Euronews: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Марказий Осиёнинг жаҳон тарихидаги ўрнини қайта талқин этмоқда
Euronews нашри Ўзбекистон эндиликда фақат савдо йўллари чорраҳаси эмас, балки жаҳон билимларининг асосий таянч нуқталаридан бири сифатида намоён бўлишини эътироф этди.
2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси минбарида мамлакатда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилишини эълон қилганида, мақсад аниқ эди: бу муассаса оддий миллий музей эмас, балки жаҳон миқёсидаги маданий институция бўлиши керак.
Президент таъкидлаганидек, Марказ Ўзбекистоннинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган ҳиссасини — фақат ислом олами учун эмас, балки бутун инсоният учун намоён этиши лозим эди. Орадан саккиз йил ўтиб, бу ғоя Тошкентда аниқ шакл касб этди.
2025 йилда Марказ ўз фаолиятини халқаро майдонга олиб чиқиб, оддий маданий иншоотдан ташқари, Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларни жаҳон миқёсида қайта шакллантиришга қаратилган кенг қамровли ташаббусга айланди.
Европа жамоатчилиги учун Ўзбекистон кўпинча икки асосий тарихий образ орқали қабул қилинади: Ипак йўли ва Совет даври. Бу даврлар, албатта, муҳим, аммо улар Марказий Осиёнинг яна бир муҳим қиррасини — ўрта асрлардаги жаҳон интеллектуал тараққиётининг асосий марказларидан бири бўлганини тўлиқ очиб бермайди.
IX–XII асрларда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яшаб ижод қилган олимлар математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа ва адабиёт соҳаларида Ислом цивилизациясининг «Олтин асри»га пойдевор қўйган. Масалан, Ибн Сино (Авиценна)нинг «Тиб қонунлари» асари асрлар давомида Европа университетларида ўқитилган. Алишер Навоий эса туркий адабий маданият шаклланишида ҳал қилувчи ўрин тутган.
Бу зотлар четда қолган шахслар эмас, балки Шарқ ва Ғарб ўртасида билим алмашувини таъминлаган марказий шахслар эди.
Марказ ана шу алломалар меросини тарғиб этиш орқали Ўзбекистон ҳудудлари Испаниядан Ҳиндистонгача бўлган ҳудудларда илм-маърифат тарқалган билим чорраҳаси бўлганини кўрсатади.
Хотира эмас, мулоқот майдони
Президент Мирзиёев 2025 йилда БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган навбатдаги нутқида Ислом цивилизацияси марказини цивилизациялар ўртасидаги янги глобал мулоқот майдони сифатида таърифлади.
Марказ исломий меросни ўтмишда «қотиб қолган» ҳолда эмас, балки инсонпарвар, илмий ва очиқ цивилизация сифатида намоён этади. Бу ёндашув Европа ва бошқа минтақаларда ҳам тобора кучайиб бораётган тенденция — турли маданиятлар ўртасидаги алоқалар замонавий илм-фан ва тафаккур ривожига қандай таъсир кўрсатганини англашга бўлган қизиқиш билан ҳамоҳангдир.
2025 йилдаги халқаро ҳамкорликлар
2025 йил давомида Марказ хорижий йирик маданий ва илмий муассасалар билан фаол алоқалар ўрнатди.
Малайзияда Марказ маданий ҳамкорликка эришиб, тахминан 100 минг нодир китобдан иборат тўпламдан фойдаланиш имкониятини қўлга киритди ҳамда Куала-Лумпурдаги Ислом санъати музейида Жануби-Шарқий Осиё ва Марказий Осиё ўртасидаги тарихий алоқаларга бағишланган қўшма давра суҳбати ўтказди.
Буюк Британияда Марказ мутахассислари Оксфорд университети қошидаги Бодлеан кутубхонаси билан ҳамкорликда Алишер Навоий асарлари каби нодир қўлёзмаларни ўрганди ва уларнинг нусхаларини Марказ кутубхонасида сақлаш бўйича келишувга эришди. Италиянинг Болонья шаҳрида эса Ибн Синонинг «Тиб қонунлари»нинг илк нусхалари ҳамда қарийб 200 та туркий тилдаги қўлёзма аниқланди.
