

Янгиликлар
Хитой олимлари Марказдаги илмий ва маданий лойиҳалардан ҳайратланди
Хитойнинг нуфузли илмий муассасаси вакиллари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига юксак баҳо берди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Хитой Ижтимоий фанлар академияси ҳузуридаги Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти делегациясининг ташрифи бўлиб ўтди.
Делегацияга Институт директори ўринбосари, жаноб Цзинь Чжэ раҳбарлик қилди. Унинг таркибига етакчи илмий ходимлар, хусусан, Марказий Осиё тилларини ўрганиш лабораторияси мудири жаноб Чжан Нин ҳам кирди.
Ташриф чоғида жаноб Чжан Нин Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти юксак таассурот қолдирганини таъкидлади.
— Ўтган йили Марказ ҳали тўлиқ иш бошламаган эди. Бугун эса бу ерда замонавий технологиялар ёрдамида ўзбек маданиятининг моҳияти ва унинг қадрият асослари мазмунли ҳамда таъсирчан тарзда намоён этилмоқда, — деди у.
Шунингдек, делегация аъзолари экспозиция бўлимларининг мазмунан бойлиги ва илмий-тарихий жиҳатдан пухта ишланганига эътибор қаратди. Айниқса, асосий залда Марказий Осиё ва жаҳон цивилизацияси тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган буюк тарихий шахслар фаолиятининг ёритилгани алоҳида қайд этилди.
Ташриф доирасида меҳмонлар Марказда қўлёзма меросини ўрганиш, фанлараро тадқиқотларни ривожлантириш, шунингдек, гуманитар соҳада замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган лойиҳалар билан яқиндан танишдилар.
Мазкур ташриф Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий мулоқот, маданий меросни асраш ва оммалаштириш, шунингдек, маданиятлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим платформа сифатидаги ўрни ва аҳамиятини яна бир бор тасдиқлади.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.


