Euronews : Тошкент Марказий Осиёнинг маданий ва таълим соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган конгрессга мезбонлик қилди
Нуфузли халқаро ахборот агентлиги – Euronews Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” номли халқаро конгресс бўлиб ўтганлиги, унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этганлигини эътироф этди.
Конгресс минтақанинг умумий маънавий ва таълимий меросини замонавий илмий муҳитда сақлаш ва ўрганиш масалаларига бағишланди.
Асосий шўба йиғилишлардан бирида иштирокчилар минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда исломий қадриятларнинг ўрни масаласини муҳокама қилдилар ҳамда қўшма илмий тадқиқотлар, маданий лойиҳалар ва таълим ташаббусларини кенгайтириш бўйича амалий қадамларни кўриб чиқдилар.
300 дан ортиқ мутахассислар Марказий Осиёнинг умумий тарихий ва диний асослари минтақа жамиятлари учун муҳим боғловчи омил бўлиб қолаётганини таъкидладилар.
Муҳокамалар меросни асраш, илмий ҳамкорлик ва Марказий Осиё халқлари ўртасидаги муносабатларни узоқ йиллардан бери шакллантириб келаётган маданий алоқалар юзасидан очиқ мулоқот учун майдон яратди.