Бу кашфиётлар Марказий Осиё илмий мероси географик чегаралардан анча узоққа — Иберия яриморолидан Жанубий Осиёгача тарқалганини яққол кўрсатади.
Қадимий тарихни замонавий тилда ҳикоялаш
Марказ анъанавий илмий ёндашувни замонавий экспозиция технологиялари билан уйғунлаштиради. Интерактив инсталляциялар, мультимедиа кўргазмалари ва 300 дан ортиқ қисқа метражли фильмлар орқали мураккаб тарихий ғоялар кенг жамоатчиликка тушунарли тарзда етказилади.
Асосий лойиҳалардан бири — «Маърифат акс садоси» (Whispers of Wisdom) туркуми бўлиб, у «Оскар» мукофоти соҳиби актёр Бен Кингсли томонидан овозлантирилган. Ушбу кинопортретлар Ўзбекистон билан боғлиқ буюк мутафаккирларни жаҳон аудиториясига таништиради.
Халқаро эътирофнинг ўсиши
2025 йил якунига келиб, ICESCO, TURKSOY ва Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази каби ташкилотлар Марказ фаолиятида бевосита иштирок этди.
100 дан ортиқ халқаро эксперт Тошкентдаги мажмуани зиёрат қилди, Марказ ичида эса узоқ муддатли ҳамкор ташкилотлар учун алоҳида офислар ажратилди.
Йил давомида икки нуфузли тадбир ўтказилди: 20 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этган “Буюк ўтмиш мероси — маърифатли келажак асоси” халқаро форуми ҳамда беш давлат раҳбари ташриф буюрган Марказий Осиёнинг умумий маънавий меросига бағишланган минтақавий конгресс.
Меросни ўз манбаига қайтариш
Президент ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши туфайли Марказ 2025 йилда 1000 дан ортиқ ноёб артефактни Ўзбекистонга қайтаришга муваффақ бўлди. Улар орасида қўлёзмалар, илмий асбоблар, сопол буюмлар ва Қуръон парчалари бор.
Айрим ашёлар алоҳида рамзий аҳамиятга эга. Жумладан, Маккадаги Каъба билан боғлиқ қисмлар — Кисва (Каъбани қоплаб турадиган қора мато) парчаси ва унинг калитларига тааллуқли фрагментлар Саудия Арабистони билан музокаралар натижасида тақдим этилди.
Буюк Британияда аниқланган кичик бронза буғу ҳайкалчаси эса Марказий Осиё санъати қадимдан узоқ ўлкаларга таъсир кўрсатиб келганини эслатади.
Марказнинг юраги
Мажмуанинг меъморий ва рамзий марказида VII асрга оид, ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» рўйхатига киритилган Усмон мусҳафи жойлашган. У 65 метрли гумбаз остида сақланиб, атрофида ислом хаттотлиги тараққиётини акс эттирувчи 114 та нодир Қуръон намуналари намойиш этилган.
Бино шунингдек Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ҳам мезбонлик қилмоқда, бу эса уни маданий ва диний марказ сифатида янада мустаҳкамлайди.
Глобал тажриба ва миллий ўзлик
Марказ экспозициясини яратишда Ўзбекистон ва хориждан 1500 дан ортиқ меъмор, тарихчи, ҳунарманд, реставратор ва технолог иштирок этди. Лойиҳа миллий нақшлар ва замонавий очиқ макон концепциясини уйғунлаштириб, ташриф буюрувчиларни исломгача бўлган даврдан Биринчи ва Иккинчи Ренессанслар, ҳамда замонавий «Учинчи Ренессанс» ғоясигача етаклайди.
Янги тарихий қараш
Европа аудиторияси учун Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ташқи кўркамликдан кўра, унинг ҳикоясидадир. У илм-фан тараққиёти фақат Ғарбдан Шарққа эмас, балки ўзаро алмашув орқали ривожланганини кўрсатади.
Агар 2025 йил Марказнинг халқаро майдонга чиқиш йили бўлган бўлса, 2026 йил унинг кенг жамоатчиликка тўлиқ очилиши даври бўлади. Бу билан Ўзбекистонга нисбатан қараш ҳам ўзгаради: у эндиликда фақат савдо йўллари чорраҳаси эмас, балки жаҳон билимларининг асосий таянч нуқталаридан бири сифатида намоён бўлади.







