Ислом цивилизацияси марказида тангалар Марказий Осиёнинг икки ярим минг йиллик сирларини очмоқда

Бир қарашда оддий металл бўлагидай туюлган тангалар аслида минг йиллик давлатчилик тафаккури ва ҳокимият рамзларини ўзида сақлайди. Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида намойиш этилаётган исломдан олдинги давр тангалари Марказий Осиёнинг қарийб икки ярим минг йиллик сиёсий, иқтисодий ва маданий тараққиётини моддий далиллар орқали очиб беради.
Исломдан олдинги давр Марказий Осиё тарихини ўрганишда энг муҳим ва ишончли манбалардан бири — нумизматик материаллар ҳисобланади.
Қадимий тангалар орқали минг йиллар аввалги давлат тузилмалари, иқтисодий муносабатлар, ҳокимият рамзлари ва жамият тафаккурини аниқ далиллар асосида тиклаш мумкин.
Амударё ва Сирдарё оралиғидаги ҳудуд қадимдан пул муомаласи ривожланган, савдо-сотиқ ҳамда минтақалараро алоқалар фаол кечган макон бўлган. Шу боис бу ерда зарб қилинган тангалар оддий тўлов воситаси эмас, балки ўз даврининг давлатчилик анъаналари, ҳокимият белгиларини ифодаловчи тарихий ҳужжатлар сифатида аҳамият касб этади.
Хоразм воҳаси тангалари
Милоддан аввалги II–I асрлардан то милодий VIII асргача бўлган даврда Хоразм воҳасида кумуш ва бронзадан турли хил тангалар зарб қилинган. Ушбу тангаларнинг олд томонида тож кийган ҳукмдор тасвири, орқа томонида эса отлиқ, сулолавий тамғалар ҳамда қадимги Хоразм ёзувида подшонинг исми ва унвони битилган.
Илк босқичда тангаларда юнон ёзуви қўлланилган бўлса, кейинчалик оромий негизли Хоразм ёзуви кенг тарқалган. Бу ҳолат ҳудудда ёзув маданияти ва бошқарув тизимининг босқичма-босқич ривожланганини кўрсатади. Манбаларда, хусусан, Абу Райҳон Беруний асарларида тилга олинган айрим хоразмшоҳлар айнан шу тангалар орқали тарихий шахс сифатида қайд этилган.
Тангаларда тасвирланган подшо тожларида икки ўркачли туя ёки афсонавий қуш тасвирларининг учраши эса Хоразм давлатчилигига хос рамзий тафаккур, мустақил мафкура ва маҳаллий анъаналарнинг ёрқин ифодасидир.
Кушон даври мис тангалари: Сурхондарё марказий ўринда
Исломдан олдинги давр экспозициясида Кушон даврига оид мис тангалар алоҳида мажмуа сифатида тақдим этилган. Милодий I–III асрларга мансуб ушбу тангалар асосан Сурхондарё воҳасидаги Далварзинтепа, Айритом, Кампиртепа каби археологик ёдгорликлардан топилган.
Ер остида узоқ асрлар сақланган бўлишига қарамай, тангаларда ҳукмдорлар портретлари, Юнон ва Бақтрия ёзувлари, буддавий ҳамда ҳинд худолари образлари аниқ кўзга ташланади. Куджула Кадфиз, Вима Кадфиз, Канишка, Ҳувишка ва Васудев I даврларига оид тангалар Кушон империясида халқаро савдо йўллари фаол бўлганини, диний бағрикенглик ва маданиятлараро алоқалар юксак даражада ривожланганини яққол намоён этади.
Бу нумизматик топилмалар Сурхондарё ҳудуди Кушонлар даврида муҳим иқтисодий, сиёсий ва диний марказ бўлганини тасдиқлайди.
Тангаларда маҳаллий ҳукмдорлар ўртасидаги сиёсий уйғунлик
VI–VIII асрларга оид Чоч ва Ғарбий Турк ҳоқонлиги тангалари исломдан олдинги давр сиёсий тизимининг мураккаб ва кўп қиррали тузилишини ёритиб беради. Суғдий ёзувли ушбу мис тангаларнинг бир қисми Чоч воҳасида, бошқа қисми эса Самарқандда зарб қилинган.
Тангалар орасида “жабғу”, “Тун жабғу-ҳоқон”, “Чоч тегини” каби унвонлар битилган қўшалоқ портретли намуналар, ярим ой рамзи туширилган ҳамда “Чоч ҳукмдори” деб ёзилган турлари мавжуд. Айрим тангаларда Самарқанд тамғаси ва суғдий ёзувда “Турон ҳукмдори ҳоқон” иборасининг учраши марказий ҳоқонлик ҳокимияти билан маҳаллий ҳукмдорлар ўртасидаги сиёсий уйғунликни кўрсатади.
Алоҳида эътиборга молик жиҳат — айрим тангаларда ҳоқон билан бирга аёл образининг тасвирланишидир. Бу қадимги турк жамиятида аёлларнинг давлат бошқарувида муҳим ўрин тутганини тасдиқловчи нодир тарихий далил ҳисобланади.
Илмий баҳолар ва хулоса
Ғайбулла Бобоёров, тарих фанлари доктори, профессор:
“Нумизматик материаллар Марказий Осиё тарихини англашда энг ишончли манбалардандир. Тангаларда сиёсий ҳокимият, давлат рамзлари ва жамият тафаккури мужассам. Исломдан олдинги давр экспозициясида жамланган Хоразм, Кушон ва Турк ҳоқонлиги тангалари минтақада давлатчилик анъаналари узлуксиз давом этганини аниқ кўрсатади”.
Умуман олганда, исломдан олдинги давр экспозициясида намойиш этилаётган нумизматик мерос Марказий Осиёда сиёсий ҳокимият, пул муомаласи ва маданий жараёнлар минг йиллар давомида изчил ривожланганини ишончли далиллар асосида очиб беради. Бу тангалар тарихни сўзсиз, аммо равшан тарзда ҳикоя қилувчи бебаҳо манба бўлиб, бугунги тадқиқотчилар ва келажак авлодлар учун мустаҳкам илмий пойдевор вазифасини ўтайди.







