“Ўзбекистон тарихини янада чуқурроқ англашга муваффақ бўлдим” – Хитой Халқаро коммуникация маркази раиси

Хитой Халқаро коммуникация маркази раиси Лун Юсян бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига навбатдаги ташрифида турли тарихий даврларни қамраб олган экспозициялар билан батафсил танишди.
Хитой Халқаро коммуникация маркази раиси Лун Юсян бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига иккинчи бор ташриф буюрди.
Ташриф давомида меҳмонлар марказ ҳудудида яратилган шароитлар ҳамда турли тарихий даврларни қамраб олган экспозициялар билан батафсил танишдилар. Делегация аъзоларида Ўзбекистон ҳудудида шаклланган бой тарихий ва маънавий мероснинг тушунарли ва изчил тарзда ёритилгани ижобий таассурот қолдирди. Экспозицияларда тарихий даврларнинг кетма-кетлик асосида тақдим этилгани ўтмиш жараёнларини яхлит ҳолда англаш имконини беради.
Меҳмонлар Қуръон залидаги экспозицияларга алоҳида эътибор қаратдилар. Ушбу бўлимда ислом цивилизациясининг маънавий асослари, илм-фан ва маърифат билан боғлиқ жиҳатлари очиқ ва равшан тарзда ёритилган. Экспозициялар орқали ислом маданиятининг инсоният тараққиётида тутган ўрнини янада чуқурроқ англаш мумкин.
Хитой Халқаро коммуникация маркази раиси Лун Юсян марказ ҳақидаги таассуротларини қуйидагича баён этди:
“Мен Ислом цивилизацияси марказига иккинчи бор ташриф буюряпман. Илк ташрифим давомидаёқ бу маскан менда жуда чуқур таассурот қолдирган эди. Ўша пайтда вақт чеклангани сабабли барча жиҳатларни батафсил ўрганиш имкони бўлмаган. Бу сафар эса Ўзбекистон тарихини янада чуқурроқ англашга муваффақ бўлдим. Бу ерда тарихни асраб-авайлаш ва уни дунёга етказиш масаласига катта эътибор қаратилгани яққол сезилади.”
Делегация раҳбарининг таъкидлашича, Ислом цивилизацияси маркази шунчаки музей эмас, балки тарихни англаш, ундан сабоқ олиш ва бу билимларни ёш авлодга етказишга хизмат қиладиган муҳим маърифий маскандир. Марказ фаолияти ёшларнинг тарихга бўлган қизиқишини ошириш, маданий мулоқотни ривожлантириш ва турли халқларни бир-бирига яқинлаштиришга хизмат қилади.
Меҳмонлар фикрича, келгусида турли цивилизациялар ва маданиятларга бағишланган кўргазмалар ташкил этилиши марказнинг халқаро аҳамиятини янада оширади.





