Москвадаги халқаро форумда Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси эътироф этилди
Глобал ўзгаришлар даврида тинчлик, ишонч ва маънавий барқарорлик масалалари халқаро кун тартибининг марказига чиқмоқда. Москва шаҳрида бўлиб ўтаётган XXI Халқаро мусулмон форуми ана шу долзарб масалаларга исломий ёндашувлар асосида жавоб излашга қаратилган. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилиазацияси маркази вакили ҳам иштирок этмоқда.
Москва шаҳрида XXI Халқаро мусулмон форуми «Деглобализация даврида тинчлик ва ишонч: замонавийликка исломий ёндашув» мавзусида ўз ишини давом эттирмоқда. Форум Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) таваллуд саналарининг ҳижрий тақвим бўйича 1500 йиллиги, Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллиги ҳамда Москва шаҳридаги Тарихий масжиднинг 200 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.
Халқаро анжуманда турли мамлакатлардан расмий делегациялар, МДҲ давлатларининг бош муфтийлари, диний соҳада ҳамкорлик олиб борувчи давлат идоралари раҳбарлари, шунингдек, Москва Ислом институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этмоқда.
Форум доирасида деглобализация шароитида сиёсий, иқтисодий ва маданий муносабатларда юзага келаётган ўзгаришлар, жамиятларда маданий ва маънавий барқарорликни сақлаш, анъанавий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳамда ишончни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Ислом цивилизациясининг бой тарихий ва маданий тажрибаси ушбу жараёнларга самарали ёндашувлар таклиф этиши таъкидланмоқда.
Форумнинг шўъба йиғилишларида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг мазкур форумдаги иштироки мамлакатнинг бой илмий, маданий ва диний меросини халқаро майдонда кенг тарғиб этиш, шунингдек замонавий дунёда маданий мулоқот ва ҳамкорликни исломий қадриятлар асосида ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбирда Марказнинг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Гулнора Ғаниева иштирок этиб, ўз маърузасида марказнинг илмий-тадқиқот ишлари, маданий лойиҳалари ва унинг халқаро аҳамияти ҳақида маълумот берди.
Унинг чиқиши иштирокчилар томонидан юқори баҳога сазовор бўлди.
Форум Халқаро мусулмон форуми, Россия мусулмонлари диний бошқармаси, Москва Ислом институти ҳамда Ислом маданияти, илми ва таълимини қўллаб-қувватлаш фонди билан ҳамкорликда ташкил этилди.




