АҚШнинг Мустақил тадқиқот маркази вакили Ислом цивилизацияси марказини “дунёда ягона тажриба” деб баҳолади

АҚШнинг FamilySearch мустақил тадқиқот марказининг Европа бўйича стратегик бизнес-менеджери Томас Хенгст Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари парчаланган ҳолда эмас, балки минтақа тараққиётининг барча босқичларини қамраб олган яхлит тарихий ҳикоя сифатида ташкил этилганни юқори баҳолади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқаро ҳамжамиятни эътиборини тобора кўпроқ жалб этиб, турли маданиятлар ва даврлар ўртасидаги мулоқот майдонига айланиб бормоқда. Яқинда Марказга АҚШнинг FamilySearch ташкилотининг Европа бўйича стратегик бизнес-менеджери Томас Хенгст бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Ушбу ташриф муҳим воқеа бўлиб, Ўзбекистоннинг бой тарихий меросига хорижий мутахассислар қизиқиши нақадар юқори эканини яққол намоён этди.
Марказга кириб келган дастлабки дақиқаларданоқ Томас Хенгст лойиҳа кўлами, меъморий ечим ва тарихий материалларни тақдим этишдаги замонавий ёндашувдан чин дилдан ҳайратда қолганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, экспозиция парчаланган ҳолда эмас, балки минтақа тараққиётининг барча босқичларини - исломдан олдинги даврдан тортиб бугунги кунгача - қамраб олган яхлит тарихий ҳикоя сифатида ташкил этилган. Бундай кенг қамровли ёндашувни у илгари дунёнинг бошқа бирор жойида учратмаганини қайд этди.
Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган чинакамга ноёб ташаббус. Мен дизайн, технологик имкониятлар ва тарихнинг бу ерда қандай тақдим этилганидан мутлақо ҳайратдаман. Мени энг кўп ҳайратлантиргани - тарихнинг барча жиҳатлари билан ҳар томонлама ёритилгани бўлди. Бундай ёндашувни мен дунёнинг ҳеч бир жойида кўрмаганман, – дейди Томас Хенгст.
Томас Хенгст кўплаб мамлакатларда ўтмиш ва бугун бир-биридан ажралиб қолганини, бундан натижада одамлар тарихий давомийлик ҳиссини йўқотишини таъкидлади. Ислом цивилизацияси марказида эса, аксинча, даврлар орасида табиий ва мазмунли уйғунлик яратилган.
Делегация вакили Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси билан барпо этилган Марказ аҳамиятини баҳолар экан, унинг муҳим таълимий вазифасини алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, Марказ нафақат ёш авлод, балки бутун жамият ҳамда мамлакатга ташриф буюрган хорижий меҳмонлар учун ҳам кучли маърифий манба ҳисобланади.
Ташриф якунланишида Томас Хенгст амалга оширилган ишлар учун чуқур миннатдорлик билдирди ва Ислом цивилизацияси маркази тарихга бўлган ҳурматни замонавий тафаккур ва технологиялар билан уйғунлаштирган ҳолда ўтмиш ва келажак орасида мустаҳкам кўприк яратиб берган ярқин намуна эканини алоҳида қайд этди.








