ЕВРОПА БОСМАХОНАЛАРИДА ЧОП ЭТИЛГАН ШАРҚНИНГ НОЁБ КОЛЛЕКЦИЯСИ ҚАЕРДА САҚЛАНЯПТИ?

Меценат Алишер Усмонов томонидан ҳадя қилинган 5000 га яқин ноёб китоблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасини йирик илмий манбага айлантирмоқда. Ушбу коллекция Шарқ ва Ғарб илм-фани ўртасидаги узвий боғлиқликни ёритади.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси бугунги кунда илмий тадқиқотлар учун муҳим манба сифатида шаклланиб бормоқда.
Кутубхона фондида жамланаётган нодир китоблар ва тарихий нашрлар аждодларимиз томонидан яратилган илмий меросни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш имконини бермоқда. Мазкур фонд ўз мазмуни ва қамрови билан тадқиқотчилар учун зарур манбаларни бир жойга жамлагани билан аҳамият касб этади.
Алишер Усмонов томонидан ҳадя қилинган 5000 га яқин ноёб китоблар коллекцияси ташкил этади. Ушбу тўплам Шарқ ва Ғарб илм-фани ўртасидаги тарихий алоқаларни ёритувчи манбалардан иборат бўлиб, XIII асрдан кейинги даврларга оид нашрларни қамраб олади. Коллекция таркибида тиббиёт, астрономия, математика, тарих ва фалсафага доир асарлар ўрин олган. Китобларнинг катта қисми Европада чоп этилган бўлиб, улар Шарқда яратилган илмий асарларнинг Ғарб илмий муҳитида қандай ўқилгани ва тадқиқ этилгани ҳақида тасаввур ҳосил қилиш имконини беради. Бу нашрлар илм-фаннинг умуминсоний ривожида Шарқ алломалари меросининг тутган ўрнини яққол намоён этади.
Айни пайтда ушбу қимматли коллекция Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасида махсус жавонларга жойлаштирилган. Китобларни сақлаш, тизимли равишда жойлаштириш ва уларнинг ҳолатини асраш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса кейинчалик тадқиқотчиларнинг илмий фойдаланиши учун қулай шарт-шароит яратишга хизмат қилади. Коллекцияда XV–XVI асрларда Европада чоп этилган илк босма китоблар алоҳида ўрин тутади. Мазкур давр китоб ишлаб чиқаришда қўлёзмадан босма шаклга ўтиш жараёни билан таснифланади. Айнан шу тарихий босқич Шарқда яратилган кўплаб илмий асарларнинг Европа илмий доираларига кенг кириб боришига замин яратган.
Коллекция бўйича илмий тавсифлар тайёрлаган тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими Равшан Худойберганов бу борада қуйидагича фикр билдирди:
“Шарқ мутафаккирларининг Европада чоп этилган илк босма китоблари илм тараққиётида муҳим босқични акс эттиради. Бу нашрлар орқали Шарқда яратилган илмий асарларнинг Ғарбда тарқалиши ва ўрганилиши ҳақида аниқ маълумотлар олиш мумкин. Бу китоблар Марказий Осиё алломалари илмий мероси Европа илм-фанида мустаҳкам ўрин эгаллаганини кўрсатади. Ушбу нашрлар бугунги кун тадқиқотлари учун ҳам ишончли ва муҳим манба ҳисобланади”.
Тўплам таркибида Ибн Сино, Беруний, Фарғоний, Хоразмий каби буюк алломаларнинг асарлари, шунингдек, уларнинг лотин тилидаги нашрлари ҳам мавжуд. Хусусан, Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асари Европа университетларида узоқ йиллар давомида асосий ўқув қўлланма сифатида фойдаланилгани тарихий манбаларда қайд этилган.
Ҳозирги кунда кутубхонада коллекцияни рўйхатдан ўтказиш, мавзулар бўйича тизимлаштириш ва кейинги босқичларда рақамлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу жараёнлар китоблардан самарали фойдаланиш, шунингдек, уларни кенг илмий жамоатчилик учун очиқ қилишга қаратилган.






