улкан ютуқлари ва бой маданиятининг ёрқин намунасидир. Унда намойиш этилган Буюк ипак йўли маданияти ва буюк алломалар мероси нафақат Ўзбекистон, балки Хитой билан муштарак тарихий ришталаримизни ҳам эслатади. Икки халқ ўртасидаги қадимий дўстлик бугун ҳам изчил давом этиб, янги мазмун билан бойиб бормоқда.”
Элчи, шунингдек, Хитой фуқароларини ҳам марказга ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси билан яқиндан танишишга чорлаб ўтди.






