ABNA: “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази: ислом меросини қайта англашга қаратилган Ўзбекистоннинг йирик маданий лойиҳаси”
AhlulBayt News Agency (ABNA) нашри Ўзбекистонда ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказини ислом меросини қайта англаш ва миллий тарихий-маданий қадриятларни асраб-авайлашга қаратилган йирик маданий-маърифий лойиҳа сифатида ёритди. Материалда Марказнинг халқаро таълимий ва маданий макон сифатидаги ўрни, ЮНЕСКО рўйхатига киритилган Усмон мусҳафи сақланаётган Қуръон зали, замонавий рақамли экспозициялар орқали Ўзбекистон тарихининг исломдан олдинги даврдан то “Янги Ўзбекистон” босқичигача бўлган манзарасини намоён этишдаги аҳамияти кенг ёритилган.
Тошкент шаҳрида жойлашган Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистоннинг тарихий меросини ўрганиш, намойиш этиш ва асраб-авайлашга қаратилган йирик маданий-маърифий лойиҳа сифатида иш бошлади. У халқаро маданий ва таълимий марказ сифатида фаолият юритиши кўзда тутилган.
AhlulBayt News Agency (ABNA) хабар беришича, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ислом меросининг жаҳон тарихидаги ўрнини қайта талқин этиш ва мамлакатнинг бой тарихий-маданий меросини келажак авлодлар учун сақлаб қолишга қаратилган кенг кўламли маданий-маърифий лойиҳа сифатида ташкил этилган. CNN нашри яқинда эълон қилган мақоласида мажмуанинг турли жиҳатларига алоҳида эътибор қаратган.
Марказни барпо этиш ғояси илк бор 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясидаги маърузасида илгари сурилган. Ўшанда давлат раҳбари мазкур лойиҳа исломни инсонпарвар, тинчликсевар ва маданий қадриятларга таянадиган цивилизация сифатида жаҳон ҳамжамиятига тақдим этишни мақсад қилганини таъкидлаган эди.
Маданий мажмуа Тошкент шаҳрининг маънавий маркази сифатида эътироф этилган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида жойлашган. Унинг 65 метрли гумбази ва тўртта асосий кириш қисми мамлакат ҳудудларининг бирлигини рамзий ифода этади. Мажмуанинг марказида Қуръони карим зали жойлашган бўлиб, унда милодий VII асрга мансуб бўлган, ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” реестрига киритилган машҳур “Усмон мусҳафи” сақланади.
Марказ экспозициялари замонавий рақамли технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда, ҳудуд маданий тарихининг исломдан аввалги даврдан тортиб замонавий босқич ва “Янги Ўзбекистон” давригача бўлган хронологик манзарасини намоён этади.
Ислом цивилизацияси маркази таркибида кутубхона (тахминан 200 минг китоб), хаттотлик мактаби, анъанавий ҳунармандчилик устахоналари, тарихий реставрация лабораторияси ҳамда Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган махсус болалар музейи фаолият кўрсатади. Шунингдек, мажмуа ҳудудида ICESCO ва бошқа нуфузли халқаро илмий-тадқиқот муассасаларининг ваколатхоналари жойлашган.
Марказнинг асосий вазифаларидан бири — Ўзбекистоннинг тарихий артефактларини хориждан Ватанга қайтариш. Тадқиқотчилар, коллекционерлар ва маданий муассасалар билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида икки мингдан ортиқ қўлёзма ва тарихий ашёлар мамлакатга қайтарилган.
Масъулларнинг таъкидлашича, музей экспозициялари мунтазам равишда янгиланиб борилади. Бу эса Марказни ўтмиш ва бугун ўртасида доимий мулоқотни таъминлайдиган, шунингдек, халқаро маданий алмашинув учун очиқ бўлган динамик маконга айлантиради.







