Ёши ва тарихи ҳақида “гапирадиган“ асар: Лондондан қайтарилган XI асрга оид бронза артефакт нимани англатади?

Фил қиёфасидаги оёқчалар, нафис геометрик нақшлар ва асрлар оша сақланиб қолган бронза идиш… Сиз суратда кўриб турган бу идиш оддий рўзғор буюми эмас. Бу XI–XII асрларда Мовароуннаҳр ҳудудида яратилган ва Лондондан Ўзбекистонга қайтарилган ноёб санъат асаридир. Бугун у Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олиб, сизни Биринчи Ренессанс даври маънавий оламига бошлайди.
XI–XII асрларда Мовароуннаҳр ҳудудида яратилган бронза исириқдон ўрта аср металлга ишлов бериш санъатининг ёрқин намунасидир. Ушбу буюм фақат амалий идиш сифатидагина эмас, балки ўз тузилиши, безаги ва рамзий ечимлари орқали маънавий мазмун касб этган санъат асари сифатида қаралади.
Исириқдон бронзадан ясалган бўлиб, кенг оғизли косача ва уни кўтариб турувчи учта таянчга эга. Бу таянч оёқлар фил қиёфасида ишлангани билан эътиборни тортади ва махсус маросимлар учун ишлатилган қимматли ашё эканлигидан дарак беради.
Гўзал Ваҳобова, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори:
“Исломий ўрта асрлар даврида бундай бронза идишлар асосан хушбўй ҳид тутатиш, яъни бахур ёқиш учун қўлланилган. Археологик топилмалар ва ёзма манбаларга қараганда, бахур тутатиш одати маконни ҳид орқали тозалаш, уни маънавий жиҳатдан поклаш билан боғлиқ бўлган. Шу сабабли бундай идишлар оддий рўзғор буюми эмас, балки маросим ва ибодат жараёнларида ишлатиладиган махсус ашё сифатида қадрланган.
Экспонат юзасидаги нақшлар исломий геометрик безаклар билан турли маданий анъаналарга хос рамзларни бирлаштирган. Айниқса, фил образининг қўлланилиши диққатга сазовор. Бу ҳолат Марказий Осиё ҳудудининг Ҳиндистон ва бошқа минтақалар билан яқин маданий алоқада бўлганини кўрсатади. Яъни бу ашё маҳаллий ҳунармандчилик маҳсули бўлиши билан бирга, турли маданиятлар таъсирида шаклланган бадиий тафаккурни ҳам ўзида мужассам этган”.
Бронза ўрта асрларда кенг ишлатилган, мустаҳкам ва узоқ сақланадиган қотишма ҳисобланган. Вақт ўтиши билан идиш юзасида пайдо бўлган яшил тусли табиий қатлам — патина — буюмнинг қадимийлигини яққол кўрсатади. Бу қатлам ашёни бузиб қўймайди, аксинча, унинг нақшлари ва рельефини янада чуқур ва таъсирчан қилиб кўрсатади. Шунинг учун мутахассислар мазкур ноёб артефакт таркиби бўлган патинани асарнинг ёши ва тарихи ҳақида “гапириб турадиган” табиий белги сифатида баҳолайдилар.
Мовароуннаҳр ҳудудида XI–XII асрларда қорахонийлар ва ғазнавийлар даврида йирик савдо йўллари кесишган, ҳунармандчилик ва маданият равнақ топган марказ бўлган. Шу боис бу асарни маҳаллий анъаналар билан бирга, минтақалараро бадиий таъсирларни акс эттирган қимматли экспонат, дейиш мумкин.
Артефакт Лондондан Ўзбекистонга қайтарилган бўлиб, ҳозирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида сақланмоқда ва кенг жамоатчиликка намойиш этилмоқда.
Лайло Абдуқаххорова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин





