

Янгиликлар
Очиқ дипломатия, очиқ чегаралар: Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги замонавий ёндашувлар экспозиция орқали ёритилмоқда
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиёда мулоқот маданиятини тиклади, БМТ минбарида фаол ташаббуслар билан чиқди ва халқаро логистика харитасида ўз ўрнини мустаҳкамлади. Бу ўзгаришлар Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг аниқ натижаларидир.
Янги Ўзбекистон бугун очиқ, прагматик ва масъулиятли ташқи сиёсати билан Марказий Осиёда тинчлик, ҳамкорлик ва барқарор тараққиётнинг фаол ташаббускори сифатида эътироф этилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ташқи сиёсий стратегия мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, қўшничилик алоқаларини ривожлантириш ва Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Ушбу йўналишлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилган “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс пойдевори” бўлими экспозициясида давлатнинг очиқ, тинчликпарвар ва узоқни кўзлаган ташқи сиёсий йўли тизимли равишда акс эттирилган.
Марказий Осиё - ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши
Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақаси асосий устувор йўналиш сифатида белгиланди. Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақа тарихида муҳим бурилиш ясади.
Бугун Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги очиқ мулоқот ва амалий ҳамкорлик минтақани барқарорлик ва тараққиёт ҳудудига айлантириш йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Глобал майдондаги фаол ташаббуслар
Сўнгги етти йил давомида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 11 та резолюция қабул қилинди, шундан 4 таси 2024 йилга тўғри келади.
Шунингдек, Ўзбекистон тарихда илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси этиб сайланди. Мамлакатимиз вакилининг БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси бўлгани ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилганини кўрсатади.
Стратегик транспорт ва логистика лойиҳалари
Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида минтақавий ва трансконтинентал алоқаларни мустаҳкамлаш муҳим ўрин тутади. Бугун:
• «Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон» магистраль темир йўли қурилиши бошланди;
•«Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон» темир йўли лойиҳалари устида изчил ишлар олиб борилмоқда;
•«Беларус–Россия–Қозоғистон–Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон», “Ўрта коридор”, “Марказий Осиё–Эрон–Оман–Қатар” йўналишларидаги мультимодал транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича фаол саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳалар Ўзбекистонни минтақавий логистика марказига айлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Замонавий консуллик ва визавий очиқлик
Ташқи сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири - фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишдир. Шу мақсадда “Интерактив консуллик хизматлари” ахборот тизими (consul.mfa.uz) ишга туширилди. Платформа орқали фуқаролик, доимий яшаш, рўйхатга олиш ва бошқа консуллик хизматлари электрон шаклда тақдим этилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари 32 та давлатга визасиз сафар қилиши мумкин. Шу билан бирга, 44 та давлат фуқаролари Ўзбекистонга виза олиш ёки уни электрон шаклда расмийлаштириш ҳуқуқига эга. Бу очиқлик ва ишончга асосланган сиёсатнинг амалий натижасидир.
Очиқ ахборот сиёсати ва халқаро ОАВ билан ҳамкорлик
Бугун Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида 69 нафар хорижий журналист доимий аккредитациядан ўтган. Улар орқали Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатига оид материаллар турли хорижий тилларда мунтазам эълон қилинмоқда.
Фақат 2024 йилнинг ўзида мамлакатимизга 81 та давлатдан 2 мингдан ортиқ хорижий журналист ташриф буюрди, 21 та махсус пресс-тур ташкил этилди. Бу кўрсаткичлар сўнгги уч йилда қарийб икки баробарга ошгани Ўзбекистоннинг очиқ ахборот маконига айланганини кўрсатади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан хорижий давлат раҳбарларига тақдим этилган китоблар намойиш этилмоқда. Ушбу экспонатлар Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим жиҳати - маънавий дипломатия, маданий мулоқотга асосланган ёндашувни ифодалайди.
“Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ва мамлакат хавфсизлиги” экспозицияси давлатимизнинг очиқ, тинчликпарвар ва узоқни кўзлаган сиёсатини яққол намоён этади. Марказий Осиёда барқарорликни мустаҳкамлаш, глобал ҳамкорликни кенгайтириш ва миллий манфаатларни қатъий ҳимоя қилиш – Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош мезонига айланган.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.

