Иорданиялик мутахассислар: “Экспозициялар инсонни ўйлашга ва ҳис қилишга мажбур қилади”

Тарихни китобдан ўқиш бир гап, уни ҳис қилиш эса мутлақо бошқа тажриба. Иорданиядан ташриф буюрган меҳмонлар учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва муаллифлиги асосида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази айнан шундай тирик тарих масканига айланди. Делегация аъзолари Марказда яратилган экспозициялар орқали Ўзбекистоннинг минг йиллик маънавий ва илмий йўлини янгича нигоҳ билан кашф этганини таъкидладилар.
Иордания Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегациясининг ташрифи давомида меҳмонлар мамлакат тарихининг барча босқичлари — исломдан аввалги давр, ислом цивилизацияси шаклланиши – Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ва замонавий тараққиёт – Янги Ўзбекистон жараёнлари изчил, мантиқий ва замонавий ёндашувлар асосида ёритиб берилганини юқори баҳоладилар.
Ташриф чоғида делегация аъзолари Исломдан аввалги давр бўлимидаги Қадимги Хоразм экспозицияси билан яқиндан танишдилар. Қадимги заминда илм-фан, давлатчилик ва маънавий тафаккур қандай шакллангани ушбу бўлим орқали аниқ ва тушунарли тарзда намоён этилгани қайд этилди. Биринчи Ренессанс бўлимида намойиш этилган муқаддас Каъбапўш – кисва ҳамда Имом Бухорий мажмуасининг Марказдаги макети меҳмонлар таассуротини янада бойитди. Делегация аъзолари мазкур экспонатлар билан танишар экан, Имом Бухорий мажмуасига амалга оширган зиёратларини эсладилар.
Айниқса, Қуръони Карим залида намойиш этилаётган ноёб мерос — Усмон мусҳафи иорданиялик меҳмонларда чуқур маънавий ҳаяжон уйғотди. Улар бу муқаддас қўлёзмани кўришни ўзлари учун катта шараф ва унутилмас тажриба сифатида баҳоладилар.
Ташриф доирасида иорданиялик мутахассислар ўзбек заминидан етишиб чиққан буюк алломалар илмий меросига ҳам алоҳида тўхталдилар. Хусусан, математика ва илмий тафаккур ривожида Хоразмий номи билан боғлиқ “алгоритм” тушунчаси бугунги рақамли дунё пойдеворларидан бири экани таъкидланди. Бу ҳолат Ўзбекистон замини жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси нақадар улкан эканини яна бир бор намоён этди.
Маҳмуд Мустафо Солиҳ, Иордания Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот технологиялари ва рақамли трансформация бўйича директор:
Ростини айтсам, бу марказ мени чин маънода ҳайратга солди. Экспозициялар ўтмишни фақат маълумот сифатида эмас, балки жонли тажриба сифатида намойиш этади. Ҳар бир бўлимда тарих, илм ва маънавият ўзаро уйғун ҳолда акс этган. Менимча, бу маскан мазмун ва ёндашув жиҳатидан деярли 100 фоиз мукаммал даражага етган.
Абдулла Авдат, Иордания делегацияси аъзоси, муҳандис:
Мен учун энг таъсирли жиҳат — Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан алломаларнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси бўлди. Айниқса, “алгоритм” тушунчасининг айнан Хоразмий номи билан боғлиқ экани касбий фаолиятим нуқтаи назаридан жуда муҳим. Кўргазма тарихни жуда равшан, тушунарли ва замонавий услубда очиб беради. Исломдан аввалги даврдан тортиб, бугунги кунгача бўлган тараққиёт узлуксиз мантиқий занжир сифатида тақдим этилган. Бу ташриф мен учун унутилмас тажриба бўлди.
Иордания давлати ва Ўзбекистон давлати ўртасида кўплаб ўхшаш шароитлар мавжуд. Биз ривожланаётган давлатлармиз ва фуқароларимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, давлат хизматларини тиббиёт, таълим, технология ва бошқа соҳаларда ривожлантиришга интиламиз. Менинг фикримча, ҳар икки давлат ҳам бир-бирининг тажрибасидан фойдаланиб, фуқароларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада оширади.
Иордания делегациясининг ташрифи яна бир бор шундан далолат бердики, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фақат музей эмас. У — ўтмиш ва бугунни боғловчи, халқлар ўртасида маънавий мулоқот ўрнатувчи ва келажакка йўл кўрсатувчи ноёб маданий макондир. Бу ерда тарих ўқилмайди — у ҳис қилинади, англанади ва илҳом манбаига айланади.





