Паҳлавон Маҳмуд меросини ўрганиш ишлари кенгайтирилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Паҳлавон Маҳмуднинг илмий ва маънавий меросини излаб топиш, унга тегишли қўлёзмаларни Ватанга қайтариш, тадқиқ этиш ва нашр қилиш бўйича мамлакатимизда қатор муҳим маданий-маърифий ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур ташаббуслар ижроси доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида мутахассислар, олимлар ва марказ вакиллари иштирокида Паҳлавон Маҳмуд ҳаёти ва ижодига бағишланган муҳокама ўтказилди. Унда Президент топшириқларига мувофиқ амалга оширилаётган ишлар, қўлга киритилган илмий манбалар ҳамда келгусидаги вазифалар атрофлича кўриб чиқилди.
Муҳокамада Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини тиклаш, унга тегишли қўлёзмаларни излаб топиш ва меросини кенг тарғиб этиш борасида Ислом цивилизацияси маркази томонидан олиб борилган амалий ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, АҚШдан Паҳлавон Маҳмуднинг XIX аср охирларида кўчирилган рубоийлар қўлёзмаси олиб келингани, шунингдек, Эроннинг Машҳад шаҳрида сақланаётган мутафаккирга мансуб “Канзул-ҳақойиқ” асарининг электрон нусхаси қўлга киритилгани қайд этилди.
Мутахассислар томонидан Паҳлавон Маҳмуднинг ҳали жамоатчиликка маълум бўлмаган асарларини аниқлаш, уларни илмий таҳлил қилиш ва нашр этиш масалалари муҳокама қилинди. Келгусида мазкур асарларни чоп этиш, шунингдек, Паҳлавон Маҳмуд ҳаёти ва ижодига оид илмий тадқиқотларни тизимлаштириш ва нашрга тайёрлаш режалари белгилаб олинди.
Таъкидланганидек, Паҳлавон Маҳмуд сиймоси халқпарварлик, жасорат ва юксак маънавий комиллик тимсоли сифатида бугунги кунда ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Хоразм вилояти Кенгаши депутати Раимбой Шержоновнинг таъкидлашича, Янги Ўзбекистон пойдевори Хоразмийлар, Берунийлар, Улуғбеклар, Паҳлавон Маҳмуд каби буюк аждодларимизнинг бой илмий ва маънавий меросига таянади:
“Агар ёш авлод ана шу улуғ зотларнинг ҳаёти ва босиб ўтган йўлини чуқур англаб етса, мустақил Ўзбекистоннинг нурли чўққиларига етиш жараёни янада жадаллашади. Бу бебаҳо меросни ёшлар қалбига сингдириш бугунги кундаги энг муҳим вазифаларимиздан биридир.”
Тарихий манбаларга кўра, 1247 йилда туғилган Паҳлавон Маҳмуд мўғуллар истилоси даврида мардлик ва ватанпарварликнинг ёрқин намунасини намоён этган. У Ҳиндистонга сафар қилиб, хоразмлик асирларни озод этиш ва уларни Ватанга қайтаришда беқиёс жасорат кўрсатган. 79 йиллик умри давомида у нафақат машҳур полвон, балки теран фалсафий қарашларга эга шоир сифатида ҳам халқ хотирасида муҳрланиб қолган.
Режиссёр ва кинооператор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳамидулла Ҳасановнинг таъкидлашича, кинокартинада Паҳлавон Маҳмуд образини актёрлар — Фарҳод Маҳмудов, Бобур Имомов, Камрон Ҳамдамов ва бошқалар гавдалантирмоқда:
“Паҳлавон Маҳмуд рубоийларида мужассам бўлган ғоялар бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган ва мустақил Ўзбекистон тараққиёти билан уйғун ҳолда жаранглайди.”
Муҳокама давомида, шунингдек, Паҳлавон Маҳмуд ҳаёти ва ижодига бағишланган “Хива лангари” фильм устида олиб борилаётган ишлар ҳолати ҳам кўриб чиқилди. Нашр этилаётган китоблар ва илмий нашрлар орқали мутафаккирнинг бебаҳо маънавий меросини кенг жамоатчиликка етказиш асосий мақсад этиб белгиланди.






